Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида "ёрилди"!
“Бунёдкор” – “Насаф” (2:0) ўртасидаги ўйин якунланганидан сўнг, қаршиликлар устози Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида мағлубиятнинг сабабларини изоҳлади.
- Ўйинни хато билан бошладик. Кутилмаганда гол ўтказиб юбордик ва бу вазифамизни бироз оғирлаштирди. Голдан кейин ҳам бир нечта вазиятларни ярата олдик. Жуда ҳам қулай имкониятларга эга чиқдик. Қаердадир омад ёки тажриба етишмади. Албатта, биринчи ўринда натижа туради. “Бунёдкор” бугун ғалаба қозонди. Балки биз улардан яхшироқ кўрингандирмизу, аммо ғалаба ва омад “Бунёдкор” томонида бўлибди. Ҳаёт давом этади, кейинги ўйинларга тайёргарлик кўришимиз керак. Футболда вазиятлардан фойдаланмаслик қийин оқибатларга олиб келади. Биз бор имкониятдан фойдаланяпмиз. Ёш футболчиларимизда қаердадир совуққонлик ва тажриба етишмаётгани ўйинларда панд беряпти. Бу баҳона эмас, лекин вазиятни тўғрилашимиз керак.
- Жамоангиз энди ОФК Кубогида иштирок этади. Бугун эса футболчларингиз илк дақиқалардан ўша мусобақани ўйлагандек туюлишди. Бу ҳарактларида ҳам сезилди.
- Йўқ, бунга ҳали анча вақт бор. Ҳа, биз тушуниб турибмиз, олдимизда маъсулиятли учрашувлар турибди. Бугунги ўйинга ҳам жиддий ёндашгандик. “Бунёдкор” ҳам юқори ўринлар учун курашади. Қайсидир маънода бир-биримизга рақобатчи эдик. Шунинг учун бугун очко олишимиз жуда муҳим эди. Афсуски, биз кутгандек бўлмади.
- Ўйин давомида ҳакамларга кўп эътироз билдирдингиз. Уларга айнан қандай эътирозларингиз бор? Шунингдек, VAR ҳақида нима дея оласиз?
- Биласизларми, ўйинни бир маромда олиб бориш ҳакамларга жуда ҳам боғлиқ. Чунки хуштак унинг қўлида. Қарорларни у чиқаради. VARда ҳам ким ўтирибди, бизга қоронғу. Албатта, қайсидир вазиятларга норозичилигимиз бўлди. Аммо ўйинни қанчалик тўғри олиб бориш уларнинг қўлида. Қайсидир вазиятларда биз ҳам, халқ ҳам кўриб турибди. Билмадим, атайлабми ёки билмасданми хатолар қиляпти. Бу хатолар эса бизнинг фойдамизга эмас. Шунинг учун ўз эътирозимни билдирдим. Ҳакамларни муҳокама қилмаймизку, аммо хуштак уларнинг қўлида. Агар кимгадир ёмон нияти бўлса, кичкина фоллар билан ҳам қайсидир жамоага ёрдам бериши мумкин. Баъзида ҳакамларнинг қарорларини тушунмаймиз. Ўзинглар ҳам кўрдинглар, бир нечта баҳсли вазиятлар бўлди. Биз пенальти тепишимиз керак эди. Бир марта ҳам VARга келиб вазиятни кўрмади. Биз қандай норози бўлмаймиз?! Айтяпман-ку, ичкарида ким ўтирибди билмаймиз, қарорларни ўзи билганча чиқаришяпти. Атай қилишяптими ёки маҳоратсизликданми, билмадим. Футболдаги кўп нарса ҳакамнинг хуштагига ёки VARга боғлиқ. Айтяпман-ку, 3-4 та баҳсли вазият бўлди. Ҳакам тўхтатиб VARни кўрмади. Ичкаридагилар ҳам ўйнайвер деган бўлса, ҳеч нима бўлмагандек кетяпти. Иккаласи нимани гаплашишганини биз билмаймиз. Халқнинг норозичилиги бекорга эмас. Сизлар ҳам, биз ҳам кўриб турибмиз. VAR кўп нарсага ойдинлик киритиши керак. Иккиланадиган пайтларда VARдагилар ҳакамни чақириб, ўзинг кўр дейиши керак, менимча. Чунки асосий қарорни бош ҳакам чиқариши керак, VAR эмас. Ахир ҳакам бир марта ҳам VARга бориб кўрмади-ку!
