Санжар Турсунов: Жанубий Кореядан кетаётганимда менга яна таклиф бўлди. Лекин...
Легионер сифатида бир қатор чемпионатларда тўп суриб тажриба тўплаган ярим ҳимоячи Санжар Турсунов яқинда Жанубий Кореядаги фаолиятини якунлагани ҳақида хабар бергандик. Шундан сўнг Турсунов қайси жамоада тўп суриши кўпчиликни қизиқтираётганди. Кейин эса Санжарнинг “Бунёдкор”да фаолиятини давом эттириши борасидаги хабарлар ҳақиқатга айланди. Футболчи “Тэджон Ситизен”дан кетганидан кейин бир қатор саволларимизга жавоб олиш истагида у билан суҳбатлашиш пайида юргандик. Куни кеча Турсунов таклифимизга рози бўлган ҳолда саволларимизга ўз жавобларини билдирди.
- Жанубий Кореядаги фаолиятингизни якунлаб Тошкентга қайтиб келдингиз. “Тэджон Ситизен” клуби тарк этишингизнинг асосий сабаби нима билан боғлиқ эди?
- Жамоада мураббий ўзгарганди. Раҳбарият “Тэджон Ситизен”га янги бош мураббийни олиб келди. Ҳар қандай мутахассиснинг ўзига яраша футболга қарашлари бор. У ҳам клубга келгач, бошқача услубни қўллай бошлади. Жамоада иш бошлаганидан кейин ўша мураббийнинг машғулотларида бир неча кун иштирок этдик. Лекин қарасак, бир-биримизга тўғри келмаслигимиз кўриниб қолганди. Унинг ўзи ҳам менинг тактик услубларимга тўғри келмайсизлар деди. Шу тариқа, биз “Тэджон Ситизен”дан кетишга қарор қилдик.
- Кореядаги фаолиятингиз ўтган йили бошланганди. Ўшанда у ерга ўзгача мақсад ва режалар билан келгандингиз. Энди айтинг-чи, ушбу мамлакатда тўп суриб қанчалик ўйлаган ниятларингиз амалга ошди?
- Аслида ҳар бир мамлакат ва ҳар бир клуб аввало сиз учун янги чақирув ва янги тажриба бўлиб хизмат қилади. Ўйлашимча, бир қанча жиҳатлар бўйича тажриба олиш мумкин. Эсимда, клубга борган пайтда келаси йил учун асосий лигага чиқиш вазифаси қўйилади деб айтишганди. Яъни, ушбу мавсумни назарда тутишганди. Аслида ўтган йили ҳам биз Жанубий Кореянинг асосий лигасига чиқишимизга озгина қолганди. Лекин ўшанда плей-офф ўйинида омадимиз чопмаганди. Шундан кейин мақсад яна жиддий бўлади дейишганди. Бироқ нимадир бўлди-ю, клубнинг режалари бутунлай ўзгриб кетди. Негадир “Кей” лигага чиқиш вазифаси кун тартибидан олиб ташланди. Мен борган пайтда ҳам уларга жамоа билан асосий лигада тўп суриш ниятим борлигини айтгандим. Аслида уларнинг ниятим ҳам шундай эди. Бироқ...
- Тошкентга қайтганингиздан сўнг сизнинг қайси жамоада тўп суришингиз қизиқтираётганди. Ниҳоят, энди ҳаммаси ойдинлашди...
- Ҳа, ҳозирги пайтда мен “Бунёдкор” жамоаси билан шуғулланиб юрибман. Ўйлашимча, кейинги турда “Насаф” билан бўладиган учрашувда иштирок этсам керак. Энди мен “Бунёдкор” аъзосиман.
- Шунингдек, сизни яна легионер мақоми остида бошқа чемпионатда тўп суришингиз мумкинлиги ҳақида ҳам эшитгандик. Бу ҳақиқатга мос келармиди?
- Жанубий Кореядан кетаётган пайтимда менга яна ушбу мамлакатда қолиб фаолиятимни давом эттириш юзасидан таклиф билдиришганди. Лекин ўзим буни хоҳламадим. Ҳали трансфер ойнаси узун. Нима бўлишини вақт кўрсатади. Балки ўйлашимча, “Бунёдкор” клубида қишгача қоларман. Лекин футболда доим кутилмаган янгиликлар бўлиб туради. Бир кунда ҳамма нарса ўзгариб кетиши ҳам мумкин.
