Санъат Шихов: Кубок финалида ғолиб чиқиш имкониятимиз бор
Жорий мавсумда ўзидан турлича таассурот қолдираётган клубларимиз ҳам учраб турибди. Бизнингча, бу борада гап кетганда Олмалиқнинг АГМК клубини алоҳида эътироф этсак арзийди. Боиси уларнинг ички чемпионатдаги натижалари кўнгилдагидек чиқмаётган бўлса, аксинча Ўзбекистон Кубогида финалга чиқишди. Шунингдек, Ўзбекистон Лига Кубогининг ярим финалига етиб келишди ва иштирокини давом эттиришмоқда. Шу маънода айтганда, Миржалол Қосимов бошчилик қилаётган жамоа аъзолари ўзларидан икки хил таассурот қолдиришмоқда.
Қизиқ томони шундаки, АГМК клуби учун худди ўтган йилги мавсумнинг сценарийси такрорланаётгандек. Ўшанда чемпионатдаги ўз ўрнини зўрға сақлаб қолишганди (плей-офф ўйини орқали). Ўзбекистон Кубоги финалида эса ҳамма «Пахтакор»нинг ғалабасини кутаётган бир пайтда АГМК сенсация қайд этган ҳолда ўзидан кучли ҳисобланган рақибини 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, ўз тарихида илк бор Ўзбекистон Кубогини боши узра кўтарганди. Бу йил ҳам АГМК билан «Пахтакор» яна Кубок финалида тўқнаш келишади. Буниси энди тақдирми ёки тасодиф?! Нима бўлганда ҳам иккаласи ўз меҳнатлари эвазига финалгача етиб келишди. Хўш, бу сафар нима бўларкин? АГМК иккинчи бор «Пахтакор»ни енгиб Кубокни қўлга кирита оладими ёки бу «Шерлар»га ўтган йилги мағлубият аламини олиш учун ажойиб реваншми? Айтиш керакки, АГМК сафида ҳам ажойиб ўйинчилар етарлича. Ярим ҳимоячи Санъат Шихов ҳам жамоасининг финалга қадар етиб келишида катта ҳиссасини қўшди. Айнан ушбу футболчи бўлажак баҳс олдидан ўзининг фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
- Чемпионатдаги ўйинларимиз ўзимиз истаган даражада қовушмаётганидан сўнг бор эътиборимизни Ўзбекистон Кубоги билан Лига Кубогига қаратишга мажбур бўлдик. Лекин ички чемпионатимизда охирги учрашувлардан кейин бироз бўлса-да, аҳволимиз ўнгланди дейишим мумкин. Кубок мусобақаларидан ташқари барибир ички чемпионатда ҳам муносиб иштирок этишга ҳаракат қиляпмиз. Айниқса, турнир жадвалидаги ўрнимизни имкон қадар яхшилаб олиш илинжидамиз. Энди Ўзбекистон Кубоги финалига келадиган бўлсак, ғолиб битта ўйин орқали аниқланади. Биласиз, бундай финалларда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Бундай пайтда эса бутун эътиборингизни фақат ўша битта ўйинга қаратасиз ва ҳал қилувчи баҳсгача ҳар томонлама тикланиб олиш имконияти мавжуд. Шунинг учун ҳам биз ушбу беллашувга оптимал даражада ёндашяпмиз. Албатта, финалда ютиш имкониятларимиз бор. Ахир бизда шундай имконият бўлган пайтда нега энди бундан фойдаланмаслигимиз керак?
