Рўзиқул Бердиев ҳакамлик, финалда ким фаворитлиги ва Бозоровнинг жароҳати ҳақида гапирди

Ўзбекистон Кубоги ярим финал босқичидан ўрин олган "Насаф" - АГМК (2:1) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этиб, қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

"Фурсатдан фойдаланиб, барчани финал билан табрикламоқчиман. Боиси, мухлисларимизнинг стадиондаги ёрдами жуда катта бўлди. Ўйлайманки, бугунги ғалабамиз билан уларга ҳақиқий қувонч улашдик. Бундан хурсандмиз. Финалда ҳам ишқибозларни шод этиш учун боримизни беришни мақсад қилганмиз. 

Бевосита ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, беллашувни яхши бошладик, кўплаб ҳужумлар яратдик. Аммо рақиб гол урган вазиятда бироз эътиборсизликка ҳам йўл қўйдик. Шунинг учун АГМКнинг ҳақиқатан ҳам анча кучли жамоа эканлиниги эътироф этиш лозим. Иккинчи таймдаги ўзгаришлар орқали ўйинимизни яхшилай олдик ва якунда ғалабани ўзимизники қилдик". 

- "Насаф" 7 та финалдан 2 тасида бош совринни қўлга киритган. Бухородаги ўйиндан ҳам умидимиз катта...

"Албатта, футболчилар, мураббийлар, мухлислар - барчамизнинг мақсадимиз шу - кубокни қўлга киритиш. Боя таъкидлаганимдек, бунинг учун боримизни берамиз".

- Сиз учун рақиб "Навбаҳор" бўлгани маъқулми, ёки "Сўғдиёна"?

"Уларнинг ҳар иккиси кучли жамоа. Ўйлайманки, муносиб клуб финалга йўл олади". 

- Бугунги учрашув ҳакамларига эътирозингиз борми?

"Йўқ, менимча ҳеч қандай хатолик бўлмади. Чунки вазиятларни кўриб чиқиб, тўғри қарорлар қабул қилишди деб ўйлайман. Ўтган ўйиндаги каби вазиятлар бугун осонликча ҳал қилинди".

- Сўнгги пайтларда "Насаф" ҳимоячилари гол уришда кўп фаоллик кўрсатяпти, ҳужумчилар-чи?

"6 та ҳимоячини майдонга ташланганингиздан кейин бирортаси гол уриши керак-да! Сўнгги вақтларда асосан натижа учун ўйнаяпмиз. Замонавий футболда бўйи баланд ҳимоячилар анча асқатади. Шу сабабли бунга ҳам алоҳида эътибор қаратамиз".

- Баҳром Абдураҳимов қачон майдонга қайтади? Ойбек Бозоров-чи?

"У машғулотларга қайтган. Ўйлайманки, яқин кунларда Баҳром бизга яна ёрдам бера олади. Ойбек масаласи бироз жиддий, мушаклари жароҳат олган. Лекин суяги ҳеч қандай лат емаган экан. Кечаги машғулотда у АГМКга қарши баҳсда ўйнай олмаслигини маълум қилди. Ўйлашимча, Бозоров кейинги беллашувгача қайтади".

- Шерзод Насруллаев ва Дилшод Саитов 55 дақиқа ҳаракат қилди. Демак, уларнинг ўйинидан қониқмабсизда...

"Биласиз, бу схемада ҳаракат қилган пайтимизда қанотни айнан улар ёпишига тўғри келади. Шерзод ва Дилшод сўнгги беллашувларда қанот ярим ҳимоячиси позициясида ўйнамоқда. Шунинг учун ҳам уларнинг чарчагани кўриниб қолди. Ҳатто Саитовнинг ўзи бу ҳақда айтди. Менимча, Шароф ҳамда Зафармурод ўйинга яхши қўшилиб кета олди".

- Кубок ўйинларида Умиджон Эргашевга имконият беряпсиз. Бунинг сабаби нимада?

"Иккита дарвозабонимиз МТЖ ва ОТЖ аъзоси ҳисобланади. Шунинг учун уларнинг ҳар иккисига имконият беришим керак. Бундан ташқари, "Сўғдиёна"га қарши беллашувда Абдувоҳид кичик хатога йўл қўйди. Шу сабабли ҳам Эргашевни майдонга туширишга қарор қилдик".

- Статистикага қарайдиган бўлсак, "Насаф" меҳмондаги ўйинларда яхшироқ ҳаракат қилади. Финал Бухорода бўлишини инобатга олсак, "аждарлар"ни фаворит дея оламизми?

"Қаршидаги учрашувларда аксарият жамоалар ҳимоявий футбол намойиш этади. Бу бизга қийинчилик туғдириши аниқ. Шунинг учун баъзида шошиламиз, баъзида асабийлашамиз. Бу табиий ҳолат. Сафардаги беллашувларда эса рақиблар кўпроқ ҳужум уюштиришга ҳаракат қилади ва очиқ зоналардан фойдаланишга ҳаракат қиламиз".

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Akram Haedarov
14/10/2022 00:00
Rahmat Ro'zi aka