Рўзиқул Бердиев: "Тўлиқ таркиб билан шуғулланганимизга уч кун бўлди, бу таъсир қилишини билардим"
“Нефтчи” – “Насаф” (1:1) учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида меҳмонлар устози Рўзиқул Бердиев иштирок этди.
- Натижадан қониқмадик. Ўйин биз учун бошқача натижа билан ҳам якунланиши мумкин эди. Баъзи вазиятларда дарвозабонимиз яхши ҳаракат қилди. Жамоамиздаги кўплаб футболчилар машғулотларда тўлиқ қатнашишмаган. Терма жамоадан қайтган йигитларга дам беришга ҳаракат қилдик. Умуман олганда, бугунги режамизга таъсир кўрсатган омиллар бўлди. Албатта, бу бир очко ҳам бизга керак бўлиб қолади. Аммо бугун икки очко йўқотдик. Олдимизга юқори мақсадларни қўяётган бўлсак, ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишимиз керак.
- “Насаф” икки хил тайм ўтказди. Биринчисида тўп назоратини сақлаб турди. Иккинчисида тўп назоратини “Нефтчи”га бериб қўйди. Бу нима билан боғлиқ?
- Учрашувда тўп назоратини ўзимизда сақлашни ўйлагандик. Аммо олдинги чизиғимизда кескин ҳаракатлар бўлмади. Биринчи бўлимда жиддий вазиятлар ярата олмадик. Йигитларга тўпни назорат қилишни уқтиргандик. Шунга яраша рақиб дарвозасига юриш қилиш керак. Аммо бу амалда кўринмади. Иккинчи бўлимда ҳужумни, ғалабани ўйлаб кўпроқ олдинга интилдик. Бугунги учрашувда стандарт вазиятлардан фойдаланиш жуда ҳам муҳим эди. Кўрдинглар, биз кўплаб стандарт вазиятлардан фойдалан олмадик. Тўлиқ таркиб билан шуғулланганимизга уч кун бўлди. Мен бу нарса таъсир қилишини билардим. Бу баҳона эмас, бугун очко йўқотдик.
- “Насаф” кейинги турда АГМК билан ўйнади. АГМК бу турда “Олимпик” жамоасига ютқазиб қўйди. “Насаф”га янада қийин бўладими?
- Ҳисобни билмасдим. Иккинчи бўлим ўрталарида кимдир “Олимпик” олдинда эканлигини айтгандек бўлганди. “Олимпик”ни кайфияти жуда яхши. Менимча, АГМК жамоасига ҳам танаффус таъсир қилгандир. Лекин тажрибали жамоа. Қанчалик оғир бўлмасин бўлажак учрашувда ижобий натижа учун ҳаракат қиламиз.
- Селекция ишлари олиб бориляптими?
- Албатта, бу ҳақида олдин ҳам гапирдим, жараён давом этяпти. Кўп эмас, лекин ўзгаришлар бўлади.
Фикрлар