Самвел Бабаян: "Навбаҳор" учун тарихий ҳодиса юз берди"
Осиё Чемпионлар лигаси, “D” гуруҳи, 6-туридан ўрин олган “Мумбай Сити” – “Навбаҳор” (1:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида бош мураббийи Самвел Бабаян фикрлари билан ўртоқлашди.
- Бугун “Навбаҳор” учун тарихий ҳодиса юз берди. Биз Осиёнинг энг кучли 16 та жамоаси қаторидан жой олдик. Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида таъкидлаганимдек, “Мумбай Сити” таркибидан жуда кучли ва яхши футболчилар жой олишган.
Осиёнинг энг кучли 16 та жамоаси қаторидан жой олганлиги боис, “Навбаҳор” ўсиши ҳамда инфратузилмасини ривожлантириши лозим. Шунингдек, биз нимчорак финал босқичида Наманган шаҳри ва юртимиз шарафини муносиб тарзда ҳимоя қилиш учун сифатли селекция ишини олиб боришимиз керак. Бу биз учун катта натижа. Менимча, бу клуб тарихида қолади ҳамда “Навбаҳор” ривожланишда давом этиши лозим.
Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, “Мумбай Сити”нинг Наманганда ва бугунги беллашувда майдонга тушган футболчилари жуда кучли ҳамда бугун ҳам улар яхши ўйин намойиш этишди.
Жамоамизга келадиган бўлсак, бу бизнинг жорий мавсумдаги сўнгги баҳсимиз эди. Уч кун олдин ҳам шогирдларим Суперлига доирасидаги охирги ўйинни ўтказишгани боис, уларда чарчоқ аломатлари бор эди. Ҳисобда ортда бораётиб, олдинга бориш ва гол уришдан бошқа вариантимиз йўқ эди ҳамда йигитлар буни уддалашди. Шогирдларимга миннатдорчилик билдираман. Улар ҳақиқий профессионал эканликларини исботлаб, шаҳар ва юртимиз шарафини муносиб тарзда ҳимоя қилишди.
Биз “Навбаҳор” футболчилари билан фахрланишимиз керак. Улар юқори даражадаги профессионаллар ҳамда шаҳар ва юртимизнинг ҳақиқий ватанпарварларидир.
"Навбаҳор" матбуот хизмати.
Фикрлар