Шаҳбоздан ҳам умидимиз катта! Ёхуд Яхшибоев сингари ўзини кўрсатишга интилаётган Умаров ҳақида
Ҳозирда Беларусь чемпионати давом этмоқда ва бутун дунё деярли футболсиз қолган бир вазиятда кўпчилик ушбу мамлакат чемпионатини кузатмоқда. Айни пайтда турнир жадвалида пешқадам бўлиб турган “Энергетик-БГУ” жамоасида икки нафар ҳамюртимиз фаолият олиб бораётганини ҳамма яхши билади. Айниқса, Жасур Яхшибоевнинг ўйини ва голлари Беларусда ҳам мақтовларга сазовор бўлмоқда. Аммо, ундан ташқари, у ерда яна бир ҳамюртимиз борлигини ҳам унутмаслик керак. Бу иқтидорли ярим ҳимоячи Шаҳбоз Умаровдир. 21 ёшни қаршилаган футболчи ўтган мавсумни АГМК жамоасида ўтказганди. “Энергетик” сафига эса дастлаб ушбу ўйинчимиз йўл олганди.
Умуман айтганда, Умаров билан Яхшибоев АГМКда бирга ўйнашганди ва энди улар Беларусда ҳам битта клуб сафида тўп суришмоқда. Албатта, Жасурнинг мавсумни яхши бошлагани қувонарлидир. Энди эса Шаҳбоздан ҳам ўзини кўрсатишини, мухлисларнинг ишончини қозонишини кутмоқдамиз. Шу боис дастлаб Умаров билан суҳбатлашишга қарор қилдик. Беларусь чемпионатига қандай қилиб боргани, янги жамоаси, футболга кириб келиши ва албатта Яхшибоев ҳақидаги саволларга жавоб қайтарди.
- Шаҳбоз, сизнинг Беларусь чемпионатига йўл олишингизни очиғи кутмагандик. Воқеалар ривожи қандай юз берганлиги ҳақида ўзингиздан эшитсак.
- Менинг “Энергетик-БГУ” жамоасига ўтишимни агентим таклиф қилди. У ерда жисмоний томондан ўсишим ва Европа футболига кўникишим кераклиги ҳақида гапирди. Менга эса бу таклиф ёқди. Шу тариқа, “Энергетик”ка ўтишга рози бўлдим.
- Лекин ҳали ёшсиз, бунинг устига Суперлигамизда кўп ўйин ҳам ўтказмагандингиз. Шуни ҳисобга олганда ёш пайтингиздаёқ легионерга айланишингиз бироз эртароқ эмасми?
- Футболнинг умри қисқа, буни ўзингиз жуда яхши биласиз. Бундай вазиятда ўйлаб ўтириш керак эмасди. Келажагимни қуриш вақти келганди. 20 га кирдим ва энди бу ёш футболчи ҳисобланмайди, мен учун. Олдинга интилиш керак. Албатта, қийин бўлишини ҳам билардим. Лекин у ерга боргач, мен учун ҳаммаси осон кечди.
- Янги мамлакат, янги чемпионат, янги клуб... Мослашишингизда кимлар ёрдам беряпти?
- Жамоага келишим билан менга мураббийимиз Анатолий Юрьевич ўзингни худди уйингдагидек ҳис қил, шунда жамоага тез киришиб кетасан, бу ерда ҳамма бир оила, деб айтиб ўтди. Қолаверса, клубдагилар ҳам мени жуда илиқ кутиб олишди. Натижада “Энергетик-БГУ”га тез киришиб кета олдим. Бунинг учун менга қисқа муддат етарли бўлди.
- Тўғриси, бунга қадар мухлислар сиз ҳақингизда кўп ҳам маълумотга эга эмасдилар. Қачонки, Беларусь чемпионатига кетганингиздан кейин сиз ҳақингизда қизиқа бошладилар. Шундай экан, ўзингиз ҳақингизда тўлиқроқ маълумот берсангиз...
