Рўзиқул Бердиев: Йигитлар бугун "Пахтакор"нинг кучли томонларини ҳам жисмонан, ҳам ақлан зарарсизлантирди

Ўзбекистон Суперлигаси 20-туридан ўрин олган "Пахтакор" - "Насаф" учрашуви ниҳоясига етди. Унда меҳмонлар кичик 0:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Беллашувдан сўнг ҳар иккала жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Қуйида "аждарлар" устози Рўзиқул Бердиевнинг фикрлари билан танишиб чиқинг: 

"Ассалому алайкум, барчага. Мухлисларимизни бугунги ғалаба билан табрикламоқчиман. Ҳаммаси ажойиб ўтди. 

Ўйинга келадиган бўлсак, 90 дақиқа ва балки ундан ҳам кўпроқ эътиборни йўқотмасдан ўйнадик. Ҳимояда ҳам яхши ўйнадик. Рақибга ҳужумлар ташкил этишда имкон қолдирмадик. Қарши ҳужумда ҳам намунали ўйнадик. Умуман олганда, руҳий ва тактик томонлама ҳам "Пахтакор"дан устун бўлдик.

- Алиқулов ва Мозговой тўқнашиб кетганида қанчалик хавотирландингиз?

- Албатта. Иккаласи ҳам ҳужумчиларга қарши яхши ўйин кўрсатади. Шу томонлама хавотир эди. "Пахтакор"да юқори чизиқда Черан каби бош билан ўйнай оладиган ҳужумчиларга қарши баланд бўйли ўйинчилар керак эди. Ҳужумчилар ҳам шу назарияга эътибор қаратилган ҳолда танланганди. Баланд бўйли футболчилар жуда муҳим эди. Биз учун муҳими, уларнинг иккиси ҳам ўйинни тўлиқ ўтказди ва ғалабага ўз ҳиссасини қўшди.

- Лима Круз дастлаб кўп танқидларга учраётган эди. Аммо бугун у сифатли ўйин намойиш этди. Унинг ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилдингизми?

- У жамоага жуда ҳам катта ёрдам берди. Меҳнат қилди. Бошида унинг мослашиб олиши учун вақт керак эди. Шунингдек, жисмоний ҳолатини ҳам ижобий томонга ўзгартиришимиз керак эди. Секин-асталик билан у жараёнга мослашиб бормоқда. Унинг бугунги ўйинидан қониқиш ҳосил қилдим, албатта. Умуман олганда, барча футболчиларимиз юқори савияда тўп тепишди. Улар майдонда катта кўламдаги ишни бажаришди. Ҳимояда хатосиз ўйнадик. Керакли вақтда ортга қайтдик. 

- Биламизки, "Пахтакор"да энг хавфли футболчи Драган Черан ҳисобланади. Уни зарарсизлантириш учун шогирдларингизга қандайдир кўрсатмалар берганмидингиз?

- Мезбонларнинг етакчи ўйинчиларига қарши қандай ўйнаш кераклиги борасида кўрсатмалар бергандик. Ҳозирги ҳолатдан келиб чиқсак, уларнинг асосий етакчилари Черан, Ҳамробеков ва Алижонов эди. Эътибор берган бўлсангиз, биз уларга қарши алоҳида ҳаракатлар олиб бордик. Ҳамробековнинг ишини қийинлаштириш мақсадида Бозоровни икки ҳужумчи ортида ўйнатдик. Менимча, бу ўз самарасини кўрсатди. Шу тариқа, Одил бирорта ҳужум бошланишида иштирок эта олмади. Ҳимоячиларимиз ҳам рақиб ҳужумчиларига қарши деярли мукаммал ўйнаб беришди. Йигитлар бугун "Пахтакор"нинг кучли томонларини ҳам жисмонан, ҳам ақлан зарарсизлантирди. 

- Жамоа юқори босимга тайёрми? Бу ғалабадан кейин мухлислар "Насаф"дан кўп нарса кутади. Шунингдек, кубок баҳслари старт олганда, икки фронтдан бирини танлашга тўғри келмайдими?

- Босим ҳар доим бўлади. Бунга йигитлар тайёр бўлиб келмоқда, деб ўйлайман. Улар тажриба тўплаб боришмоқда. Руҳий томонлама ҳам улар ўсишга эришмоқда. Ўйлайманки, улар бу жараённи енгиб ўтади. Сабаби, бизда кучли босим остида ўтган ўйинлар жуда кўп бўлди. ОЧЛ саралаши ва гуруҳ босқич беллашувларида улар бунга дош бера олди. 

Олдимизда кубок ўйинлари ҳам бор. Биз икки фронтда ҳам охиригача курашамиз. Имкониятларимизни тўлиқ ишга соламиз", - деди қаршиликлар бош мураббийи.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Arislonov Ilhom
02/10/2022 21:26
Насаф йигитлари яхши уйнашди концентратцияни йукотишмади мураббийни айтганини килишди молацы
Arislonov Ilhom
02/10/2022 21:25
Насаф йигитоари яхши уйнашди концертратцияни йукотишмади мураббийни айтганини килишди молацы
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
02/10/2022 21:24
Shu yilkiday keyin Shans bulishi qiyin chogim. shu yil. Nasaf chempion bulishi kerak. va buladi ham.
&
Турсунов Рамазон
02/10/2022 22:39
Рузикул рахмат санга бундан кейин хам йигитла шунака уйнасин биз мухлислар чемпиёнликни кутамиз Насафдан яна бир бор йигитлага санга рахмат.Хакамга хам рахмат уйинни яхши бошкаргани учун.Галаба муборак.
&
Мажидов Шахзод
02/10/2022 21:42
Бугун пахтакорни фан клубидан ташқари пахтакор мухлислари деярли йўқ экан кирган томошабинлар фақатни насафни қўллаб-қувватлашди, қойил насафга омад !