Рўзиқул Бердиев: "Қийналмаслигимиз учун вазиятларни тезроқ голга айлантиришимиз керак"
“Насаф” клуби ўз уйида “Динамо”ни қабул қилди ва 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, навбатдаги уч очкони қўлга киритди. Беллашувдан сўнг, “Насаф” устози Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этди.
"Бугунги ўйин оғир бўлишини биз кутгандик. Чунки бундай ўйинларга жамоани тайёрлаш осон иш эмас. Рақиб охирги ўринда. Биз эса Ўзбекистон Кубогини қўлга киритгандик. Барибир ўйин давомида кўп вазиятларни ярата олдик. Рақиб кўпроқ ҳимояга эътибор қаратганди. Асосийси, уч очкони қўлга киритдик. Вазифамиз ҳам ғалаба қозониб, уч очкони қўлга киритиш эди. Оғир учрашувда ютдик, йигитларни табриклайман. Муаммоларимизнинг асоси пенальти масаласи бўлиб қоляпти. Бу сафар ҳам футболчиларни ўзига ишондим. Бугун Норчаев ва Соловьёв ўша вазиятда майдонда бўлмаганлиги учун Лима ўзига ишониб олди, худди Маркога ўхшаб. Аммо у ҳам гол уролмади.
Албатта, барча рақиблар билан қийин ўйинларни ўтказяпмиз. Рақиблар ҳам бизга қарши жиддий тайёргарлик кўришяпти. Қийналмаслигимиз учун вазиятларни тезроқ голга айлантиришимиз керак. Бу эса вазифамизни осонлаштиради. Бугун ҳам жуда кўп имкониятларга эга бўлдик. Охирги зарбани берадиган, масъулиятни ўзига оладиган ўйинчи топилмаяпти.
Норчаев кеча машғулотда қатнашди. Фақат озгина жароҳати борлиги учун бугун таваккал қилиб ўтирмадик. Кейинги учрашувга тайёрланади. Дилшод Саитов Кубок финалида енгил жароҳат олди. Бундан ташқари, яна баъзи-бир ўйинчиларимизга дам беришга қарор қилдик. Чунки тўлиқ, барча беллашувларда 90 дақиқа ўйнайдиган футболчиларда чарчоқ аломатлари сезилади. Шу боис таркибда ротация қилдик.
Марко Станоевичнинг ҳолатини ҳозир билмадим, шифокорлар кўриб чиқишади.
Ўйинлар жуда яқин. Кейинги турда “Нефтчи”га қарши ўйнаймиз. Бу жамоа ҳам осонликча таслим бўлмайди. Шу сабабли айрим футболчиларга дам бердик. Ундан кейин “Олимпик” билан ўйнаймиз. Уларнинг 22 нафар футболчиси тез югуради, чаққон югуришади. Биз барчасига тайёр бўлишимиз керак", - дейди Рўзиқул Саъдуллаевич.
Фикрлар