Рустам Мирсодиқов: “Сурхон”дан таклиф бўлишини кутмагандим”
Ads

Термизнинг “Сурхон” жамоаси ўз олдига Суперлигага чиқиш вазифасини қўйганидан ҳамманинг хабари бор. Про-лиганинг “А” гуруҳида ушбу жамоа етакчилардан бири ҳисобланади. Лекин “Сурхон”нинг барқарорликка эришиши қийин кечаётганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Бунга яққол мисол қилиб, мураббийлар алмашинувини айтишимиз мумкин. Ўз олдига Суперлигага йўлланма олиш вазифасини қўйган жамоада шу кунгача уч марта бош мураббий ўзгартирилди. Бу эса албатта натижаларга ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди.

Хабарингиз бор, аввалига Дилшод Нуралиев бошчилигида мавсумга киришишганди ва кейинчалик эса у маълум сабабларга кўра клубдан кетди ва ўрнига Игорь Шквирин тайинланди. Ўшанда кўпчилик мазкур мутахассис бошчилигида “Сурхон”нинг натижалари янада яхшиланади деб ўйлашганди. Бироқ доим ўйлаган нарсалар амалга ошавермайди. Игорь Анатольевичнинг ҳам Термиздаги “ҳаёти” узоққа чўзилмади. У фақат еттита ўйиндагина жамоани бошқарди. Аммо асосий баҳсларда ютқазди. Масалан, ўз майдонида “Андижон”га йирик 0:3 ҳисобида имкониятни бой беришгани мухлисларни қаттиқ ранжитди. Қолаверса, “Шўртан”га ҳам мағлубиятга учради. Ушбу ўйинлардан сўнг Шквирин бошчилигидаги термизликлар ўзларига кела олишмади. Натижада Шквирин ишдан кетди, унинг кетишининг маъноси сифатида оилавий сабабларга кўра деб айтилди. Лекин аслида ҳаммаси натижаларга боғлиқ бўлганини тахмин қилишимиз қийин эмас.

Игорь Анатольевичдан кейин эса бош мураббийлик лавозимига Руфат Акрамхўжаев тайинланди. Ўтган йили “NBU-Осиё”ни бошқарган мураббий бунгача ҳам “Сурхон”да ишлаган. Яъни, Дилшод Нуралиевнинг мураббийлар штабидан жой олганди. Энди эса ўзи мустақил равишда иш бошлади. Лекин унгача жамоага яна бир тажрибали мутахассис, юртимизда кўзга кўринган, ҳурмати катта бўлган Рустам Мирсодиқов “Сурхон”да иш бошлаганини ҳам билсангиз керак. Узоқ йиллар давомида “Металлург”ни бошқариб келган Рустам Тўхтамуродовичнинг Термизда иш бошлаши кўпчилик учун кутилмаган ҳолат бўлди десак ҳам бўлаверади. Айни пайда у “Сурхон”да спорт директори сифатида фаолият олиб боряпти. Аммо жамоанинг Суперлигага чиқишида ушбу мураббий ҳам ўз билим ва малакасини ишга солиши аниқ. Бу борада Акрамхўжаев билан самарали фаолият олиб бориши кутилмоқда. Лекин бирданига натижаларни яхшилаш ҳам ўзига яраша қийинчиликларни туғдираётганини қайд этиш лозим. Шу боис уларга бироз вақт керакка ўхшаяпти. Фурсатдан фойдаланган ҳолда Рустам Мирсодиқов билан боғланиб, “Сурхон”да иш бошлашининг сабаблари билан қизиқдик.

- “Сурхон” жамоасида иш бошлашимнинг сабаби ҳақида гапирадиган бўлсам, менга клуб раҳбарлари таклиф билан чиқишди, - дея гап бошлади, Мирсодиқов. - Тан оламан, менга термизликлардан чақирув бўлишини кутмагандим. Аммо ҳамкорлик қилиш истагини билдиришгани учун уларга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Раҳбарият билан ўзаро гаплашганимиздан сўнг “Сурхон”да фаолият олиб боришга рози бўлдим. Чунки бу жамоанинг мақсади ва режалари жиддий эканлиги менга ёқди.

- Барчага яхши маълум бўлса керак, “Сурхон”нинг ўз ўрни ва мавқеи бўлиб келган. Эндиликда биз биргалашиб клубнинг олдинги мавқеини қайтаришга ҳаракат қиламиз. Бунинг устига клуб раҳбарлари катта ҳажмдаги ишларни амалга оширишаётганига ҳам гувоҳ бўляпман. Масалан, бу ерда футбол мактаби барпо этилди, ажойиб стадион, умуман олганда, футбол учун барча шароитлар яратилган. Бунинг устига Сурхондарёда футболни жуда севишади. Бу ердан етишиб чиққан футболчиларни ҳам мухлислар яхши билишади. Ака-ука Дўрмоновлар, Бозоровлар ва яна бошқа кўплаб ўйинчиларни айтишим мумкин. Демоқчиманки, бу ерда истеъдодлар кўп. Биз янги ёш иқтидорларни ҳам кашф қилиш устида ишлаймиз ва уларга эътиборни ҳам оширамиз. Муҳими, мен яна футбол билан биргаман.

- “Сурхон”нинг мақсади жиддий экани ҳақида юқорида айтиб ўтдим. Лекин мен олдиндан бирор нима дейишни ёқтирмайман. Яхшиси, жўжани кузда санаймиз. Биласиз-ку, тўйдан олдин ноғора чалишни ёқтирмайман. Аммо қўлимдан келганича “Сурхон” жамоасининг манфаати учун ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Шу боис бундай футболсевар инсонлар билан ишлаётганимдан хурсандман, - дея фикрини якунлади, - Рустам Тўхтамуродович.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.