Рўзиқул Бердиев: "Пахтакор" учрашувларни асосан битта таркиб билан ўтказмоқда
Ўзбекистон Суперкубоги учун "Пахтакор" ва "Насаф" жамоалари куч синашди. Қизиқарли кечган беллашув Қарши клубининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якун топди.
Дастлаб, Драган Черан рақибдан тўпни олиб қўйди ва Банашакка тўпни узатди. Пшемислав эса деярли бўш қолган дарвозани ишғол этди. 42-дақиқада Ойбек Бозоров ажойиб ҳаракатларидан сўнг Қувватов дарвозаси томон зарба берди ва мувозанатни тиклади. 66-дақиқа ўтиб бораётган бир вақтда Нуриллоевнинг узатмасидан сўнг Станоевич жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Шу тариқа, "Насаф" Ўзбекистон Суперкубоги ғолибига айланди.
Ўйиндан сўнг ҳар иккала жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Қуйида "Насаф" устози Рўзиқул Бердиевнинг фикрлари билан танишиб чиқишингиз мумкин:
- Соврин ютиш доим ёқимли. Бугунги ғалаба билан барчани табриклайман. Ўйинга тўхталадиган бўлсак, учрашувни хато билан бошладик. Устига устак, хато ортидан гол ҳам ўтказиб юбордик. Фақатгина жавоб тўпидан сўнг ўз ўйинимизни кўрсата олдик.
- Мазкур беллашувда кўпроқ ҳимоявий ҳаракат қилиб, қарши ҳужумда ўз омадимизни синаб кўришимиз режа қилинган эди. Асосийси, кучли рақиб устидан ғалаба қозониб, соврин қўлга киритдик.
- "Пахтакор" учрашувларни асосан битта таркиб билан ўтказмоқда. Биз уларда чарчоқ аломатлари борлигини билардик. Кузатганингиздек, рақиб 25-дақиқадан сўнг нисбатан суст ўйнашни бошлади. Захира ўриндиғимизнинг каттароқлиги баҳс натижасига таъсир кўрсатиб, ғалабамиз калити бўлиб хизмат қилди. Шунинг учун ҳам таркибни кенгайтириш йўлларини излаяпмиз. Улар бизга кейинги учрашувларда асқатади.
- Лима баъзи вазиятлардан фойдалана олмаётган бўлиши мумкин, аммо у Чавез ва Амоновга қараганда рақибга кўпроқ босим ўтказади. Шу сабабли у ўйинларни асосий таркибда бошламоқда. Албатта, ҳужумчидан доим гол кутилади. Бироқ жамоага бошқа йўл билан ҳам ёрдам бериш мумкин.
- Бир ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчиман, чемпионатимизда ўртамиёна жамоалар қолмади. Ҳеч ким осонликча таслим бўлмаяпти. Баъзи клублар кўпроқ натижа учун ҳаракат қилмоқда. Тан олиш керак, бизга барқарорлик етишмаяпти.
- Бугунги рақиб - "Пахтакор" ҳужумкор футбол намойиш этади. Баъзида қайсидир жамоа ўйинни ҳимоядан қурса, бу бизга қийинчилик туғдиради. Ўз навбатида, ҳужумчиларимизда ҳам муаммо йўқ эмас. Бунинг устида ишлаяпмиз.
Фикрлар
паптиш уйин курсатди Сайфиев купол хатолар курсатди Тезлиги йук.