- Кореяда бир қатор ҳамюртларимиз ўйнаб кетишди. Сиз ҳам у ерда тўп суриб келдингиз. Нима деб ўйлайсиз, футболчи Жанубий Кореяда қанчалик даражада ривожланиши мумкин?
- Жанубий Корея биздан анча кучли. Ҳаттоки, биринчи дивизиони ҳам чемпионатимиздан кучли. Нафақат ўйин жиҳатидан, балки маблағ томондан, ўйиндаги ташкилотчилик ва яна бошқа масалалар бўйича ҳам улар биздан анча олдинда. Афсуски, олдинда.
- Мана, сиз бир қатор мамлакатларда ўйнадингиз ва у ерлардаги футболга қаратилаётган эътибор, шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб келмоқдасиз. Шуларни ҳисобга олганда, ўзимизнинг чемпионатда кўпроқ нимага эътибор қаратиш керак ва қайси йўналишларни кучайтириш зарур деб ҳисоблайсиз?
- Ўзингиз ҳам кўриб турибсиз, футболимизда катта ўзгаришлар бўляпти. Футболнинг ичидаги инсонлар ишлашяпти. Ўйлашимча, энди футболимиз пастдан юқорига қараб кўтарилиши керак. Лекин мен айнан ниманидир кучайтириш керак, шунда Кореяга етиб оламиз деб айта олмайман. Бу икки-учта нарсага тааллуқли эмас, балки жуда кўп жараённи ўз ичига олади. Нима бўлганда ҳам футболимиз аста-секин кучайишга ҳаракат қилиши керак. Қатар ҳам йиллар давомида сабр қилиб келди. Футбол учун катта-катта пуллар сарфланди. Мана, энди қилаётган меҳнатларининг маҳсулини кўришяпти. Қатар бежизга Осиё Кубоги ғолиби бўлгани йўқ. Ҳар доим меҳнат қилавериш лозим.
- Умуман олганда, чемпионатимизда плюс ва минус жиҳатлари ҳақида айта оласизми?
- Сизга тўғрисини айтсам, ҳали ўзимизнинг чемпионатнинг плюсларини ҳам, минусларини ҳам кўрмадим. Ҳали ўзим бевосита чемпионатда иштирок этмаётганим учун бу ҳақида бирор нима дейишим қийинроқ. Ўйлайманки, ҳаммасини вақт кўрсатади.
- “Бунёдкор” бош мураббийи Вадим Абрамов сиз ҳақингизда фикр билдирар экан, у менинг услубимни яхши билади. Бир-биримизни тушунишимизда муаммо бўлмайди деб айтганди. Сиз учун ушбу мутахассис билан ишлаш қанчалик қулай?
- Вадим Карленович билан ишлашнинг қулай томонига келсак, билсангиз мени терма жамоага биринчи бўлиб у чақирган. Абрамовни биринчи марта кўриб тураётганим йўқ. Нимани хоҳлаши ва нимани талаб қилишини ҳам яхши биламан. У тўғри айтган, бир-биримизни тушуниш борасида муаммо йўқ.
- Жамоа таркибида аксарияти ёшлардан иборат. Тажрибали ўйинчилардан Мурод Зуҳуров, Анвар Ғофуров ва Лутфулла Тўраев бор эди. Мана, энди сизлар қўшилдинглар. Мавсум бошида эса кўпчилик “Бунёдкор”га ишонмаганди. Ҳарқалай бу аввалги “Бунёдкор” эмас. Сиз эса янги жамоа билан бирга шуғулланяпсиз ва ёшларни кўряпсиз. Фикрингиз қандай?
- Тўғри, клубда ёшлар кўп. Асосийси, уларнинг ҳаракати бор. Мураббийнинг кўрсатмасига қулоқ солиб, тўғри йўналишда ишлашда давом этишса, “Бунёдкор” янада хавфли жамоага айланади. Клуб келаси йилдан бундан-да кучли жамоага айлана олади. Мана, ҳозирданоқ “Бунёдкор” совринли ўринлар учун курашишда фаоллик кўрсатяпти.
