Шаҳбоз Умаров БАТЭ дарвозасига урган шедевр голи ҳақида - ўша вазиятда дарвозабон тўпни жарима майдонига оширишимни кутганди

Беларусь чемпионатининг навбатдаги тур доирасида ҳамюртларимиз тўп сураётган “Энергетик-БГУ” мамлакатнинг етакчи клубларидан бири ҳисобланган БАТЭ клубининг меҳмони бўлди. Ушбу баҳсда эса “Энергетик-БГУ” жиддий ўйинда ўта қимматли уч очкони қўлга киритди.

Биз учун аҳамиятли томони шундаки, майдонда тўп сурган ҳамюртимиз Шаҳбоз Умаров жарима зарбасидан чиройли гол урган ҳолда ҳамманинг олқишу, эътирофига сазовор бўлди ва якунда унинг голи “Энергетик” жамоасига уч очкони тақдим этди.

Бунгача Беларусь чемпионатида ўз ўйини ва голлари билан барчанинг эътиборини қозониб келаётган Жасур Яхшибоев гарчи майдонга тушмаган бўлса-да, яна бир легионеримиз Шаҳбоз Умаров унинг йўқлигини сездирмади ва ўзи ҳам ўйини ҳамда голи билан фойда келтира олишини яна бир бор исботлади.

Умуман айтганда, Умаров “Энергетик” сафидаги иккинчи голини киритди. Учрашувдан кейин Шаҳбоз Умаров Sports.uz мухбири билан мулоқотда ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

- Аввало, табрик учун катта раҳмат. БАТЭга қарши ўйин бошланишидан аввал у ерда ҳаво жуда иссиқ эди. Тўғрисини айтсам, шунинг учун бўлса керак, ўйинга киришиб кетишга ниҳоятда қийналдик. Энди бевосита учрашувга келадиган бўлсак, биз характер эвазига ютдик деб ўйлайман. Чунки баҳснинг 20-дақиқасига яқин четлатиш юз берди ва натижада майдонда бир киши кам бўлиб қолдик. Дарвозабонимиз эса пенальтидан йўлланган зарбани қайтарганидан сўнг бизнинг руҳиятимиз кўтарилиб кетди. Барибир майдонда бир киши кам бўлиб ўйнаш жуда қийин бўлади. Боз устига рақиб БАТЭ сингари етакчи жамоа бўлса, бу ундан-да, қийинчилик туғдириши аниқ. Биз эса мана шундай баҳсда жамоадошларимиз билан муносиб характер кўрсата олдик.

Айни пайтда ҳамюртимиз томонидан киритилган гол интернет оламида жуда тез тарқалди. Ҳақиқатан у жарима зарбасида мукаммал даражада бехато амалга оширди. Бу шубҳасиз таҳсинга сазовор бўлди. Қизиқ, ўша вазиятда Умаров зарба беришдан аввал ҳаммасини аниқ ҳисоб-китоб қилганмиди ёки тасодиф туфайли гол урдими? Бу ҳақида ҳам футболчимиз ўз муносабатини билдирди.

- Тасодифан, шунчаки бўлмайди. Балки киритган ўша голимни кўпчилик тасодиф деб гапиришлари мумкин. Лекин мен охирги бир ҳафтадан бери машғулотларда ўз устимда қаттиқ ишлаб, асосан жарима зарбаларини тепиш борасида машқ қилиб келаётгандим. Айнан машғулотларда стандарт вазиятлардан йўллаган зарбаларим якунда асосий баҳсда ўз сўзини айтди деб деб ўйлайман. Ўша вазиятда жарима зарбасини йўллашдан аввал ўзимга жуда ишонгандим. Қолаверса, дарвозабон ўзининг узоқ бурчагини очиқ қолдирган экан. Чунки у ўша пайтда мени тўпни жарима майдони ичига оширади, деб ўйлаганди. Мен эса ўша нуқтадан гол уришимга ишонгандим ва амалда ҳам шундай бўлди.

Бу гол Шаҳбознинг фаолиятидаги энг чиройлиси бўлдими? Шу савол билан легионеримизга мурожаат қилганимизда, фикримизни тасдиқлаб, шундай деди:

- Менимча, расмий ўйинларда киритган энг чиройли голим айнан БАТЭ дарвозасига урган голим бўлса керак, деб ўйлайман.

“Энергетик-БГУ” чиндан ҳам жорий мавсумда яхши ўйинлар кўрсатяпти. Бунда эса клуб сафидаги икки нафар ўзбекистонлик футболчиларнинг ҳиссалари катта бўлмоқда. Ўз ўрнида БАТЭга қарши ўйин қаҳрамонига айланган Умаров жамоасининг аниқ мақсади ҳақида ҳам гапирди.

- Ўтган мавсумда жамоамиз турнир жадвалининг ўрта поғоналарида, айтайлик 10-11- ўринларда бўлган. Юқори поғоналарга кўтарила олмаган. Бу йил эса ҳаммаси бошқача. Чунки клубнинг олдига жиддий вазифа сифатида медаллар учун курашиш мақсади қўйилган. Бу борада клуб президенти ва бош мураббий олдимизга айнан совринли ўринлар учун курашишни бош мақсад қилиб қўйган.

Аллақачон Беларусь чемпионатининг юлдузига айланиб улгурган Жасур Яхшибоевсиз ҳам “Энергетик” унинг ватандоши туфайли ҳам ғалаба қозона олишини кўрсата олди. Аммо бугун Жасур майдонда бўлганида, иккала ҳамюртларимиз яна нималар қилишарди? Умаров эса Яхшибоевдан қолишмасликка ҳаракат қилаётгани қувонарлидир.

- Авваламбор шуни айтишим керакки, бугунги баҳсда Жасур Яхшибоевнинг йўқлиги қаттиқ билинди, - дея жамоадоши ҳақида фикр билдирди, Шаҳбоз. - Ҳужум чизиғимиз унинг йўқлиги сабабли сусайиб қолди. Агар Жасур майдонда бўлганида биз йирикроқ ҳисобда ютган бўлардик деб ўйлайман. Нима бўлганда ҳам бугун гол уриб жамоамга муҳим ғалабани келтирганимдан жуда ҳам хурсандман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Расулжон Тоштемиров
05/07/2020 09:39
Пушкакада отгандай булибди
Дилшод Даврлнов
05/07/2020 07:54
Олга Шахбоз супер голлар куп булсин