
Шармандали мағлубиятдан кейин Бразилия бош мураббийни ҳайдади
Бразилия футбол конфедерацияси миллий терма жамоа бош мураббийи Доривал Жуниорни лавозимидан озод этишга қарор қилди.
UOL нашрининг ёзишича, раҳбариятнинг бу қарорга келишига Бразилия терма жамоаси 62 ёшли бош мураббий қўл остида 2026 йилги жаҳон чемпионатининг саралаш турнири доирасида Аргентинага 1:4 ҳисобида ютқазиб қўйгани сабаб бўлди.
Аслида Доривал Жуниорга конфедерация томонидан эътирозлар ўтган йили ёзда ўтказилган Америка Кубоги давридаёқ юзага келган эди.
Таъкидланишича, раҳбариятга бош мураббий ўзига ёрдамчи сифатида ўғли Лукас Сильвестрни ишга олгани ҳам ёқмаган. Илгари бош мураббий ёрдамичиси ўлароқ терма жамоада ишлаш бўйича катта тажриба тўплаган собиқ ҳимоячи Жуан фаолият юритган.
Доривал Жуниор Бразилия терма жамоасини 2024 йилнинг январида қабул қилиб олган эди. Беш карра жаҳон чемпионлари навбатдаги мундиал саралаш мусобақасида тўртинчи ўринда бормоқда.
Фикрлар