- Абрамов билан ишлашни бошлагач, сиз учун мақсадларингиз қандай кўриниш оляпти?
- Ҳар доим ҳар хил мақсадлар бўлади. “Бунёдкор” билан юқори ўринлардан бирини қўлга киритмоқчиман. Раҳбарият олдимизга қўйган вазифани бажариш йўлида мен ҳам ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Ўртамизда эса катта ишонч бор.
- Вадим Абрамов туфайли сизнинг терма жамоадаги фаолиятингиз бошланганди. Лекин охирги йилларда терма жамоамиздан узилиб қолдингиз. Айниқса, Самвел Бабаян бош мураббий бўлиб келгач, деярли чақирилмадингиз ва шу тариқа сиз мтждан четда қолдингиз. Орада эса Эктор Купер сизни бир бор ўртоқлик учрашувига чақирди...
- Ростини айтсам, у пайтларни эслагим келмаяпти. Чунки ўшанда бошқача вазият бўлган. Шунинг учун ҳам бўлиб ўтган ишларни эслашни хоҳламаяпман. Қандайдир ёқимсиз ҳолат бўлганди.
- Абрамов қўл остида ўйнагач, яна терма жамоага қайта олишингизга ишоняпсизми?
- Ўзбекистон учун ўйнашни ҳар доим хоҳлайман. Чунки мен учун ватан туйғуси жуда қадрли. Қолаверса, четда кўп юрганим боис ватанимни соғинаман ва бунинг моҳиятини яхши тушунаман. Шу сабабли ҳам менда ватанпарварлик туйғуси кучли. Мени исталган пайтда чақиришса, ватаним учун ёрдам беришга ҳамиша тайёрман.
- Сиз учун Вадим Абрамовнинг бошқа мураббийлардан фарқли томони нимада?
- Инсонлар ҳам ҳар хил бўлишади-ку. Шундай экан, мураббийлар ҳам турлича. Вадим Абрамовнинг ўз ўйин услуби бор. У жамоасининг футболчиларни бир-бирига аниқ паслар узатиб ўйин ташкил қилишини яхши кўради. Айниқса, чиройли тарзда ҳужумкор футбол кўрсатишини севади. Айниқса, “Барселона”нинг ўйин услубига ва Гвардиоланинг тактикаларига яқинроқ деб ўйлайман. Кўриб турганингиздек, ҳозирда “Бунёдкор”даги ёшлар ҳам маза қилиб футбол ўйнашяпти. Четдан қарасангиз ҳам мураббий қандай тактикани қўллаётганини пайқаш мумкин.
- Олдин эшитгандим, Абрамов терма жамоада ишлаётган маҳалда футболчиларга 10-15 дақиқа давомида “Барселона”нинг ўйинини видео орқали сизларга кўрсатар экан, шу ростми?
- Ҳа, рост.
- Ҳозир ҳам шундайми?
- “Бунёдкор”га қўшилганимга бир ҳафта бўлди. Аммо ҳали “Барселона”нинг ўйинларини кўрганимиз йўқ.
- Яқинда жаҳон чемпионати саралаш баҳсларининг иккинчи босқичи бошланади...
- Ҳозир ҳамма футбол ўйнашни билади. Масалан, олдин 10 та жамоа бўлса, шундан ярми билан бемалол ўйнардик ва қолгани билан қийналардик. Энди эса ҳар бир учрашув қийин бўлиб қолган. Шунинг учун гуруҳдан чиқиш ҳам осонлик билан қўлга киритилмайди. Лекин гуруҳда 1-ўрин билан чиқишимиз шарт деб ўйлайман. Бу борада ҳаммаси фақат ўз қўлимизда.
Фикрлар
ШухратБек Бек йигит булиб бир совол берингчи нима у/н Бунёдкор б/н келишув трансфер ойнаси расман ёпилиб булгандан сунг амалга оширилди.
Узи хохлаган клубдан таклифни кута-кута охири иложсизликдан Бунёдкор б/н келишувга эришилдими ёки бунга бошка сабаб булганмикан.