Сенсация кўтарган дзюдочиларимиз Олимпиадани қандай якунлади?

Франция пойтахти Париж шаҳри мезбонлик қилаётган ёзги Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган дзюдо беллашувлари якунланди.

Дзюдо баҳсларида дунёнинг турли мамлакатларидан жами 372 нафар спортчи ғолиблик учун кураш олиб борди. Эркаклар ва хотин-қизлар 7 тадан вазн тоифасида татамига чиқди. Шунингдек, мусобақаларни жамоавий беллашувлар якунлаб берди.

Дзюдо усталари умумий ҳисобда 15 та медаллар жамланмаси учун баҳслашди.

Париж Олимпиадасининг энг катта сенсацияларидан бири ҳамюртимиз Диёра Келдиёрованинг 52 килограммгача вазн тоифасида олтин медалга эга чиққани бўлди. Бунгача дзюдочиларимиз Олимпия ўйинларида бирор маротаба чемпион бўлмаган, полвон қизларимиз эса шоҳсупага яқинлашмаган эди.

Тан олиш керак, қуръа Диёра Келдиёровани амалдаги жаҳон ва олимпия чемпиони Ута Абэга рўбарў қилганида ўзбек қизининг ғалаба қозонишини ҳеч ким кутмаган эди. Беш йил давомида элликка яқин беллашувда мағлубият нималиги билмай келаётган япон дзюдочиси кураги қандай ерга текканини билмай қолди. Диёра қўллаган тезкор усул Абэнинг кўз ёшларига сабаб бўлди.

Умуман олганда, Диёра Келдиёрова олтин медаль учун курашдаги энг жиддий рақибасини мағлуб этганидан кейин ҳам кучли дзюдочилар билан татамига чиқишига тўғри келди. Диёра кейинги баҳсларда жаҳон ва Европа чемпионатлари совриндори германиялик Маша Болхаус,  жаҳон чемпионати совриндори ва халқаро турнирлар ғолибаси франциялик Амандин Бушар, Европа чемпионатлари совриндори, жаҳон ва амалдаги олимпия чемпиони косоволик Дистрия Красничини енгиб, олтин медалга сазовор бўлди.

Эркаклар ўртасидаги мусобақаларда иштирок этган ўзбекистонлик дзюдо устуларидан оғир вазнли полвонларимиз ўзини кўрсатди.

Оғирлиги 100 килограммгача бўлган паҳлавонлар ўртасида Музаффарбек Тўрабоев фақатгина битта учрашувда имкониятни бой берди. Бу мағлубиятдан кейин ҳамюртимиз учун максимал натижа бронза медаль эди ва Музаффарбек бунга эришни уддалай олди.

Ўта оғир вазн тоифасида Алишер Юсупов кетма-кет огоҳлантириш олгани оқибатида тожикистонлик рақибини кейинги босқичга ўтказиб юборди. Кейинчалик грузиялик полвон мусобақалардан четлатилгач, Алишерга бронза медаль учун йўл очилди.

Полвонимиз бу имкониятни қўлдан бой бермади ва терма жамоамиз ҳисобга битта медаль қўшиб қўйди.

Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси битта олтин ва иккита бронза медаль билан Олимпия ўйинларини умумжамоа ҳисобида олтинчи ўринда якунлади.

Бу борада биринчи ўрин дзюдо ватани вакиллари – японларга насиб қилди. Улар ўз миллий кураш турларида учта олтин, иккита кумуш ва учта бронза медалга эга чиқди.

Франция терма жамоаси энг кўп – 10 та медаль жамғарди. Шулардан бир жуфти олтин, яна шунча кумуш ва олтита бронза медаль бўлди.

Кучли учликни иккита олтин медалга эга чиққан Озарбайжон терма жамоаси якунлаб берди. Ўзбекистондан юқоридаги яна икки поғонани Грузия ва Бразилия терма жамоалар вакиллари эгаллади. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!