Руни: «Агар "Манчестер Сити" чемпиониликдан маҳрум этилса, АПЛ медалини қабул қилмайман»
«Манчестер Юнайтед» собиқ юлдузи Уэйн Рунининг айтишича, агар «Манчестер Сити»дан 2011/12 йилги чемпионлик унвони олиб қўйилса, у ўша мавсум учун Англия премьер-лигаси олтин медалини қабул қилмайди.
«Ростини айтсам, яна бир премьер-лига медалини олиш мен учун ноқулай бўларди. Ўйлайманки, биз уни ҳақиқатан ҳам қўлга киритган эмасмиз. Ўша мавсумда чемпионлик учун етарлича иш қилмадик. Чемпионат якунига тўрт-беш тур қолганида рақиблардан олти-етти очко олдинда эдик, лекин ҳаммасини ўзимиз бой бердик. Агар “Сити” футболчилари ўзлари устидан қандай ишлар кетганини билмаган бўлса ва шунга қарамай уларнинг медалларини тортиб олишса, худди шундай ҳолат мен билан содир бўлса, ўзимни бутунлай вайрон бўлгандай ҳис қилардим», — дея Рунининг сўзларини ижтимоий тармоқдаги The Touchline саҳифаси келтиради.
Эслатиб ўтамиз, «Манчестер Сити» 2009 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда Англия премьер-лигасининг молиявий қоидаларини бузиш бўйича деярли барча айбловлар бўйича айбдор деб топилган.

Фикрлар