Сергей Арслонов: "Қандайдир қўрқув бор эди..."
“Сурхон” – “Андижон” (1:0) беллашувидан сўнг термизликлар бош мураббийи Сергей Арслонов матбуот анжуманида қатнашди.
- Сергей Сергеевич, ўйин ҳақида нима деган бўлардингиз?
- Биринчи ўйинимизга қараганда яхшироқ кечди. Қандайдир қўрқув бор эди. Бу кейинчалик йўқолди ва ижобий натижага эришдик.
- Кеча “Нефтчи” бош мураббийи рақиб хатоларини айтганди. “Андижон” биринчи турда “Насаф”ни ютиб келди. Рақиб ўйинининг бўш зоналари ва ютуққа етаклайдиган чизиқларини кўрдингизми?
- Жуда қизиқарли савол. Ҳозирги замонавий футболда ўз ўйинингни ва рақиб ўйинларини таҳлил қилиб ўрганмасликни иложи йўқ. Асосийси, ўз ўйинимизга эътибор қаратдик. Биз ҳимояни ёпишга ҳаракат қилдик. Бунда мураббийлар штабидагиларни катта меҳнати ётибди. Муҳими, ўз ўйинимизни яхшилаш учун катта эътибор қаратяпмиз.
- Кейинги ўйинларга режалар қандай? Биринчи турдан сўнг кўпчилик “Сурхон”ни аутсайдер сифатида кўрсатишганди?
- Ҳа, жамоамизни менсишмаяпти. Бир томондан бу бизга фойдали. Кейинги ўйинларга қандайдир сюрпризлар тайёрлаб қўйганмиз. Руҳий ҳолатимизни тиклаш муҳим эди. Биз бугун бунга эришдик. Бундан кейин ҳам янада яхшироқ, ёрқинроқ ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
- “Сурхон” ўйинни кўпроқ назорат қилди. Аммо ҳужумда ҳадеганда вазиятлар ўхшамади. Кўп клубларда ҳужумчилар муаммоси бўляпти. “Сурхон”да ҳам шу нарса кўзга ташланди.
- Йўқ, бизда бу борада муаммо бор демаган бўлардим. Ҳа, тажрибали ўйинчиларимиз йўқ. Асосан ёшлардан иборат. Тўғри, ўтган ўйинда вазиятларда оқсадик. Лекин бугунги учрашувда имкониятларни яратдик. Биринчи голни ҳам урдик, ҳисобга олинмади. Бугун йигитлар жуда катта ҳарактер кўрсатиб, ҳиссаларини қўшишди. Рақибга ҳам раҳмат айтаман. Улар камчиликда бўлган бўлса ҳам ғалаба учун охиригача ҳаракат қилишди ва интилишди. Бундай ўйинлар орқали ўйинчилар ўсиб боради.
- Қишда “Бунёдкор”да эдингиз, кейин у ердан кетдингиз, нима бўлди?
- Жуда оғир вазият бўлди, муҳокама қилиш қийин. Ҳамма тушуниб турибди, нима ҳолат бўлганлигини. Бундай бўлишини ҳеч ким кутмаганди. Афсуски, бизда эшиклар ёпилган бўлса, дарҳол бошқа таклиф бўлди. “Сурхон” жамоасини бажонидил қабул қилдим, бор маҳоратимни ишга солиб, жамоани юксалишига ҳиссамни қўшмоқчиман.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар