"Секейрани олдин билмасдим, муаммо чиқармасдан тинчгина кетдим, менга "Локомотив"да иккита нарса етишмади...ёхуд Барданканинг ҳеч қаерда айтмаган гаплари
Мавсум бошида Тошкентнинг “Локомотив” клубига қўшилган испаниялик ҳимоячи Диего Барданка биринчи давра баҳслари тугамасидан олдин жамоани тарк этганди.
Куни кеча у Польшанинг “Пуша” жамоасига кўчиб ўтди. Лекин унинг дилида айтилмаган гаплари қолиб кетганди. Sports.uz мухбири билан суҳбатда футболчи бир қатор эътиборга молик фикрларини билдирди.
- Диего, сизнинг “Локомотив”даги фаолиятингиз узоқ давом этмади. Кутилмаганда, клубни тарк этиш ҳақида ўйладингизми ёки у ерда сизга бирор нима ёқмадими?
- Очиғини айтадиган бўлсам, ростдан ҳам бу мен учун жуда кутилмаган ва зудлик билан содир бўлган воқеа бўлди. Айтганингиздек, Ўзбекистонда жуда қисқа вақт бўлдим. Лекин ушбу мамлакатдаги олган тажрибам учун жуда миннатдорман. Барчангиздан хурсандман. Яхши ва ёмон жиҳатлар ҳар қандай ҳолатда ҳам менинг ўсишимга ёрдам беради. Мен инсон ва профессионал футболчи сифатида ушбу мамлакатда ўсишга эришдим.
- Сизни “Локомотив”га Секейра таклиф қилган. Кейин эса у сизни баъзи ўйинларда захирада қолдирди. Мураббий билан келишмовчилик бўлганми?
- Сизга тўғрисини айтсам, мен Секейрани олдин билмасдим. Албатта, уни жуда ҳурмат қиламан. Ундан майдонга тушган пайтларимда бунинг сабабини сўрамаганим каби, ўйнамаган пайтларимда ҳам бу ишни қилмаганман ва нега майдонга тушмаганим борасида мураббий билан гаплашмаганман. Шунчаки, ўзимни энг яхши ўйинимни кўрсатишга ҳамда тезроқ асосий таркибга қайтишга ва ҳар қандай ҳолатда жамоага ёрдам беришга ҳаракат қилдим, профессионал футболчи сифатида. Буни футболдаги асосий вазифам ва бурчим, деб ҳисоблайман. Ўзбекистон Кубогида “Андижон”га қарши тўп сурганимизда энг яхши ўйинчи бўлдим. “Арал Самали” билан ҳам яхши ўйнадик. Аммо кейин менга етарлича имконият берилмади.
- Нима деб ўйлайсиз, балки клубдан кетишга шошилгандирсиз?!
- Клуб менга иқтидосий ҳолати ҳақида гапириб берганидан сўнг, тарк этдим.
- Демак, “Локо”ни молиявий муаммо сабабли тарк этганингиз рост эканда?!
- Клубдан кетишимнинг асосий сабаби айнан иқтидосий томони эди. Улар менга молиявий муаммо борлигини айтганлари учун кетдим. Мен доим жамоага ёрдам беришни хоҳлаганман. Албатта, клубдаги вазиятни тўғри тушунганман. Охирги вазиятда ҳам уларнинг қарорини тўғри тушундим. Муаммо юзага келтирмасдан тинчгина кетишни маъқул кўрдим. “Локомотив”га энди қўшилган пайтимда айтганман: мен клубга ёрдам бермоқчиман! Ўйлайманки, у ердаги биринчи кунимдан охирги кунимгача сўзимнинг устидан чиқишга ҳаракат қилдим. Ҳаттоки, ўзимдан воз кечиб бўлса ҳам, жамоа манфаатини биринчи ўринга қўя олдим.
- “Локомотив” клубининг кўпроқ нимаси сизга ёқди?
- “Локомотив”даги фаолиятимда энг ёққан нарса, шубҳасиз у ердаги инсонлар. Одамлар менга жуда ёқди. Улар менинг муҳитга тезроқ мослашиб кетишимга ёрдам беришди. “Локомотив”да меҳрибон ва самимий инсонлар ишлайди. Шифокорлар, кийим ювувчилар, ошпазлар, тозаловчилар, боғбонлар, бутун бошли клуб тизими, жамоа атрофидаги барча шахслар ва айниқса, жамоадошларим менга катта ёрдам беришди. Менда барчаси яхши таассурот қолдирди. Шунингдек, мен мухлислар ва сиз журналистларни ҳам эътироф этишни маъқул топган бўлардим. Сизлар менинг Ўзбекистондаги фаолиятим осонроқ ўтишида катта ёрдам бердинглар.
- Сизнингча, “Локомотив” бу йил қайси ўринни эгаллай олади?
- Очиғи, билмайман. Тахминлар қилиш доим қийин. Бизда потенциал юқори эди. Буни майдонда ҳам кўп ўйинларда исботлай олдик. Мавсум аввалида эса чемпионликни мақсад қилгандик. Балки бу йўлда янада кўпроқ меҳнат қилиш керакдир. Симеоне таъбири билан айтганда, ўйиндан-ўйингача. Яхши жамоа ва яхши натижаларни келтириш учун кўп нарсалар керак бўлади. Авваламбор, ажойиб ўйинчилар ва бу бизда бор бўлган жиҳат эди. Лекин менга “Локомотив”да футболчи сифатида иккита нарса етишмади деб ўйлайман: вақт билан сабр!
- Ўзбекистон чемпионатига испаниялик футболчи келди дейишганида албатта сизга жуда қизиққандик. Аслида бу ерга келишдан асосий мақсадингиз нима эди?
