Рўзиқул Бердиев: "Бугунги ғалаба биз учун жуда ҳам қимматли"

“Насаф” клуби Жиззахда “Сўғдиёна”га оғир ўтган ўйинда 1:2 ҳисобида муҳим ғалабани қўлга киритди. Учрашувдан сўнг, “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Бугунги уч очко биз учун жуда ҳам қимматли. Чунки кучли рақиб майдонида, сафарда уч очкони қўлга киритдик. Бу жуда ажойиб. Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, биз биринчи бўлимда ўйинни тўлиқ назоратимиз остига олдик. Ҳисобда ҳам олдинда бордик, тўпда ҳам, ўйинда ҳам. Лекин иккинчи бўлимда майдон эгалари бизга қараганда анча яхши ўйин намойиш этди. Улар асосан қанотлардан ҳужум ташкил этиб, стандартларга таянишди. Биз эса бу ҳолатга етарли даражада тайёр бўлмаганлигимиз туфайли стандарт вазиятдан гол ўтказдик. Умуман олганда, бугун йигитлар кўрсатмаларни яхши бажаришди. Биз “Сўғдиёна”дек курашувчан жамоага қарши яхши курашдик. Бу эса бугунги ғалабамизнинг асосий омили бўлди”, - дея Рўзиқул Бердиев ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Сиз асосан битта ҳужумчи билан ҳаракат қилар эдингиз. Бугун эса майдонда иккита ҳужумчи ўйнади. Бу тактик ўзгаришми? Ёки тезкорликни хоҳлаган эдингизми?

- Бугун схемамизга озроқ ўзгариш киритдик. Соф учта ҳимоячи билан ҳаракат қилдик. Бугун 3-4-3 схемасида ўйнадик. Бу қайсидир маънода “Сўғдиёна” жамоасига ноқулайлик туғдирди. Бугун иккита ҳужумчи билан ўйнаганимизнинг сабаби улар иккаласи ҳам бош билан яхши ўйнайди. Улар бизга ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам керак эди.

- Кейинги ойдан U-23 Осиё чемпионати бошланади. Тимур Копадзе жамоани 18 майдан бошлаб йиғади. Шерзод Насруллаевнинг жароҳати бор. Алибек Давронов катта эҳтимол билан U-23 терма жамоасига кетиб қолса, қанотда юзага келадиган бўшлиқ сизга қийинчилик туғдирмайдими?

- Бизда ҳозир Ғолиб Ғайбуллаев сафга қайтяпти. Балки кейинги ўйинларимизни учта ҳимоячи билан ўйнашга мажбур бўламиз. Бугун Саитов билан Муҳитдинов қанотларда ҳаракат қилишди. Шу сабабли имкониятимизга қараб тактика танлаймиз ва вазиятдан чиқишга ҳаракат қиламиз.

- Ҳозирги кунда мутахассилар ва мураббийлар ўртасида Лига Кубоги ҳақида қизғин муҳокамалар давом этмоқда. Турнирда қўшни Республикалардан ҳам жамоалар иштирок этиши ҳақида гапирилмоқда. Бу ҳақида сизнинг фикрингиз қандай?

- Бу ҳақида биринчи марта сиздан эшитяпман. Бу мусобақанинг қандай форматда ўтиши, қайси жамоалар иштирок этиши ҳақида аниқ маълумот йўқ. Лекин бу жамоалар учун яхши. Чунки футболчилар учун ҳам кўпроқ ўйин амалиёти бўлади. Аммо бизнинг жамоага қийинчилик туғдиради. Ўзларингизга маълум, “Насаф” учта турнирда иштирок этмоқда. Бундан ташқари, футболчиларимиз терма жамоа ўйинларида ҳам қатнашишяпти. Шу сабабли бу бизга қийинчилик туғдириши мумкин. Лекин ўйинлар кўп бўлгани футболчилар ва жамоалар учун яхши.

- “Насаф” жорий мавсумда қандайдир соврин ёки ўрин учун ўз олдига мақсад қўйдими?

- Биз ҳар доим совринли ўринлар учун курашишни мақсад қилганмиз. Иккинчи даврада жамоамизни янада кучайтиришни режалаштирганмиз.

“Насаф” футбол клуби матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Nasaf Qarshi
13/05/2022 23:00
Узбекистонда химояни ериб кирадиган хужумчи йук еки химоячилар кучайиб кетган
&
Nasaf Qarshi
13/05/2022 22:59
Битта яхши хужумчи керак Насафга, Бердиев Сиздан илтимос шу яхши хужумчини олиб келинг, 2 чи давра ва ОЧЛда бир мазза килайлик!
Baratov Elyor
13/05/2022 05:45
Ikkinchi davrada markazdan yorib kirib bangillatib tashlaydigan hujumchi olish kerak!
Ana o'shanda Ok bo'ladi!