Рёсуке Иваса: "Муроджон Аҳмадалиев ҳиссиётга бой боксчи"

  • 1 апрель, 2021, 16:23
  • 0
  • Бокс

3 апрель куни Тошкентда Муроджон Аҳмадалиев ўзига тегишли бўлган икки йўналиш чемпионлик камарини япониялик мажбурий даъвогар Рёсуке Ивасадан ҳимоя қилади. 

Бугун ушбу жанг аввалидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди. Биз ушбу фурсатдан фойдаланиб, япон боксчисидан бир қатор саволларга жавоб олдик. 

- Ассалому алайкум. Ўзбекистонга хуш келибсиз!

- Хайрли кун. Раҳмат!

- Сизни жуда муҳим жанг кутиб турибди. Рақибингиз ҳақида қанчалик таассуротга эгасиз ва унга қандай баҳо берасиз?

- Албатта, жуда қийин жанг бўлади. Рақибимнинг кучини чемпионлиги ҳам исботлаб турибди. У жуда кучли ва ҳиссиётга бой боксчи. Шундай бўлса-да, ижобий натижа қайд этишга ҳаракат қиламан. 

- Умуман олганда, Японияда ҳаваскор боксга нисбатан профессионал йўналиш жуда яхши ривожланган. Бунга сабаб нима, деб ўйлайсиз?

- Мен бундай, деб ўйламайман. 

- Демоқчиманки, ҳозирги кунга келиб, Риёта Мурата, Наоя Иноуэ каби профибоксчиларни машҳурлиги жуда юқори...? 

- Тўғри, ҳаваскор боксчиларимиз орасида ҳам кучлилари кўп. Лекин таниқли эмас. Бироқ, Олимпиадада яхши натижалар қайд этса, уларни ҳам тез орада таний бошлашади. 

- Ҳозирда, Япония ҳаваскор бокс терма жамоасини ўзбекистонлик мутахассис Владимир Шин Токио Олимпиадасига тайёрлаётганидан хабарингиз борми?

- Тўғриси, бу ҳақида маълумотга эга эмасман. 

- Япониялик бокс мутахассиси Хирокуни Мотони танийсизми?

- Эслолмадим. 

- Рёта Муратанинг мураббийи...?

- Ҳа, Мото Сан. Албатта, танийман. 

- Демак, япон боксини ривожида ўзбек бокс мактабини қисман хиссаси борлиги ҳақида ҳам эшитгандирсиз? Сабаби, янглишмасам, 1998-2000 йилларда Япония бокс федерацияси раҳбарининг илтимосига кўра, айнан Хирокуни Мото тажриба орттириш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрганди?

- Биласизми, бу ҳақида эшитганим бор. Ўзбекистон ҳозирда бокс борасида жуда яхши натижалар қайд этмоқда. Олимпиада, жаҳон чемпионати каби нуфузли турнирларда етакчилик қилаяпти. Шунинг ўз ҳам юртингиз боксининг қай даражада эканлигини англатиб турибди. 

- Вақтингиз тиғиз бўлса-да, саволларимизни беэътибор қолдирмаганингиз учун ташаккур!

- Раҳмат. Барча ўзбек халқига саломатлик тилайман!

 

 

 

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!