Самвел Бабаян: "Биз "Пахтакор"ни қувиб этиш эмас, кейинги учрашувларга бош қотиришимиз керак"
Coca Cola Суперлигаcининг 18-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – ОКМК (0:0) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида жамоамиз бош мураббийи Самвел Вячеславович Бабаян иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди.
Одатдагидек, Самвел Вячеславович ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.
- Ассалому алайкум! Учрашув курашларга бой тарзда кечди ва ҳамманинг эътиборини тортди. Аввалги баҳсларда бўлгани каби, бугунги ўйинда ҳам жуда кўп вазиятлар яратдик, лекин улардан фойдалана олмадик. Тўп дарвозага кирмаяпти. Бир нечта ўйиндан буён шундай ҳолат рўй бермоқда. Тўғрисини айтсам, йигитларни нима сабабдан тергашни ҳам билмайман. Бугунги рақибимиз – ОКМК Суперлиганинг кучли жамоаларидан бири, таркибидан юқори савияли футболчилар ўрин олишган, худди “Навбаҳор” каби ОЧЛ гуруҳ баҳслари йўлланмасини қўлга киритди. Бир сўз билан айтганда, кучли жамоага қарши яхши ўйнадик, аммо ҳужумларни якунлаш борасида оқсадик.
- “Навбаҳор” бугун яна очко йўқотди. “Натижада “Пахтакор” билан очколар фарқи 7 тага етди. Жорий мавсумда жамоа учун чемпионлик кураш якунланди, деб ҳисобласак бўладими?
- Объектив фикрласак, 7 очколик фарқ анча катта. Аммо айни пайтда биз “Пахтакор”ни қувиб етиш эмас, кейинги учрашувлар борасида бош қотиришимиз керак. Кейинги ҳар баҳсга юз фоиз тайёр бўлиш бизнинг асосий вазифамиз. Яна такрорлайман, ўйин сифати бўйича ҳеч кимдан қолишмаймиз. Жиззахда бўлиб ўтган сўнгги ўйинда тушунарсиз ҳолат рўй берди. Ҳимоячимиз кетма-кет икки маротаба йиқилиб тушди ва ўша вазиятлардан сўнг, ўз дарвозамиздан иккита тўп ўтказиб юбордик. Барча гап-сўзларни унутиб, ҳамма эътиборни ўйинимизга ва руҳий ҳолатимизни яхшилашга қаратамиз. Чемпионат якунида эса нечанчи ўринни эгаллаганимизни билиб оламиз.
- “Навбаҳор” жорий мавсумдаги асосий вазифаларидан бири, яъни Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритганидан сўнг, қаторасига икки учрашувдан бери ғалаба қозона олмаяпти. Бунинг сабаби нимада? Руҳий тайёргарликда муаммо борми? Футболчиларингизнинг омади келмаётганининг қандайдир сабаби борми?
- Клуб учун ўта муҳим бўлган учрашувлардан сўнг эмоционал чарчоқ бўлади. Биз Жиззахда рақибни ўйин бўйича мағлуб этдик. 13 та бурчак зарбаси ва жуда кўп хавфли вазиятлар яратдик. Сабаб нимада дейсизми? Бунга сабаб, биз яратган вазиятларимиздан фойдалана олмаяпмиз. Футболчилар бугун кучли мотивация билан майдонга чиқишди.
- Икки турдан буён футболчиларда чарчоқ аломатлари сезилмоқда. Захира футболчиларга имкон бериш вақти келмадими ёки захира футболчиларининг даражаси етарлича эмасми?
- Чарчоқ аломатларини қаерда сездингиз?
- “Сўғдиёна”га қарши кечган учрашувнинг 60-дақиқасидан сўнг жамоа умуман ҳужум ташкил қила олмади...
- Биз ўша баҳснинг 2-бўлимида фақат ҳужум қилдик. Агар жамоа чарчаб қолса, ҳимояланади. Биз эса 95-дақиқада ҳам ҳужумда эдик. Бу сизнинг фикрингиз, мен фикрингизга қўшилмайман. Ротация қилиш масаласига келадиган бўлсак, бугун футболчиларга имкон бердик ва улар ўйинни кучайтиришди. Яхшибоев ўз вазиятидан фойдалана олганида, ўйин бошқача якун топар эди. Остонда ҳам камида бешта вазият бўлди, нақд бешта. Гол ура олмаётганимиз – психологик муаммо. Мен ушбу саволга ҳали жавоб топа олмадим.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар