Рўзиқул Бердиев Марко Станоевични ҳужумда синаб кўрмоқчими?
Ўзбекистон Кубоги доирасидаги “Насаф” – “Бунёдкор” (1:1) жамоалари иштирокидаги учрашув якунига етганидан кейин майдон эгалари бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритиш осон бўлмади. Гуруҳимиздаги барча жамоалар тенг кучга эга эди. Бугунги учрашув оғир кечди, бунга бир нечта сабаблар бор. Буни ўзимиз биламиз ва хулосалар чиқарамиз. Балки тезкор голимиз ўйиндаги шиддатимизга таъсир қилгандир. Қарши ҳужумларда яхшироқ ҳаракат қилишимиз керак эди. “Бунёдкор” кўпроқ таваккал қилиб, ҳужумга берилди. Натижада биз қарши ҳужумларимизни бошлай олмадик ҳам, охирига ҳам етказа олмадик. Нимагадир бугун етакчиларимиз биз кутган ўйинни кўрсата олмадилар. Бу умумий ўйинимизга таъсир қилди.
- Марко Станоевични ҳужумда синаб кўриш фикри туғилганми?
- Ўйлашимча, Станоевични ҳужумдаги хусусиятлари бўлмаса керак. Буни синаб ҳам кўрмасак керак. У ярим ҳимояда яхшироқ ҳаракат қилади.
- Ойбек Бозоров қачон майдонга қайтади?
- Юкламаларни оляпти. Индивидуал машғулотлар билан тикланяпти. Яна бир ҳафта ичида қайтади.
- Иккинчи бўлимнинг 60-дақиқасидан кейин “Насаф”да ўйланган ҳужумлар, узоқдан зарбалар камайиб кетди...
- Ўзим ҳам тан оляпман, кутилган ўйинни кўрсата олмадик. Бундан хулоса чиқарамиз.
- “Бунёдкор” билан чемпионатдаги ўйинда нима кутяпсиз?
- “Бунёдкор”нинг қанчалик кучга эгалигини бугун ҳам кўрдик. Бу ўйинга жиддий қараймиз.
- Балки чемпионат учун футболчилар кўп куч сарфламагандир?!
- Балки йигитлар Кубокдаги дуранг натижа бизни қониқтириш учун шунга қараб ҳам ўйнашгандир. Буни чуқурроқ ўрганамиз.
- Дилшод Саитовнинг ўйини борасида нима дейсиз?
- Ҳозир ўзига ҳам айтдим, Дилшод ўз даражасига қайтиши керак. Буни биргина унга эмас, кўп ўйинчиларимизга таъкидладим. Бу борада уларга ёрдам берамиз.
Фикрлар