Бир кун келиб, биз ҳам худди Ўзбекистондек “учамиз”!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов Россия Премьер-лигасида “Ростов” шарафини ҳимоя қилган даврларда легионеримиз билан бирга ўйнаган арманистонлик футболчи Хорен Байрамян ўз мамлакати терма жамоаси ҳақида фикр билдирди.
Тажрибали ярим ҳимоячи айни пайтда катта натижаларни қўлга кирита олмаётган Арманистон терма жамоаси келажакда худди Ўзбекистон футболчилари каби катта муваффақиятга эришиши мумкинлигини таъкидлади.
- Ҳар бир арманистонлик ва миллий терма жамоанинг собиқ футболчиси сифатида Арманистоннинг натижаларини оғриқ билан қабул қиляпман.
Ҳозир терма жамоада ва унинг атрофида нима қилишни биладиган одамлар жамланганига ишонаман. Жамоа ҳали ёш. Эртами, кечми Арманистон ҳам юксакларга парвоз қилади.
Бизга бу борада Ўзбекистон ўрнак бўла олади. Уларнинг муваффақияларини сенсация дейсизми ёки мўъжиза деб атайсизми, лекин улар нималарга қодирлигини истоблаб бўлишди.
Мен Арманистон терма жамоаси ҳам муваффақият сари ҳудди улардек катта қадам ташлашига аминман.
Агар имконият бўлса, ўйинчилар тажриба олиш ва ўсишда давом этиш учун хориж чемпионатларига йўл олишлари лозим, - деди Хорен Байрамян ўз интервьюсида.
Таъкидлаш жоизки, Арманистон терма жамоаси якунланган 2025 йилда жаҳон чемпионатининг саралаш босқичидан ўтолмади. Бу жамоа саралашдаги олтита учрашувдан бештасида мағлубиятга учради ва биттасида Ирландия терма жамоасини 2:1 ҳисобида енгди.
Айниқса, Португалия терма жамоасига қарши ўтказилган учрашувлар Арманистон терма жамоаси учун аянчли якунланди. Португалияликлар икки учрашувда 5:0 ва 9:1 ҳисобида зафар қучди. Арманистонликлар “F” гуруҳи баҳсларини охирги ўринда якунлади.
Қизиғи шундаки, АҚШ, Мексика ва Канада яшил майдонларида ўтказиладиган жаҳон чемпионатида Португалия терма жамоаси айнан Хорен Байрамян ҳавас қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан бир гуруҳдан жой олган.
“К” квартетидан ўрин олган бу икки терма жамоа мундиалнинг гуруҳ босқичи иккинчи турида ўзаро тўқнаш келади. Бу учрашув 23 июнь куни бўлиб ўтади.



Фикрлар