Саудия чемпионатига мослашиб олган Шукуров!

Ёзги трансферлар ойнасида "Кайсериспор"дан Саудиянинг "Ал-Фейҳа" клубига кўчиб ўтган Шукуров ваниҳоят ўзига кўпроқ ўйин амалиётига эга бўладиган жамоа топганга ўхшамоқда. Гарчи Туркиядаги биринчи йиллар яхши бўлган бўлса-да, охирги мавсумда ярим ҳимоячимиз қийналгани бор гап. Аммо бугун Ўзбекистон терма жамоасининг асосий аъзоларидан бири бўлган футболчимиз янги клубида ўзини кўрсатишни бошлади. 

Шукуров қишда "Фотих Карагюмрук" билан шартномасини бекор қилиб, Туркиянинг бошқа бир жамоаси "Кайсериспор"га кўчиб ўтди. Ўшанда у жамоа билан бир ярим йиллик битим имзолади ва бу ярим ҳимоячига қимматга тушди. Гап шундаки, у кўп ўйин амалиётига эга бўла олмай қолди. Футболчи кайсериликлар таркибида жами 12 та учрашувда майдонга тушган. Бу ҳар қандай ўйинчи учун камлик қилади. Шундан кейин ёзда Отабек жамоасини ўзгартиришга қарор қилди. Аммо клуб билан шартнома бор ва у ушбу мавсум сўнггига қадар амал қилади. "Кайсериспор" эса ярим ҳимоячини текинга қўйиб юборишни истамайди. 

Бу вазиятда яхшиямки "Ал-Фейҳа" ёрдамга келди. Саудияликлар футболчимизни 400 минг еврога сотиб олишга қарор қилди. Баъзи мухлислар учун бу яхши янгилик бўлмаган бўлиши мумкин. Аммо агар Саудия клуби уни сотиб олмаганида, "Кайсериспор"да қолиб, захирада ўтириши мумкин эди. Бу нафақат Шукуров учун, балки терма жамоа учун ҳам ёмон. Олдинда бизни жуда жуда муҳим учрашувлар кутиб турганда, ҳар бир футболчимизнинг спорт формаси зўр бўлиши керак. 

"Ал-Фейҳа" мазкур мавсумни жуда ёмон бошлади. Клуб кетма-кет 3 та турда фақат мағлубиятга учради. Шукуров асосий таркибда майдонга тушган "Ал-Ҳалиж"га қарши баҳсда эса жамоа илк дурангини, "Ар-Риёд" билан бўлиб ўтган баҳсда эса илк ғалабасини тантана қилди. Ушбу ўйинда Отабек тўлиқ ҳаракат қилиб, энг кўп пас берган футболчига айланди. Шу билан бирга, 6 марта иккинчи қаватдан шерикларига пас бера олди. Битта зарба, битта муваффақиятли дриблинг ва сариқ карточка билан "Sofa Score" томонидан 7.0 балл олди. 

Кейинги турда "Ал-Фейҳа"ни "Ал-Веҳдад"га қарши ўйин кутиб турибди. Шундан кейин ярим ҳимоячи терма жамоа таркибига келиб қўшилади. 

Суҳроб Холбеков

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Pardayev Shavkat
30/09/2024 20:38
Отабекка омад ёр бўлсин!