Сервер Жепаров: Терма жамоадаги фаолиятимни якунлаш ниятим йўқ
Ads

Ўзбек футболининг ҳозирги кундаги таниқли шахсларидан бири – Сервер Жепаровнинг ҳали ҳам мухлислари кўп. Хабарингиз бўлса, тажрибали ярим ҳимоячи ҳозирги пайтда фаолиятини Қозоғистоннинг “Жетису” клубида давом эттиряпти. Ўтган йили Эрон чемпионатида тўп суриб яхши таассурот қолдирган ўйинчи эндиликда қўшни қозоғистонлик мухлисларнинг ҳам меҳрини қозонишни мақсад қилган кўринади. Аммо у 35 ёшда эканлигини ҳам унутмаслик керак. Яна бир эътиборга молик томони шундаки, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бош мураббийи Эктор Купер уни дастлабки йиғинга таклиф қилмади. Суҳбатимиз эса асосан янги клубга ўтиши, терма жамоа ва ўзи ҳақида кечди.

- Сервер, фаолиятингизни қандай сабабларга кўра Қозоғистоннинг “Жетису” жамоасида давом эттиршга қарор қилдингиз?

- Албатта, менда иккита вариант бор эди. Эронда қолиб тўп суриш ёки Қозоғистонда фаолиятни давом эттириш. Эрон чемпионати ниҳоясига етганидан сўнг “Истиқлол” билан имзоланган келишув ҳам ўз кучини йўқотганди. Шу боис таниш-билишларни ишга солган ҳолда ўзимга мос келадиган жамоани қидиришда ёрдам сўрадим. Кўп ўтмай ҳаммаси ойдинлашиб, “Жетису” варианти юзага келди. Икки кун давом этган музокаралардан кейин ушбу жамоа билан келишувга эришдим. Бош мураббий, спорт директори ва менинг иштирокимда ўтган якуний музокарада ҳаммасини ўзаро ҳал қилишга муваффақ бўлдик.

- Сиз ҳозирда 35 ёшдасиз ва бу ёшда легионер бўлиб ўйнаш қийин. Шу боис таклифни танлашда иккиланмадингизми?

- Менинг назаримда, легионер бўлиш жуда қийин иш. 2010 йилдан бери легионерман. Айтиш мумкин бўлса, бунга кўникиб кетдим. Шу сабаб “Жетису” билан келишувга эришиш унчалик мураккаб бўлмади. Қолаверса, саккиз йилдан бери четда юраверганим туфайли янгича шарт-шароит ва муҳитга кўникма ҳосил қилишим осон кечмоқда. Хусусан, “Жетису” варианти борасида узоқ ўйланишимга тўғри келмади. Мен муносиб таклиф келиб тушишини кутгандим холос.

- Миллий терма жамоамиз янги бош мураббий – Эктор Купер бошчилигида йиғинни бошлаган. Аммо у сизни бўлажак ўйинлар учун чақирмади. Айтинг-чи, термадаги фаолиятингизни якунлаш ҳақида ўйлаяпсизми?

- Миллий терма жамоамизни тажрибали мураббий қабул қилиб олганидан жуда хурсандман. Унинг терма жамоага мени чақирмаганига келсак, ҳаммасини тўғри қабул қилиш керак. Ахир бош мураббий жамоага кимларни чақиришни ўзи ҳал қилади. Чунки ҳар бир мутахассиснинг ўйинни ташкил этиш борасида ўз ғоялари бўлади. Бевосита ўзимга келсак, терма жамоадаги фаолиятимни тугатиш ниятим йўқ. Бу ўз навбатида клуб миқёсидаги фаолиятимга ҳам тааллуқлидир. Сабаби, ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Шунинг эвазига тўп сурадиган клубим олдига қўйиладиган вазифаларни бажаришда фойдам тегиши мумкинлигига ишонаман. Мен буни “Истиқлол”да тўп суриб юрган чоғимда ҳам исботладим. Ушбу жамоа билан Осиё Чемпионлар лигаси чорак финалига чиқдим.

- Умуман олганда, сизнинг Купер ҳақидаги фикрингиз қандай? У бизни жаҳон чемпионати сари етаклаб бора оладими?

- У кўплаб мамлакатларда ишлаган ва катта тажриба тўплаган мураббийдир. Купер ҳақидаги фикрим ижобий. Назаримда, терма жамоамизда унинг ишлари кўнгилдагидек чиқади.

- Қозоғистондаги ҳаётингиз қандай кечяпти? У ерда яқин дўстларингиз – Александр Гейнрих, Тимур Кападзе, Марат Бикмаевда кейин сиз ҳам у ерга йўл олдингиз. Бу фаолиятингизнинг охирги қисмларими?

- Қозоғистондаги ишларим қандай? Яхши яшаяпман. Ўзимни худди уйдагидек ҳис қилмоқдаман. Ҳамма рус тилида сўзлашади. Шу сабаб тил борасида ҳеч қандай муаммо юзага келмайди. Фаолиятимни якунлаш ҳақидаги фикр эса умуман хаёлимга келмаяпти.

- Умуман олганда, Сервер Жепаров яна неча йил футбол ўйнамоқчи?

- Негадир сиз саволларингизда фаолиятингизни қачон якунламоқчисиз, дея бунга кўп урғу беряпсиз. Жаҳонда кўплаб футболчилар 40 ёшга тўлгунча тўп суришга эришганлар. Ҳозирча муайян мақсадларга эгаман, боз устига куч-ғайрат ва соғлик масаласида менда ҳеч қандай муаммо йўқ. Шундай бўлгач, соғлигим имкон бергунча футбол ўйнашда давом этмоқчиман.

- Янгиланган Ўзбекистон чемпионатини кузатяпсизми? Сизга қанчалик ёқяпти?

- Албатта, миллий чемпионатимиз доирасидаги ўйинларни кузатиб боряпман. Интернетда онлайн орқали учрашувларни томоша қилмоқдаман. Аммо биринчиликнинг формати ҳақида бирор нарса дейишим қийин. Чунки турнирни исталган формат асосида ўтказиш мумкин. Қолаверса, юқоридагилар ҳам ўз-ўзидан бундай тўхтамга келмаганлар.

- Сиз футбол агентлигига қизиқади деб эшитгандим. Ўзингизни кейинчалик мураббийлик ролида ҳам кўряпсизми?

- Ҳозирча футбол ўйнашда давом этаётган эканман, ўзимни чалғитадиган нарсаларга эътибор бермасликка интиламан. Менда мураббийлик учун “В” тоифали лицензия бор. Кейинчалик нима бўлишини вақт кўрсатади. Бироқ шуни ишонч билан айтишим мумкинки, ўйинчилик фаолиятимни якунлаган тақдиримда ҳам ўзимни футболдан бошқа соҳада тасаввур қила олмайман.

- Сизнингча, қайси клуб Ўзбекистон чемпиони бўлади?

- Амалга татбиқ қилинган янги форматга кўра кучли олтиликдан жой олган ҳар бир клуб чемпионга айланиши мумкин. Аммо ҳолатга реал кўз билан боқадиган бўлсак, чемпионга айланиш имконияти “Локомотив” билан “Пахтакор”да кўпроқ. Яна шуни илова қилишим керакки, бу менинг шахсий фикрим.

- Фаолиятингизни Ўзбекистонда якунлаш режангиз ҳам борми?

- Агар фаолиятимни Ўзбекистонда якунламоқчи бўлсам, буни имкон қадар юқори нотада тамомлашга ҳаракат қиламан.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.