Салоҳ, Карвахаль, Буффон, Иньеста: Эркаклар қандай йиғлайди?

 

Эркаклар ҳам йиғлайди, айниқса футболда! Сўнгги бир неча ҳафта ичида футбол афсоналари, маҳорат эгаларининг кўз ёшларини яриша олмаганига гувоҳ бўлгандик. Кеча эса жароҳат туфайли Муҳаммад Салоҳ ва Дани Карвахаль ҳам эҳтиросларини яширмай, майдонни кўз ёшлар билан тарк этишди.

Муҳаммад Салоҳ ва Даниэль Карвахаль

ЕЧЛ финалида бир йўла икки футболчи майдонни кўз ёшлари билан тарк этди. Дастлаб “Ливерпуль” Муҳаммад Салоҳдай айрилди.

Мисрлик футболчи Серхио Рамос билан тўқнашувда елкасини шикастлади. Унинг бахтига жароҳат оғир эмас, аммо унинг 30-дақиқада чиқиб кетиши жамоаси учун ҳам, ўзи учун ҳам қимматга тушди.  

Биринчи бўлимнинг ўзида, аниқроғи 37-дақиқада “Реал” ҳам футболчисини йўқотди. Ҳужумда ёрдам беришга ошиққан Дани Карвахаль оёғидан жароҳат олиб, ўйинни давом эттира олмайдиган бўлди.

Финал хуштагидан кейин Карвахаль ўзини анча бахтиёр ҳис қилгани аниқ, чунки унинг жамоаси қаторасига учинчи марта ЕЧЛ ғолиби бўлди. Салоҳнинг эса ўйиндан кейин кўз ёшлари кўпайган бўлса ажаб эмас.

Лориус Кариус

ЕЧЛ финалининг асосий антиқаҳрамони – ўз дарвозасига иккита “гол урган” Лориус Кариус.

Германиялик футболчи беллашув якунида мухлислардан узр сўраб юрди ва кўзидаги ёшларини тийиб тура олмади.

Димитри Пайет

Франциялик ярим ҳимоячи “Марсель” – “Атлетико” ўртасидаги Европа Лигаси финалида худди Салоҳ ва Карвахаль сингари ҳолатга тушиб қолганди. Пайет аввалги жароҳатини янгилаб олгани учун захирага олинишни сўраганди. Етакчи футболчисиз “Марсель” ўзини йўқотди ва Мадрид клубига 0:3 ҳисобида енгилган эди.

Жанлуижи Буффон

“Ювентус” – “Верона“ ўйинида майдонни тарк этаётган Турин афсонаси ўз ҳиссиётларини жиловлай олмади ва беихтиёр йиғлади.

17 йил ўзини “Ювентус”га бағишлаган буюк дарвозабон майдондаги барча мухлис билан қўл бериб хайрлашишга тайёр эди.

Андрес Иньеста

Иньеста худди Буффон сингари клубдан кетаётгани учун йиғлади. Испаниялик ярим ҳимоячи “Барселона” билан мислсиз совринларга эга чиқди. Унинг сўнгги ғалабаси эса “Севилья”га қарши Испания Кубогида бўлди. Афсона майдонни тарк этаётганда хатто рақиб футболчилари ҳам уни олқишлади.

Умуман олганда, Иньеста кўп йиғлади. Испаниялик ярим ҳимоячи “Барселона”дан кетиши ҳақида эълон қилганида дўст-биродарлари олдида эҳтиросларини яширмади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!