Тан олиш керак, «Пахтакор» ўтган йилгидан-да кўра анча кучайган. Буни унинг кўрсатаётган ўйинлари ва натижаларидан билиб олиш қийин эмас. Улар рақиблар дарвозасига истаганча гол урмоқда. Шунинг учун ҳам «Пахтакор» муддатидан анча аввал чемпион бўлди. Қолаверса, Арвеладзе жамоаси ўзи қатнашаётган учта мусобақада ҳам ғолиб чиқишни мақсад қилишган. Ҳозирча эса Супелигада чемпион бўлишди ва энди навбат Кубок ва Лига Кубогига келди дейиш мумкин. Хўш, АГМК қандай қилиб «Пахтакор»ни мағлуб этиш йўлини топа оларкин? Шихов эса ушбу масала бўйича шундай деди:
- Мураббийларимиз албатта «Пахтакор»ни яна бир бор чуқур ва жиддий ўрганиб чиқадилар. Шунга асосан бизга рақибнинг кучли ва кучсиз томонларини айтиб ўргатадилар. Ўз навбатида эса биз футболчилар бундан тўғри хулоса чиқариб, финалда муносиб ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Тўғриси, ушбу ўйинни барчамиз интиқлик билан кутяпмиз. Худо хоҳласа, ўтган йилги натижани қайтаришга астойдил ҳаракат қиламиз ва бунинг учун бор кучимизни сарфлаймиз.
Кўриниб турибдики, АГМК клубида ҳам иштиёқ ўзгача. Айниқса, Кубок финалига кетма-кет иккинчи бор чиқиши ҳамда уларда яна бир бор ғолиб чиқиш имконияти мавжудлиги сабабли «Пахтакор»га қарши ўйин алоҳида аҳамият касб этади. Бунинг устига АГМК клубида барча шароит ва имкониятлар яхши даражада йўлга қўйилганлигини ҳам айтиб ўтиш ўринли. Лекин шунга яраша чемпионатда ишлари юришмаётгани бироз ажабланарли. Бироқ Кубок финалига чиққани ва Лига Кубоги ярим финалига етиб келгани эса барибир жамоанинг потенциалидан дарак бериб турибди…
- Тўғри, АГМК клубига раҳбарият томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилган, - дея мавзуни давом эттирди, Шихов. - Фақат жамоа мавсум бошида янги тузилгани учун шаклланиш жараёни ҳамда йигитларнинг бир-бирини тўлиқ тушуниб олиши учун анча-мунча вақт ўтиб кетиб қолди. Жамоадаги футболчилар эса мавжуд вазиятни тушуниб туришибди ва бундан тўғри хулоса чиқаряпмиз. Лекин ҳали ҳамма нарса қўлимиздан чиқиб кетгани йўқ. Тан оламиз, бошида мураббийларнинг кўрсатма ва тактикаларига тўлиқ тушуна олмаган пайтларимиз ҳам бўлди. Лекин энди бундай эмас, вақт ўтган сари ўйинчилар ҳам бир-бирига кўникиб қолишган. Боя айтганимдек, ҳали ҳеч нима йўқотилгани йўқ. Олдимизда иккита мусобақада ютиш имконияти турибди. Ўзбекистон Кубогидан ташқари Лига Кубогида ҳам иштирокимизни давом эттиряпмиз. Биз иложи борича ушбу фронтларда муваффақият қозонишга жиддий бел боғлаганмиз. Натижа салбий кўриниш олиб, ўйин чиқмаётган пайтда мураббийни айбдор қилиш – бу энг осон иш. Бу ҳақида олдин ҳам кўп айтганман, барибир майдонда мураббий эмас, футболчилар ўйнашади. Ахир мураббий ўйинчиларнинг ўрнига чиқиб, ўйнаб бермайди-ку. Ҳаммасига ўзимиз сабабчимиз. Боя айтганимдек, балки қаердадир мураббийнинг кўрсатмаларини яхши тушуна олмагандирмиз. Қолаверса, бир қатор футболчилар бир-бири билан илк бор ўйнашаётгани учун ҳам киришиб кетишларига вақт керак эди. Шунинг учун барча айб фақат футболчиларда деб ўйлайман. Мураббий майдон четида кўрсатмалар бериб, қандай ўйнашимизни уқтиришади. Аммо майдонда мураббийнинг кўрсатмаларини тўғри бажара олмаслик эса биз футболчиларнинг айби деб ҳисоблайман.
Фикрлар