Самвел Бабаян Рўзиқул Бердиев билан тортишувли вазият, ўйин пайтидаги хиссиётлари ва чемпионлик ҳақида гапирди

Coca Cola Суперлигаcининг 15-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Сурхон” (2:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида жамоамиз  бош мураббийи Самвел Бабаян иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди. Самвел Вячеславович одатдагидек, ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.

- Аввало, мухлисларни ғалаба билан табриклайман. Намойиш этган ўйинлари учун йигитларга ҳам раҳмат айтаман. Боиси, бугунги баҳс биз учун қийин кечди. Шунингдек, “Сурхон” кўрсатган ўйинни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Бугунги ғалабамизни жамоамиз билан келишган ҳолда ”Пахтакор-79” жамоаси хотирасига бағишлашга қарор қилдик. Ўша жамоада истеъдодли мураббий ва футболчилар жам бўлишган ва улар келажакда ҳам ажойиб мураббий ва менежерларга айланишлари мумкин эди. Аслида бу фожиа бутун бир даврнинг йўқотилишидир. “Пахтакор-79” аъзолари доимо хотирамизда, уларни доимо ёдга оламиз ва фахрланамиз.

- Гарчи жамоада чап қанот ҳимоячилари бўлса-да, ушбу қанотда марказий ҳимоячини ўйнатяпсиз. Бунга изоҳ бера оласизми?

- Жамоамизда кимнинг жисмоний ҳолати яхши бўлса, ўша футболчи майдонга тушади. Йигитлар бугун майдонда ўз вазифаларини жуда яхши уддалашди. Голбан ҳам ўзига юкланган барча вазифани бажарди. Чап қанот ҳимоячиларига келсак, уларга эътироз йўқ. Аммо ҳозирги кунда Голбаннинг ўйини бизга кўпроқ маъқул келмоқда. Айни пайтда чемпионатимиздаги барча жамоалар футбол ўйнашни билишларини исботлашмоқда. Бундан ташқари, барча ўйиннинг сюджети турли хил кечади. Биз ҳар бир баҳсга жиддий тарзда тайёргарлик кўрмоқдамиз. Асосий вазифамиз мухлисларни хурсанд қилиш.

- Жамоанинг келажакдаги потенциали ҳақида гапирсангиз. Келажакда бу потенциал янада ошадими? Яъни, эҳтимолий қўлга киритиладиган ОЧЛ йўлланмаси янада кучлироқ ўйинчиларни жамоага таклиф этилишига сабаб бўладими  ёки ҳозирда бор эътибор фақатгина чемпионликка қаратилганми?

- Чемпионликка келсак, бизнинг асосий вазифамиз барча ўйинларда мухлисларни хурсанд қилиш ва керакли натижага эришиш. Чемпионат тугаганидан сўнг эса биз якуний хулосаларга келамиз. Жамоанинг потенциали ҳақида гапирадиган бўлсак, ёзги трансферлар “ойнаси”да жамоа таркибига қўшилган футболчилар - Абдуманнопов ва Яхшибоев “Навбаҳор”нинг ўйинини кучайтиришганини кўришимиз мумкин. Бу эса ёзда жамоага сифатли ўйинчилар олиб келинганини англатади. Бугунги кундаги “Навбаҳор”да рақобат кучли ва деярли барча ўйинчилар миллий терма жамоага номзод футболчилардир. Ҳар бир баҳсда рақибни ўрганиб, бор кучимизни намойиш қилишимиз лозим. “Насаф”га қарши ўйинда ҳам таъкидлаганимдек, биз бугун ҳам учрашувнинг бошидан охиригача ўйинни тўлиқ назорат қилдик. Мана, бизнинг вазифа нимадан иборат. Бунинг учун бизда савияли футболчилар етарли.

- Самвел Бабаян ўзбек футболида катта ном. Аммо “Насаф”га қарши кечган ёки бугунги ўйинда кўряпмизки, мураббийлар сизга ҳакамга босим ўтказяпсан, дегандек муносабатда бўлишяпти. Ўтган ўйинда Рўзиқул Бердиев, бугун эса “Сурхон” мураббийи сиз билан мулоқотга киришмоқчи бўлди. Айнан бу борада сиз ҳақингизда қанақадир салбий фикр шаклланиб қолганми?

- Рўзиқул Бердиев билан юз берган вазиятда собиқ ўйинчимиз жамоамиз аъзосига қарши яққол қўполлик ишлатди ва қўшимчасига Искандеров билан низода провокация қилди. Мен ўз шогирдларимни ҳар доим ҳимоя қиламан. Қолган гапларга келсак, мен учун ўз жамоам энг зўри. Мен қаерда ишласам ҳам жамоа учун жонимни беришга тайёр бўламан. Фақатгина шу йўл орқали натижага эришилади. Исталган яхши мураббийни танқид қилишади. Менга кимдир нимадир дейишидан кўра, ўз футболчиларим муҳимроқ.

- Ўйин пайти эмоцияларингизни яшира олмайсиз. Бизда ҳозир Самвел Бабаян майдонга тушиб кетади, деган таассурот пайдо бўлади...

- Йўқ, мен майдонга тушиб кетмайман. Агар бундай қилсам, бу ҳакамлар томонидан жазоланади. Жамоам ўйинини ҳиссиёт билан бошқаришимнинг сабаби эса айнан шу кайфиятни футболчиларимга ўтказаман. Майдонда жанг бўлаётган пайт мен ўзимни хотиржам тута олмайман. Ўзимдаги энергияни йигитларга ўтказишим керак.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
12/08/2022 10:00
Navbahor muhlislari haqiqatdan kuchli. Navbahor kelsak Hali uyinlar oldinga shunga qarap. baho beramiz. Nasafka qarshi omad katta rul uynaydi bulmasa uhshamasa Nasaf oddiy mamentlarni gol bulmadi. agar uhshap qolsa quyin faziyatdan ham gol buladi. keyin. kechaki uyinga ham. aytarli Surhon uyin taraflama ustun uynadi.