Рўзиқул Бердиев: "Пахтакор"? Бу миш-миш. Лекин "Насаф" ҳали янги шартнома таклиф қилгани йўқ

“Насаф” ва Рўзиқул Бердиев доим эътиборда. Шу боис уларга тааллуқли ҳар қандай хабар тезлик билан тарқалади. Тўғриси, охирги пайтлардаги гап-сўзлар туфайли Рўзиқул Саъдуллевичнинг муносабатини билиш биз учун муҳим эди.

Ўзбекистоннинг тўрт марта энг яхши мураббийининг кейинги тақдири, клубдаги ҳозирги ҳолат бўйича ҳам мухлислар ташвишда. Sports.uz мухбири эса Бердиев билан гаплашиб, юқоридаги ҳолатларга ойдинлик киритди. Мутахассис аввало яна бир бор энг яхши мураббий номига лойиқ кўрилгани хусусида гапирди.

- Ишлаганда барибир шахсий масалани биринчи ўринга қўймайсиз. Клубнинг мақсади ҳамиша олий туради. Бу соврин жамоамиз футболчиларининг меҳнатини баҳолайди. Биласиз, футболда жамоавий ўйин жуда муҳим. Мухлислар меҳрини қозонганимиз, жамоавий ўйин эвазига яхши натижа кўрсатганимиз туфайли якунда шундай эътирофга сазовор бўлдик деб ўйлайман. Айтмоқчимани, бу жамоамиз ва барчамиз учун берилган мукофот, деди - Рўзиқул Саъдуллаевич.

- Ўзингиз энг яхши мураббий соврини кимга берилишини кутгандингиз?

- Ўзимизни мураббийлар ҳам бундай эътирофга эришишини жуда хоҳлагандим. Мавсум давомида кўп мураббийлар яхши ишлашди. Лекин аниқ кимнидир кутмагандим. Фақат совринга маҳаллий мураббийларимиздан бири сазовор бўлишини истагандим.

- Охирги пайтларда сиз ҳақингизда “Пахтакор” билан боғлиқ турли хабарлар чиқяпти. Ростдан чемпион жамоадан таклиф олдингизми?

- Йўқ, бу миш-миш. Менга “Пахтакор”дан ҳеч қанақа таклиф бўлмади. Бу фақат шунчаки гап-сўз бўляпти. Бор эътиборимизни ўзимизни жамоамизга қаратганмиз. Яна қайтараман, бу миш-мишдан бошқа нарса эмас.

бердиев11111

- “Насаф”даги ҳозирги вазият қандай? Медаллар топширилмагани, қарздорлик узилмагани, футболчиларнинг кетиб қолаётгани...Бунга ойдинлик киритсангиз.

- Тўғриси, режамизни ҳали клуб раҳбарларимиз билан муҳокама қилганимиз йўқ. Аслида-ку, режамиз бўйича таркибимизни сақлаб қолиш эди. Ислом Кенжабоевнинг кетгани аниқ бўлди. Куни кеча ўзи билан гаплашганимда ҳам Корея варианти тасдиқланганини айтди. Ҳар бир ўйинчимизнинг қарорини ҳурмат қиламиз, Кенжабоевга Кореядаги фаолиятида омад тилайман. Бошқа футболчилар борасида жамоамиздан кетгани хусусида аниқ фикрни айта олмайман. Чунки улар клубни ўзгартиргани, бошқа жамоага ўтгани ҳақида айтишгани йўқ. 5 январдан кейин қачон ва қанақа таркиб билан йиғилишимиз аниқ бўлади. Ҳозирча эса мавҳум бўлиб турибди. Ўзимизни режамиз бўйича 5 январда тўпланмоқчимиз. Барибир барчасини раҳбарлар билан учрашгач, аниқлаштириб оламиз.

- Жамоани муносиб тақдирланмагани кайфиятингларга таъсир қиляптими?

- Янги йил арафасида ҳаммада кайфият яхши. Аслида ҳам янги йилдан кейин медаллар топширилиши режалаштирилганди. Раҳбар келганидан кейин маслаҳатлашамиз.

- Қарздорлик-чи?

- Бу ҳам узиляпти. Қарздорлик кам қолди десак ҳам бўлади. Ўзгаришлар яхши томонга бўляпти.

- Марко Станоевич қоладиган бўлдими?

- Маркони янги йил байрами учун уйига жўнатганмиз. Келганидан кейин гаплашамиз. Лекин келаман деб кетган.

бердиев3333

- Бобир Абдуҳолиқов кетганини айтди. У легионер сифатида тўп суришга тайёр деб ўйлайсизми?

- Билмадим. Ўзи билан гаплашганимизда ҳали ҳеч ким таклиф билан чиқмаганини айтганди. Шунинг учун ҳар хил миш-мишларга ишонмай қўйдик. Чунки баъзи-бир хабарлар тасдиқланмай чиқиб кетяпти.

- “Насаф”да қолиш имкониятингизни неча фоизга баҳолайсиз?

- Шартномам тугаган. Шартнома таклиф қилишса ишлайверамиз.

- Демак, сизга ҳали янги шартнома таклиф қилишмадими?

- Йўқ.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!