Саудияликлар Мессининг мамлакатга келишига рухсат беришмади
“Интер Майами”нинг аргентиналик ҳужумчиси Лионель Месси қишки танаффусни Саудия Арабистонида ўтказишни мақсад қилган эди.
Goal нашрининг ёзишича, “Олтин тўп”нинг саккиз карра соҳибига Саудия Арабистони томонидан рад жавоби берилган.
Ёзда 38 ёшли футболчининг вакиллари Саудия Арабистонининг “Mahd Sports Academy” спорт академиясига қисқа муддатли келишув таклифи билан мурожаат қилган эди. Месси мавсумлар орасида жисмоний ҳолатини сақлаб қолиш учун бу мамлакатда шуғулланишни режалаштирганди. Чунки МЛС мавсуми декабрь бошида якунланади ва шундан кейин тўрт ойлик танаффус берилади.
- Ёзда АҚШда ўтказилган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати пайтида менга Мессининг вакиллари ҳақиқатан ҳам мурожаат қилишган. Лионель мавсумлар орасидаги танаффусда формада қолиш ва келгуси жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўришни учун Саудия Арабистонида шуғулланишни хоҳлаган эди, — деди “Mahd Sports Academy” бош директори Абдулла Ҳаммад.
Ҳаммаднинг айтишича, Саудия Арабистони бош вазири бошқа чемпионатлар юлдузларига мамлакатда машғулот ўтказишга рухсат бермаслик ҳақида кўрсатма берган. Академия фақат Саудия клублари билан шартномага эга ўйинчинларга бундай имконият яратиб бериши мумкин.
Саудия Арабистони чемпионатининг асосий юлдузи ҳозир “Ан-Наср”да ўйнаётган португалиялик Криштиану Роналду ҳисобланади.



Фикрлар