"Рубин"да бир ўзи қолиб кетгани, мураббийидан кўрган яхшиликлари...ёхуд карантин пайтида 20 фоизга маошидан воз кечган легионеримиз ҳақида

Россияда фаолият кўрсатаётган ҳамюртларимиздан бири Бобир Давлатов карантинни ўз уйида ўтказаётгани ҳақида хабар бергандик. Боиси у “Нефтехимик” сафида жароҳат олгани сабабли анча вақтдан бери футбол ўйнай олмаётганди. Асосий вақтини эса жароҳатини даволаш билан ўтказиб келаётганди. Куни кеча ушбу ўйинчимиз билан боғландик ва бир қанча саволларга жавоблар олдик.

- Аслида қачон жароҳатга йўлиқдингиз ва ҳозирда ҳолатингиз қандай?

- Ўтган йилнинг сентябрь ойида жамоамиз билан машғулотда шуғулланаётган пайтимда юз берди. Кейин эса октябрь ойида Москвада оёғимни операция қилдирдим. Сўнгра тикланишга ҳаракат қилдим ва бу орада ҳамма жойда карантин эълон қилинди. Икки ойдан бери, уйим – Янгиердаман. Биласиз, Россияда ҳам футбол ўйинлари тўхтатиб қўйилган. Худога шукр, айни пайтга келиб ўзимни яхши ҳис қиляпман. Майдонда ўзим якка тартибда тўплар билан ишлаяпман. Бунинг устига “Нефтехимик” мураббийлари томонидан бизга қандай машқларни бажаришимиз юзасидан кўрсатмалар бериб борилмоқда ва шулар устида ишлаяпмиз.

- Сиз ҳақингиздаги маълумотларни қидириш мақсадида “Нефтехимик” клубининг расмий сайтини кўздан кечирдим. Ажабланарлиси, клубнинг янги мавсум учун рўйхатдан ўтган футболчилари орасида сизни учрматдик...

- Ҳа, тўғри. Бу борада бош мураббийимиз таваккал қилгиси келмади. Режа бўйича жароҳатимдан май ёки июнь ойларида тўлиқ қутулишим керак эди. Чемпионатимиз эса айнан майда ниҳоясига етиши керак эди. Мураббий эса сени таркибга қайтариш учун шошилмаймиз, бу йил бўлмаса, келаси йили ўйнайсан. Муҳими, тўлиқ соғайиб олгин, таваккал қилмай турамиз, деди ва биз ўзаро келишиб олдик. Натижада рўйхатга мени киргизишмади. Шунга қарамай, клуб билан амалда шартномам бор ва менга ҳам ойлик маошларини тўлаб туришибди. Гарчи клуб “заявка”сида бўлмасам ҳам ҳозирда онлайн машғулотлар ўтказиб келяпмиз. Ўзимда у қадар тушкунликни ҳис қилаётганим йўқ. Оилам даврасидаман ва умид қиламанки, ҳаммаси яхши томонга ўзгаради.

давлатов2_1

- “Нефтехимик” жамоасига кетишингиз бош мураббий Юрий Уткульбаев билан боғлиқ. Биламизки, сиз ушбу мураббий билан илгари “Рубин”да ҳам, Қозоғистон клубларида ҳам бирга ишлагансиз. Сиз учун унинг бошқа мураббийлардан ажралиб турадиган хусусияти нимада?

- “Рубин”га бориб фаолиятимни бошлаганимдан сўнг орадан вақт ўтгач, бош мураббий Қурбон Бердиев кетганди. Ўринбосарлар жамоасини эса испаниялик мураббийлар бошқаришарди. Бердиев кетганидан кейин ҳамма кетди, шулар қатори Андрей Фёдоров ҳам “Рубин” билан хайрлашганди. Клубда эса бир ўзим қолиб кетдим. Мени у ерга Фёдоров чақирганди. Сўнг Юрий Уткульбаев у ерда иш бошлади. Оқибатда ушбу мутахассисга ўйиним ёқиб қолди шекилли, мени “Рубин”да олиб қолганди. Шундан бери мазкур мутахассис билан бирга фаолият кўрсатиб келяпман. Биз бир-биримизни яхши биламиз, ўртамизда ўзаро ишонч жуда катта. Тўғрисини айтсам, ўша пайтларда Уткульбаев менга жуда кўп яхшиликлар қилган. Шу боис унинг инсонгарчилик фазилатларини ҳам жуда ҳурмат қиламан.

- “Нефтехимик”ка кетишдан олдин ўзимизнинг чемпионатда, аниқроғи “Насаф” таркибида бинойидек ўйнаб келаётгандингиз. Афсуски, ўтган йили Қаршидан кетиб “Нефтехимик”ка қўшилгач, жароҳатлар гирдобига тушиб қолган ҳолда майдон ташқарисига чиқиб қолдингиз. Сизнингча, ўша пайтда “Насаф”дан кетишингиз тўғри йўлмиди?

- Бўлган иш бўлди. Тақдир шундай экан. Афсусланиш ҳолати йўқ. Тўғри, энг ёмони ўйнамаслик. Лекин ҳаммаси яхши бўлади, деб ўйлайман.

- Турнир жадвалига қарасам, “Нефтехимик” 5-ўринда экан. Аслида жамоангизнинг мақсади қандай?

- Йилнинг бошида олдимизга бирор-бир катта вазифа қўйилмаганди. Клубимиз иккинчи лигадан чиққани сабабли аввало биринчи дивизионда ўз ўрнимизни сақлаб қолишимиз керак эди. Бунинг устига таркибда айрим ўзгаришларга қўл урилди, бир қатор йигитлар кетди ва ўрнига бошқалари келди. Аммо таркибимизга келган футболчиларни бунгача у қадар катта жамоаларда ўйнаган, деб бўлмасди, лекин уларнинг орасида Вагиз Галиулинни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин эди. Бош мақсад эса боя айтганимдек, лигада қолиш ва мураббийимиз ҳам асосий эътиборни шунга қаратганди. Айтмоқчиманки, иккинчи лигада ўйнаган ўйинчилар жамоа билан биринчи дивизионга чиқишди ва улар “Нефтехимик” шарафини ҳимоя қилишда давом этмоқдалар. Чемпионатни эса жамоамиз яхши давом эттираётганди ва ўзингиз айтганингиздек, 5-ўрингача чиқиб олгандик. Бироқ бундан кейин чемпионат давом этадими ёки йўқми, ҳозир бир нарса дейишим қийин. 15 майдан сўнг янгилик бўлиб қолиши мумкин. Баъзи вариантларга кўра Россия премьер-лигаси давом эттирилиб., биринчи дивизион тугатиб қўйилиши ҳам мумкин экан. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Россияга қачон қайтишимизни ҳам билмаймиз. Лекин мураббийлар билан доимий равишда алоқада бўлиб турибмиз.

давлатов4_1

- Карантин пайтида клублар томонидан футболчиларга ойлик маошлар қай тартибда тўланаётгани ҳам қизиқтирмоқда. Бу борада “Нефтехимик”даги вазият қандай?

- Клуб раҳбарлари бизга вазиятни тушунтиришди. Шундан сўнг апрель ойида барчамиз келишган ҳолда ойлик маошларимизнинг 20 фоизидан воз кечдик. Лекин ҳали апрель ойи учун маошларимизни олганимиз йўқ. Шундай экан, май ойидаги ҳолат қандай бўлишини билмаймиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!