- Менинг ушбу лигага келишим учун энг катта сабаб – бу унинг кучи эди. Биламанки, Ўзбекистон чемпионати Осиёдаги энг яхшиларидан бири. Мамлакатингиз футболининг потенциали билан яхши таниш эдим. Футболга ёндашув услубингиз ва футболдаги хиссиётларингиз менга таниш эди. Мухлислар эса ўз клубларини фантастик даражада қўллаб-қувватлашади. Бунгача “Локомотив”ни билардим. Бу клуб Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги кучли жамоаларидан бири эди. Ушбу клубга келишим менинг фаолиятимда катта қадам эди. Афсуски, футболда, ҳаётда ҳаммаси режа бўйича кетмайди ва режалардан ташқарига ҳам чиқиб кетиши мумкин. Лекин бу ерга келганимдан ва фаолият юритганимдан ҳеч қачон ачинмайман. Очиғи, келгусида яна Ўзбекистонга қайтишни хоҳлаган бўлардим. Балки мураббий, балки футболчи сифатида. Бунга доим тайёрман. Менда ўзбек футболини ривожлантириш учун бир қанча идеа ва ғоялар мавжуд. Бу мамлакат олмосга ўхшайди.
- Ўзбекистонда қайси футболчи сизга энг яқин дўст бўлиб қолган?
- Мен жамоа билан жуда аҳил эдим. Тўғри, бошида осон бўлмаган. Чунки клубда чет эллик ягона футболчи эдим. Жамоада мени жуда яхши кутиб олишган. Ҳаммаси ажойиб йигитлар. Мен Абдумавлон Абдужалилов билан яхши чиқишардим. У доим ҳар сафаримизда менга хонадош бўларди. Шунингдек, Ислом Қобилов, Жавоҳир Сиддиқов, Кахи Махарадзе, Санжар Қодирқулов билан ҳам яхши алоқада эдим. Ҳозирда ҳам улар билан тез-тез гаплашиб турамиз.
- Умуман айтганда, Ўзбекистон чемпионати сизда қандай таассурот қолдирди?
- Ростини айтаман, менга Ўзбекистон чемпионати ёқди. Стадионлардаги муҳит ҳам ажойиб эди. Мухлисларга гап йўқ. Бу ерда яхши даражадаги футболчилар бор. Чемпионат тўғри йўлда ривожланиб боряпти. Ўйлайманки, Суперлига янада ривожланиб кетиши керак. Айтиб ўтганимдек, сизларда жуда яхши потенциал мавжуд. Ўзбек футболидаги кичик деталларни ҳал қилиб олган тақдирда футболингиз янги босқичга кўтарилиши керак. Кўп ўйинларни кузатиб чиқдим. Рақибларимни таҳлил қилишни яхши кўраман. Уларнинг тактикалари, қандай қилиб тўхтатиб қолиш мумкин, жамоадаги вазият, ҳаммасини кузатаман. Шу жиҳатдан комил ишонч билан айта оламанки, Суперлигада яхши даражадаги истеъдодлар жуда кўп. “Пахтакор” ҳозирда энг яхши жамоа. Жадвал бизга буни кўрсатиб турибди. Уларда кучли ўйинчилар бор. Жамоа сифатида эса “Насаф”нинг ўйини менга кўпроқ ёқди. Яхши ўйнашади ва футболчилари бир-бирини зўр тушунишади. “Сўғдиёна”ни ҳам таъкидлаб ўтишни хоҳлардим. Ҳимоявий ўйинда улар яхши. Бир-бирига доим ёрдам беришади. Жуда ҳам жипслашган жамоа. “Сўғдиёна”ни мағлуб этиш қийин. “Бунёдкор” ва “Металлург” ҳам яхши таассурот қолдирди. Бу жамоалар тўп билан ўйнашни яхши кўришади. Уларнинг асосий фалсафалари ўйинни орқа чизиқдан бошлаб қуриш. Майдоннинг тўртдан уч қисмида вертикал футбол ўйнайди. Менга бундай ўйин услуби ёқади. Ўзбек футболида бу каби яхши жамоалар кўп. Уларни ўз кўзим билан кўрганим ва рақобатда бўлганимдан фахрланаман. Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоасини ҳам порлоқ келажак кутиб турибди.
- Сизга Суперлигадан яна таклиф бўлса, нима қиласиз?
- Ушбу трансфер бозорида Ўзбекистоннинг бошқа жамоаларидан таклифлар бўлди. Бироқ уларни қабул қила олмасдим. Чунки Польшанинг “Пуша” клуби билан шартнома бўйича келишиб қўйгандим. Ўзбекистонда кўп нарсаларни ўрганишга улгурдим. Оз муддат давомида сизларнинг тилингизни, маданиятингизни, ҳаёт тарзингизни, одамларни ўргандим. Шунчаки, раҳмат Ўзбекистон, дея оламан. Мени инсон сифатида ўсишимга катта ёрдам бердингиз. Агар бу давлатдан яна менга таклифлар бўлса, буни жиддий қадрлайман. Унутмайманки, мамлакатингизда бахтли эдим. Бу нарсани бирор нима билан баҳолаб бўлмайди.
- Польша клубига кетишингиз нима билан боғлиқ эди?
- Мен олдин ҳам у ерда ўйнаганман. Шу боис бу клубга яна қайтишга қарор қилдим. Бу жамоа менга мос келади.
- Суҳбат учун раҳмат. Келгуси ишларингизда омад тилаймиз.
- Раҳмат (соф ўзбекчада).
Фикрлар