Рўзиқул Бердиев: "Рақибга қараганда ҳар жабҳада кучлироқ эдик"

Суперлиганинг 22-турида “Насаф” ўз майдонида “Металлург”ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Беллашувдан кейин мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

- Ўйинда ғалаба қозонишга ишонганмидингиз?

- Бугун ғалабага ишонгандик. Чунки рақибга нисбатан ҳар жабҳада кучлироқ эдик. Пенальтигача кўп вазиятлар яратдик. Қаердадир биздан омад юз ўгирди, яна қаердадир рақиб ҳимоячилари ва дарвозабони яхши ҳаракат қилди. Футболда омад кучлиларга кулиб боқади, деган гап бор. Бугун кучли эканмиз, ғалаба қозондик.

- Кўплаб имкониятлардан фойдалана олмасликнинг сабаби нима? Ёки футболчиларнинг терма жамоага бориб келгани таъсир кўрсатдими?

- Бу нарсани кутгандик ва қўрққандик. Йигитларимизда кўп танффус бўлди. Легионерларимиз эса уйига бориб келишди. Терма жамоа ўйинчилари йиғинда бўлишди. Шунинг учун машғулотлар жараёнида тўлиқ таркибда бўлмагандик. Албатта, бу ҳам таъсир қиларди. Бугун кўп вазиятлар яратдик. Биринчи бўлимда унумли фойдаланганимизда натижа янада бошқача бўларди. Айтишим керакки, ҳозир бу ҳақда футболчилар билан ҳам гаплашдик. Яъни, захирадан майдонга тушган ўйинчилар ўйинни қўлдан бой бериб қўйишди. Буни амалда сизлар ҳам кўрдинглар. Шунинг учун ўйин охирларида “Металлург” жамоасида ҳам имконият бўлди.

- Калудеровични жамоага киришиб кетиши учун яна қанча вақт керак, деб ўйлайсиз?

- Бу – футбол, бу жамоавий ўйин. Келинглар, ҳар бир ўйинчига урғу бериб ўтмайлик. Кимдир ўзини кўрсатса, кимдир кўрсата олмаслиги мумкин. Бу футболда бўладиган нарса. Лекин бир нарсани айтишим мумкинки, сермаҳсулликда ва имкониятларни яратишда Норчаев унга нисбатан анча фаол ҳаракат қиляпти. Шу боисдан кўпроқ Норчаевга имконият беряпмиз. Бугун Хусайнда кўп вазиятлар бўлди. Гол ура олмаса ҳам умумий ҳисобда жамоага кўп ёрдами тегди.

- ОФК Кубогидаги рақибни қай даражада ўрганяпсизлар?

- Рақиб жамоада легионер футболчилар бор. Терма жамоа ўйинчилари ҳам бор. Ўзим икки-учта ўйинини кўриб чиқдим. Эртадан йигитларга рақибнинг ўйини бўйича маълумотлар берамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!