- Футболга 6 ёшимда дадам олиб борган. Дадамнинг ўзи ҳам футбол ўйнаган. Мени футболга олиб борганида ўзимнинг ёшимда ҳали футбол жамоаси бўлмаганди. Шунинг учун ўзимдан 2-3 ёш катта бўлган футболчилар билан машғулотларда қатнашганман. Биринчи мураббийим эса Руслан Алимович эди. Бир куни “Пахтакор” жамоасининг ёшлари билан ўртоқлик учрашуви ўтказганмиз. Ўшанда адашмасам мен 11-12 ёшда эдим. Ушбу учрашувдан сўнг менга “Пахтакор” қизиқиш билдирган. “Пахтакор” ёшларининг мураббийи бўлган Артур Кагиров мени жамоасига ўтишимни сўраган ва мен шундай қилиб, “Пахтакор”нинг тарбияланувчисига айланганман. Ёшлигим “Пахтакор” жамоасида кечган. Мени бу даражага етишишимда биринчи мураббийим Руслан Алимович ҳамда Артур Кагировнинг катта ҳиссалари бор.
- Ҳозирда жамоадошингиз Жасур Яхшибоев ҳақида кўпчилик гапирмоқда. Беларусь матбуоти эса уни чемпионатнинг янги юлдузи сифатида эътироф этмоқда. Бу борада фикрингиз қандай?
- Жасур жуда яхши ўйин кўрсатмоқда. У бунга ўз меҳнати орқасидан эришмоқда. Ҳа, у ҳозир Беларусь чемпионатининг юлдузи. Бундан жуда ҳам хурсандман.
- Сизни ҳам Беларусь чемпионатининг юлдузи сифатида кўришимиз мумкинми?
- Нима учун йўқ? Менда чемпионатга яқин бироз шамоллаш юзага келди. Натижада тўлиқ соғайишим учун бир ҳафта кетди. Ўзингиз биласиз, касалликдан фориғ бўлгандан кейин спорт формага кириш осон бўлмайди. Дастлабки учрашувларда захирада қолганимнинг сабаб шу эди. Эндиликда асосий таркибга кириш учун янада кўпроқ ҳаракат қилишим лозим. Ўқиган бўлсангиз, бу ҳақида жамоамиз мураббийи БАТЭга қарши ўйиндан кейин ҳам гапириб ўтганди.
- Маълумки, ушбу чемпионатга дастлаб сиз йўл олдингиз, кейин Яхшибоев кетди. Айтмоқчиманки, иккалангизнинг бир клубга кетишинглар шунчаки тасодифми ёки бундан хабардор эдингларми?
- Бизнинг агентимиз битта.
- Беларусь чемпионатининг савияси қандай экан?
- Яхши, ўйин тез, жамоалар эса жисмонан кучли. Бу ерда ҳамма нарса жисмоний тайёргарликка қаратилган.
- Бизнинг чемпионатимиздан кучлими?
- Ҳамма чемпионатнинг ўзига яраша кучли тарафлари бўлади. Мен сизга у ёки бу кучли деб ажратиб бера олмайман. Ўзбекистон футболида ҳамма ўйинчилар маҳоратли, техник ва тактик жиҳатдан кучли ҳисобланадилар. Бу ерда эса кўпроқ жисмоний томонга эътибор қаратишади.
- Яхшибоев билан бир хонада истиқомат қилаётгандирсиз-а?
- Ҳа, бир жойда истиқомат қиляпмиз.
- Умуман, клубдаги шароитлар қандай? Ўзимизнинг жамоаларимиздан фарқи борми?
- Жамоанинг шароити ҳавас қиладиган даражада эмас. Ҳар холда яхши, ёмонмас. Футбол ўйнашга шароит етарли.
- “Энергетик” мавсумни яхши бошлади ва ҳозирда пешқадам бўлиб турибди. Клубнинг стартни яхши бошлагани нима билан боғлиқ?
- Ҳаммаси жамоанинг тайёргарлигида деб ўйлайман. Қишки йиғин пайтида жуда катта меҳнат қилдик. Буни тасаввур ҳам қила олмайсиз. Энди меҳнатимизнинг роҳатини кўряпмиз десам адашмасам керак ва албатта Жасурнинг ҳам индивидуал маҳорати ҳам бизга қўл келяпти (кулади).
Фикрлар