Секейра Тожикистон термасидан тушган таклиф, Ўзбекистондан умид узмагани ва янги мақсадлари ҳақида гапирди

“Локомотив” клубининг португалиялик собиқ бош мураббийи Микаэль Секейрани ҳали унутмаган бўлсангиз керак. Ўтган йили юртимиздаги фаолияти мобайнида уни кўпроқ нимаси билан эслаб қолдингиз? Бу борада гап кетганида аксарият мухлислар ўзбек футболи ҳақида кескин фикрлари бутун дунёга овоза бўлгани орқали янада яхшироқ хотираларида қолган бўлса ажаб эмас. Шу билан бирга Секейранинг тактик жиҳатдан кучли мутахассис эканлигини кўплаб ҳамкасбларидан эшитганмиз.

Айни пайтда ватанида оила даврасида ҳордиқ чиқараётган мутахассиснинг хизматига жиддий қизиқиш билдираётганлар талайгина. Биздаги маълумотларга кўра, унга Тожикистон миллий терма жамоасини бошқариш таклифи билан чиқишган. Лекин Секейра буни қабул қилмаган.

“Ростдан менга бир қатор таклифлар тушди, уларнинг орасида Тожикистон миллий терма жамоасидан ҳам чақирув бор эди. Албатта, менга Португалиядан ҳам клублар хизматимга қизиқиш билдиришди. Лекин ҳозирча таклифларга рози бўлганим йўқ. Лекин менга Тожикистон миллий терма жамоасидан таклиф бўлгани ҳақиқат. Аммо шуни ҳам қўшимча қилишим жоизки, мен ҳар қандай чақирувларга очиқман. Айниқса, ўзбекистонлик яхши инсонлар билан ишлашга доимо тайёрман”, - дея вазиятга изоҳ берди Секейра.

секейра1_3

Эътиборлиси, “Локомотив”дан кетган мураббий ҳали ҳам Ўзбекистондан кўнгил узгани йўқ. Гарчи футболимиз ҳақида жиддий гапларни айтган бўлса ҳам унга чемпионатимизда ишлаш ёқиб қолган. Ўтган вақт давомида у юртимиздаги фаолиятини яхшилаб таҳлил қилиб чиққан кўринади. Агар таклиф бўлса, кўриб чиқишга тайёрлигини ва мураббий сифатида катта натижалар кўрсатиши ҳақида дадил гапиряпти.

“Яширмайман, мен Ўзбекистондан умидимни узмаганман, - дея мавзуни давом эттирди мураббий. - Олдин айтганимдек, мен мураббий сифатида Ўзбекистонни жаҳон чемпионатига олиб чиқишга ҳамиша тайёрман. Бунга кучим ҳам, кўзим ҳам етяпти. Бу борада менга яхши вариант чиқса, ўзимни кўрсатишни истайман. Ўзбекистон менинг юрагимда қолган. Маъсулиятли вазифани менга ишониб топширишса, бажонидил бажараман. Ҳар қандай яхши лойиҳаларни кўриб чиқаман.

“Локомотив” клубидан кетганимдан сўнг, мени яна Ўзбекистонга қайтиш ниятим бор эди. Қайтган тақдиримда ҳам кўп нарсани ўзгартириш режамда турганди. Айниқса, ўзбек футболини ўзгартириш учун ўйлаб қўйган режаларим бор. Ўзбекистон мен учун жуда ажойиб мамлакат. Ўзига яраша тарихи бор, одамлари самимий. Аммо фикрим бўйича ўзбек футболининг системасига ўзгартиришлар киритиш керак. Ҳали ҳам юртингизга қайтиш ниятим бор. Терма жамоалардан ёки клублардан чақирувлар бўлса, буни кўриб чиқаман. Авваламбор, футболни тўғри йўналишга солиш учун ёшлар билан ҳам тўғри ишлаш даркор. Бунинг учун эса аниқ режалар тузиш керак. Менда бундай режаларнинг барчаси бор. Айниқса, ўйин тизимини янада такомиллаштириш лозим. Мен бу ҳақида сизга ҳозир ҳаммасини тўлиқ айта олмайман. Жаҳон футболида ҳам катта ўзгаришлар юз беряпти. Шунинг учун ҳар бир терма жамоа ва клуб иш юритиш сиёсатини билиши керак. Ўзбекистонда катта иқтидорга эга бўлган ёшлар жуда кўп. Ўшалар билан бемалол мундиалга чиқса бўлади. Қолганини вақт кўрсатади. “Локомотив”ни тарк этганимдан кейин ҳам ўз устимда ишлашни давом эттиряпман. Аммо собиқ клубим ҳақида бирор нима дея олмайман. Биз чиройли тарзда хайрлашдик. Агар ўзбек футболи ривожи учун ўз ҳиссамни қўшсам ўзимни бахтиёр ҳис қиламан”.

секейра2_2

Дарвоқе, Секейра билан “Локомотив”да бирга ишлаган мураббий испаниялик Даниэл Чабреранинг вафоти ҳам Микаэлни қаттиқ қайғуга солиб қўйди. Улар биргаликда бир қатор жамоаларда самарали фаолият кўрсатишган. Шу ўринда португалиялик мутахассис марҳум ёрдамчиси ҳақида гапирди.

“Дўстим Даниел Чабреранинг бевақт ўлими мени қаттиқ қайғуга солди. У билан Саудия Арабистонида ҳам, Ўзбекистонда ҳам бирга ишлагандик. Биласизми, мен Чабреранинг руҳини шод бўлиши учун ҳам бундан кейин қаерда ишлашимдан қатъи назар, яхши натижа кўрсатиб, муваффақиятни айнан унга бағишлашни хоҳлайман.

Юқорида айтганимдек, менга бошқа клублардан қизиқишлар бўлди. Лекин вариантлар кўнглимга тўғри келмаганлиги сабабли ҳозирча бундай таклифлардан воз кечдим”.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!