Салоҳ ўч олмасликка қарор қилди

Европа Чемпионлар лигасининг чорак финалида “Ливерпуль” футболчилари “Реал” билан куч синашади. Ушбу учрашув олдидан журналистлар ливерпулликларнинг асосий ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳдан рақиб ҳимоячиси Серхио Рамосдан ўч олиш истаги ҳақида сўради.

Эслатиб ўтамиз, 2017-2018 йилги мавсумда Чемпионлар лигасининг Киевда ўтказилган финал баҳсида Серхио Рамос қўполлик ишлатиб, “Ливерпуль”нинг асосий қуроли ҳисобланган Муҳаммад Салоҳга оғир жароҳат етказган эди. Натижада ғалаба мадридликларга насиб қилган.

- Бўлажак ўйин олдидан менинг энг катта истагим ғалаба қозониш ва ярим финалга чиқиш. Ҳозир нима бўлишидан қатъи назар, Киевдаги учрашув натижасини ўзгартириб бўлмайди. Ҳаммаси ортда қолди. Рамос масаласида ҳам худди шундай. Ўйин тугаганига анча бўлган ва мен бу ҳақида ўйламайман. Ҳозир ўз жамоам ҳақида бош қотиришим керак, - деди Муҳаммад Салоҳ.

Чемпионлар лигасининг чорак финал биринчи учрашуви 6 апрель куни Мадридда ўтказилади. “Ливерпуль”нинг “Реал”га қарши жавоб ўйини 14 апрелга белгиланган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!