"Салкам 100 кун ўйнамадим, ўзимни 100 фоиз тайёрман, деб айта олмайман". Лутфулла Тўраев ҳоким билан учрашув, "Насаф"га қарши ўйин ва бошқалар ҳақида гапирди

Ўйини ва натижалари кўнгилдагидек чиқмаётган “Нефтчи” охирги пайтларда кўп танқидларга учради. Ҳатто вилоят ҳокими ҳам жамоа билан йиғилиш ўтказиб, эътирозларини билдирди.

Шундан кейин “Насаф”га қарши учрашув ўтказилди ва фарғоналикларнинг ўйинида жонланиш кузатилди. Жамоа етакчиси Лутфулла Тўраевнинг майдонга қайтгани ҳам жамоа ва унинг мухлислари учун хушхабар бўлди.

“Насаф”га қарши учрашувдан кейин Тўраев билан суҳбатлашдик.

- “Насаф”га қарши учрашув “Нефтчи”нинг жорий мавсумдаги энг яхши ўйини бўлдими?

- Яхши ва қизиқ учрашув бўлди. Мухлислар кўрадиган ўйин бўлди, деб ўйлайман. Мавсумдаги зўр баҳслардан бири, деб ҳисоблайман. Айнан томошабоп ўтди. Футболчилар мураббийларнинг берган кўрсатмаларини тўлиқ бажарди. Шунинг учун ҳам ўйинимиз ўхшади.

- Дурангдан қониқдингизми?

- Ўша учрашувда уч очкога лойиқроқ эдик. Бизда голли имкониятларимиз ҳам кўпроқ бўлди.

тураев2_4

- “Нефтчи”га ғалаба учун айнан нима етишмади?

- Ҳозирдан нимадир етишмади, деб айтиш қийин. Фақат яратган вазиятларимизни голга айлантира олмадик. Яна бунинг устидан ишлаймиз.

- Мавсум бошидаги жароҳат туфайли орада анча ўйинларни ўтказиб юбордингиз. Чемпионатдаги танаффусдан кейин яна таркибга қайтдингиз. Энди барчаси тўлиқ ортда қолдими? Ҳолатингиз яхшими?

- Жароҳатдан кейин салкам 100 кун футбол ўйнамадим. Ҳозир ўзимни 100 фоиз тайёрман, деб айта олмайман. Буни “Насаф”га қарши учрашув ҳам кўрсатиб берди. ФИФА кунлари бўлгани бизга яхши бўлди. Энди яна бир турдан кейин биринчи давра тугайди. Иккинчи даврага оптимал формада бўлишимга ишонаман.

тураев3_4

- “Насаф” билан учрашувдан олдин вилоят ҳокими жамоа билан учрашув ўтказгани ва бу танқидий руҳда ўтгани маълум бўлди. Ўша учрашувдан ўзингиз учун нима олдингиз?

- Фарғона вилояти ҳокимини Ўзбекистондаги барча мухлислар яхши билишса керак. Футболга жон куйдирадиган инсон. Бир томондан ушбу инсонни ҳам тушунсак бўлади. Бизда яратиб бераётган шароитлари жуда яхши, лекин натижа ўхшамаяпти. Вилоят ҳокими билан учрашувдан яхши таассурот қолди, “Насаф” билан баҳсда бу ўз самарасини берди.

- Ҳокимнинг танқиди ва эътирози жамоани “уйғотдими”?

- Биласиз, ҳеч нима эътироз ва танқидсиз бўлмайди. Бусиз ҳаёт ҳам бўлмайди. Ҳаммамиз вазиятни тушунган ҳолда “Насаф” билан ўйинга бир жамоа бўлиб чиқдик. Турнир жадвалидаги ўрнимиз “Нефтчи”га ярашмайди. Иккинчи даврада ўйинимизни янада кучайтириб, “Нефтчи”нинг мавқеини жойига қўйишимиз керак.

тураев_6

- Ҳа, мавсум бошида мақсад кучли учталикка кириш эканлиги айтилганди...

- Сабаблари кўп бўлди. Жароҳатлар кўпайиб кетди. 11 талик таркиб зўрға йиғилиб, захирага ёшлар қўшилди. Чуқурликка ўзимиз тушдик ва бу чуқурликдан ўзимиз чиқишимиз керак. Мураббийлар кўрсатмаларини тўлиқ бажаришимиз керак. Ҳар бир ўйинда ғалаба учун курашамиз, фақат жароҳатланганлар кўп бўлгани сабабли ўйинимиз ҳам ўхшамади. Ҳаммасини тўғрилашга ҳаракат қиламиз. Иккинчи даврада “Истиқлол”да - ўз майдонимизда ўйнаймиз дейишди. Ўз уйингизда деворлар ҳам ёрдам беради, дейишганидек барибир ўзимизда ўйнашни соғинганмиз. Мухлислар ҳам кўпроқ келади. Ишқибозларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!