"Салбий фикрдаман" - "Турон" устози навбатдаги ғалабасиз сериядан сўнг нималарни айтди?
Яйпаннинг “Турон” жамоаси ҳамон ғалабасиз сериясини давом эттиряпти. Суперлигада ягона ютолмаётган клуб бўлиб турибди. Бу сафар водий дербисида Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида “Андижон”га қарши баҳс олиб бордилар.
Гарчи “Турон” биринчи бўлиб ҳисобни очганига қарамай, иккинчи бўлимда яйпанликлар ўз дарвозасидан иккита тўп ўтказиб юбордилар. Бунинг устига “Турон” футболчисининг биринчи бўлимда майдондан четлатилиши ҳам таъсир кўрсатди.
Яйпанликлар бош мураббийи россиялик Денис Бушуев харчанд ҳаракат қилмасин барибир жамоаси билан ғалабага эриша олмаяпти. У “Андижон”га мағлубиятга учрагач, ўз фикрларини айтди.
- Денис Дмитриевич, ўйин ҳақида муносабатингиз?
- Салбий фикрдаман. Қизил карточка бўлгунга қадар ўйинимиз яхши чиқаётганди ва чиройли ҳаракат қилаётгандик. Қизил карточка ростдан бормиди ёки йўқмиди, ҳозир бирор фикр билдира олмайман. Шундан сўнг барчаси ўзгариб кетди ва дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. Рақиб охирги дақиқаларда яхши ҳаракат қилди. Ўйланган режа асосида ўйнагани боис аввалига ҳисобни тенглаштириб, сўнгра иккинчи голни ҳам уришди.
- “Турон” бош мураббийи сифатида 5 та ўйин ўтказиб фақат 1 очко олинди холос. Ғалабасиз серия давом этяпти...
- Бугунги учрашув ҳақида гаплашсак мақсадга мувофиқ бўларди. Бошқа ўйинлар тўғрисида гапириш ҳозир мавриди эмас, деб ўйлайман. Айтяпман-ку, биз қизил карточкагача яхши ўйнаётгандик. Яна битта гол уриш имконияти ҳам бор эди. Жамоамиз ёмон ўйнамаяпти, ҳаракат қиляпти ва жон куйдиришяпти. Қаердадир нимадир етишмай қоляпти ва шунинг эвазига ғалаба қозона олмаяпмиз. Келажакка ишонч билан қараш керак. Бизда тажрибали ва шу билан бирга ёш иқтидор эгалари етишиб чиқяпти. Ёшларимиз яхши ҳаракат қилишяпти ва уларнинг келажаги порлоқ деб ўйлайман.
- “Андижон” ҳақида қандай фикрдасиз? Рақиб сиз кутгандек ўйин намойиш этдими?
- Ҳозир ҳар бир жамоа билан ўйнаш анча мураккаб. Ҳар қандай рақибга яхши тайёргарлик кўриб майдонга тушмасангиз керакли натижага эриша олмайсиз. Юқоридаги ёки пастдаги бешталик бўладими, қайси жамоа бўлишидан қатъий назар яхши ўйин кўрсатиш зарур. Чемпионатдаги барча клубларда яхши жамоа шаклланган ва барчаси кучли ўйин кўрсатишяпти. Лекин биз барибир бугун яна мағлубиятга учрадик.
- Билишимча, “Андижон” бош мураббийи Александр Хомяков билан танишсиз-а?
- Биз бир-биримизни яхши таниймиз. Мураббийлик ўқув курсида бирга таҳсил олганмиз.
Фикрлар