Самвел Бабаян: "Улар ғалабага ўрганиб қолишган, оддий қабул қилишмоқда, аслида..."
“Навбаҳор” – “Андижон” (1:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Самвел Бабаян журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Самвел Вячеславович, ғалаба билан табриклаймиз. Учрашув борасида тўхталиб ўтсангиз.
- Кубок ўйинлари ҳар бир жамоа учун муаммо яратади, бу Суперлигами ёки биринчи лига жамоаси бўладими, тоифага ажратилмайди. Бу ҳам доим қизиқ. Бугунги рақибимиз билан ҳақиқий дерби, хақиқий қизиқарли ўйин бўлди. Статистикамиз Кубокда ўйинида “Андижон” билан яхши эмасди. Лекин Худога шукр, ғалаба қозондик. Битта тўп киритдик, майдонда кичик муаммолар юзага келди. Мақсадимизга эришдик, табриклайман. Биз плей-офф масаласини ҳал қилдик, мухлисларимизни табриклайман. Йигитларга раҳмат айтаман, тиғиз тақвим пайтидан келиб чиқиб, максимал ҳаракатланишди ва жамоамиз характер кўрсата олди. Ишлашда давом этамиз. Хатоларимизни ўрганиб, таҳлил қиламиз. Кейинги ўйинларда янада ишончлироқ ўйнашга умид қиламан.
- “Навбаҳор” бу мавсумда ҳали ўз майдонида гол ўтказмади. Навбатдаги ўйинда Даврон Ҳошимов майдонга тушадими?
- Бугунги кунда бу кўрсаткич бўйича мусобақада етакчилик қиляпмиз. Жамоа ташкил қилаётганимизда кўплаб футболчилар келишган, ўтган мавсумдаги ҳимоячилардан фақат Голбан қолган. Ҳимояда ишончли ҳаракат қиляпмиз. Умид қиламанки, шундай давом этамиз. Асосий мақсадимиз ҳимояда бехато ўйнаш эди, бунга эришяпмиз. Даврон Ҳошимовнинг соғлигида муаммо бор. Лекин у қадар жиддий эмас. Ҳозир умумий гуруҳдаги машғулотларда шуғулланмоқда. Уни тез орада майдонда кўрамиз, деб ўйлайман.
- “Навбаҳор”нинг ғалабасидан клуб ходимларни унчалик мамнун эмасдек. Улар ғалабага кўникиб қолишганми ёки...
- Ғалаба қозонмоқ бу яхши тарихга айланади. Улар доим ғалабага ўрганиб қолишган, оддий қабул қилишмоқда. Аслида ғалаба қозониш осон бўлмаяпти. Ҳар бир жамоа Наманганда ҳимояда 200 фоиз тартибли ҳаракатланмоқда. Буни ўтган сафар “Сурхон” билан ўйинда кўрдик, бугун ҳам ҳар бир чизиқда кураш кечди, ғалаба қозониш қийин бўлмоқда. Чемпионат қизиқарли ўтмоқда. Умид қиламанки, барча жамоалар сўнгги тургача шундай тарзда ўйнашса чемпионатимиз савияси ошади. Жамоада фаолият олиб бораётган футболчи бўладими, мураббийлар штабими ёки раҳбариятми, асосий мақсадимиз мухлисларни хурсанд қилиш. Шу йўлда ишламоқдамиз.
- Лука Чермелнинг захирага олинишининг сабаби нимада?
- Танаффусда унда муаммо бор эди, жароҳат олди. Майдондаги ҳаракатларида жароҳат сездирди ва уни алмаштирдик. Тўғри қарор бўлди, майдонга тушган ўйинчи гол киритди.
- Жамоа ҳужумчилари кам гол уряпти. Голларни кўпинча ярим ҳимоячилар киритишяпти. Бу борада нима дейсиз?
- Статистикага қаранг, биз нечта тўп киритдик ва кимлар киритди? Ярим жамоа тўп киритди. Ҳар бир футболчи майдонга гол уриш учун тушади. Бу яхшими ёки ёмонми? Менимча, бу яхши. Бугун футболда универсализация тушунчаси мавжуд. Бир нечта ҳужумчи билан ўйнаяпмиз. Ҳужумчилар нечта уради, деб ўйлаш хато. Бугунги тушган икки номинал ҳужумчилар бошқа вазифани бажаришди. Мисол учун Темурхўжа кўпроқ орқада ўйнади, аввалига марказда, кейин иккинчи ҳужумчи бўлиб ўйнади. “Навбаҳор”нинг ҳаракатлари ҳужумчилар сони билан боғлиқ эмас. Шунинг учун бизда ҳамма гол урмоқда, бу яхши кўрсаткич.
- Жамоага трансфер таъқиқи қўйилди. Буни бартараф этиш бўйича ишлар амалга ошириляптими?
- Ҳа, бу вақтинчалик ҳолат бўйича клуб иш олиб бормоқда. Тезликда бу вазифани ҳал қилади, бундай вазият содир бўлмайди.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар