Шам ёруғида сенсация: 8 ёшли шахматчи топ гроссмейстерни енгди
Ҳиндистондан илҳомлантирувчи воқеа: Сивакаси шаҳрида кучли ёмғир ва шамол туфайли электр узилиб қолган бир пайтда, 8 ёшли Тамидж Амудхан шам ёруғида, ноутбукини тиззасига қўйган ҳолда шахмат ўйнади. Унинг рақиби жаҳон рейтингида 7-ўринда турадиган Винсент Кеймeр эди. Ва Тамидж уни Freestyle Friday онлайн турнирида мағлуб этишга муваффақ бўлди!
Унинг отаси Сатиш Арумугам шундай деди:
“Жуда кучли ёмғир ва шамол бўлди. У машғулотдан соат 18:30 атрофида, бутунлай ҳўл ҳолда қайтди. Ўзини тартибга келтириб, электр ва интернет муаммоларига қарамасдан ўйнашни талаб қилди”.
Унинг сўзларига кўра, Тамидж аввал ҳам икки нафар гроссмейстерни мағлуб этган, аммо Кеймeр устидан қозонилган ғалаба алоҳида аҳамиятга эга. Турнирда иштирок бепул бўлган, соврин жамғармаси эса тахминан 1000 долларни ташкил этган. У бор-йўғи тўртта турда ўйнашга улгурди, шундан иккитасида ғалаба қозонди, шундан кейин ноутбуки ўчиб қолди.
Отасининг айтишича, Тамидж аввал ҳам онлайн турнирларда қатнашиб келган, аммо унда расмий унвон бўлмагани сабабли кучли рақиблар билан кам тўқнаш келарди. У 2026 йил февраль ойида CM (Candidate Master) унвонини олгач, юқори рейтингли шахматчиларга қарши ўйнаш имкониятига эга бўлди.
Ҳозирда Тамидж ўз ёш тоифасида жаҳон рейтингида топ-4 таликка киради. Шунингдек, у Athens of the East турнирида 9 партиядан 8,5 очко тўплаб, Maruti Suzuki автомобилини ютган. Бундан ташқари, жорий йил бошида Тамилнаду спорт журналистлари ассоциациясидан 500 доллар миқдорида стипендия ҳам олган.
Қизиғи, ушбу мағлубиятдан сўнг Винсент Кеймeр турнирни тарк этди.

Фикрлар