- “Бунёдкор” билан кетма-кет иккита ўйин ва иккаласи ҳам турлича кечди. Биринчи учрашувга нисбатан бироз енгилроқ қаралмадимикин...
- Йўқ, ҳар доим “Бунёдкор”ни ҳурмат қилганмиз. Бу клуб ўтган даврларга нисбатан ҳозир бошқачароқ, оддийроқ ўйнаяпти. Балки бу бугунги ўйинда натижа бергандир. Олдин кўпроқ позицион ҳаракатлар билан ўйнашган бўлса, ҳозир фақат олдинга тепиш билан овора. Лекин бу уларнинг қараши ва натижа беряпти. Буни муҳокама қилмоқчи эмасман. Балки кубокдаги учрашувга бироз пастроқ ёндашгандирмиз. Чунки биз ҳам, “Бунёдкор” ҳам гуруҳдан чиқиб бўлгандик. Бугунги учрашув муҳим эди ва жиддийроқ қарагандик. Албатта, ғалаба билан “Бунёдкор”ни табриклаш керак, лекин қанчалик яхши ўйнамасанг ҳам натижа муҳим, дейишади.
- Ҳужумда муаммолар бор. Ёзда Украинада ишлари юришмаётган Бобур Абдуҳолиқовни ижарага бўлса ҳам олиб келиш режаси борми?
- Бизда муаммолар кўриниб қоляпти. Шуни била туриб, бошида жамоа ўзагини сақлаб қолишни талаб қилгандим. Яхши ҳужумчини йўқотдик, ўрнига ҳеч кимни ололмадик. Бунга имкониятимиз ҳам бўлмади. Ҳозир ҳам имкониятимиз йўқ. Агар шу даражада кетадиган бўлса, бизда тажрибали ўйинчини таклиф қилишимиз учун эртага ҳам имконият бўлмайди. Агарда ОФК Кубогида яхшироқ қатнашсак, қандайдир маблағ ишлаб олишимиз мумкин. Шунинг эвазига нимадир қилса бўлар, яна билмадим. Бу ҳақида раҳбариятга савол берса бўлади. Кўряпмиз, олдинги чизиқда катта муаммоимиз бор. Норчаев ёмон эмас, тажрибаси ҳали камроқ. Иккита қулай вазиятдан фойдалана олмади. Ҳужумда рақобат камлиги учун 16 ёшли бола ҳам ўйнаяпти, шунга мажбур бўляпмиз. Шу боис ҳозирги ҳолатимизни тўғри қабул қилиш керак. Бизда юқори ўринлар учун курашишга ўрганиб қолганмиз, яхши футболчиларимиз кўп бўлган. Лекин шунга қарамасдан йигитларни имкон қадар яхши натижалар учун тайёрлаймиз.
- Тожикистондаги ўйинлар сунъий майдонда ўтказилади. Бу жамоага қанчалик қийинчилик туғдиради?
- Кечаги кундан режамиз анча ўзгарди. Футболчиларга бир кун дам берамиз. 7 майдан Тошкентда йиғилиб, Чиғатойдаги сунъий майдонда шуғулланамиз. 10 майда Тожикистонга бориб, у ерда ҳам кўпроқ сунъий майдонларда машғулотлар ўтказамиз. Шу боис, “Машъал” билан ўйин қолдирилди.
- Ўйин учун раҳмат. Аммо биринчи тентак голни ўтказгандан кейин йигитларда важоҳат пайдо бўлиши керак эди. Лекин буни жамоада кўрмадим. Чемпионатимиздаги энг яхши прессинг “Насаф”да. Футболчилар атайин интизомни сақлаб ўйнашга ҳаракат қиляптими? Фақатгина ўйин тугашига 20 дақиқада қолганида азарт пайдо бўлиши керакми?
- Тўғри айтдингиз, буни ўзларига ҳам кўп таъкидлайман. Спортчиларда характер, жаҳл бўлиши керак. Баъзи футболчиларимизга шу нарса етишмайди.
Фикрлар