"Шартномани Тошкентда имзоладим" ёхуд яна бир футболчимиз легионерга айланди! Унинг янги клуби...

“Навбаҳор”, “Бунёдкор” ҳамда “Андижон”даги фаолияти орқали мухлисларга яхши таниш бўлган ҳимоячи Нодир Мавлонов сўнгги йилларда чемпионатимизда кўриниш бермаётганди. Бунга сабаб у ўз омадини легионер сифатида четда синаб келмоқда.

Бангладеш чемпионатида тўп сурган футболчимиз энди бошқа мамлакатда тўп сурадиган бўлди. Бу ҳақда Sports.uz мухбири билан суҳбатда айтди.

- Нодир, аввало Бангладешдаги фаолиятингиз қандай ўтгани ҳақида қисқача тўхталсангиз?

- Охирги пайтда 6 ой Бангладеш чемпионатида бўлдим. Сабаби, ўтган йили 8 ой мобайнида оилавий муаммо сабабли футбол ўйнай олмагандим. Шунинг учун ўша пайтда Бангладешдан тушган таклифни қабул қилгандим.

НОДИР3

- Эшитишимча, энди Индонезия чемпионатида тўп суришга рози бўлибсиз...

- Ҳа, бу рост. Бангдладешда ўйнаб юрган чоғимда Индонезиянинг “Персик Кедири” жамоасидан таклиф бўлиб қолди. Ушбу вариантни кўриб чиқдим ва розилик бердим. Яқинда Тошкентга қайтдим ва шартномага имзо чекдим.

- Нима учун бундай қарорга келдингиз?

- Индонезия чемпионатини яхши, деб ўйлайман. Менга Бангладешнинг яна бошқа клубларидан таклифлар тушганди. Аммо қабул қилмагандим. Чунки чемпионати яхши эмасди. Бироқ Индонезияни биламан. Шу боис бу чақирувга рози бўлдим.

- Хизматингизга яна бошқа жамоалардан, айтайлик Суперлигамиздан ҳам қизиқишлар бормиди?

- Менга ўзимизни чемпионатда бир жамоа алоқага чиқди. Аммо менга легионер бўлиб тўп суриш кўпроқ ёқади. Индонезияга бориб футболчи сифатида янада ўсишга эришаман. Албатта, молиявий тарафи ҳам ёмон эмас.

НОДИР1

- Барибир Бангладешдан кўра Индонезия футболи савияси ҳаминқадар яхшироқ. У ерда тўп суриб қанчалик қониқдингиз?

- Умуман олганда, чемпионат савиясини паст, деб ўйламайман. Лекин менга голлар уриб трамплин бўлгандек бўлди. Шу боис барчаси яхши бўлди, деб ҳисоблайман. Бундан кейин ҳам янада самарали кечади, деган умиддаман.

- Янги жамоангиздаги вазифа қандай? Клуб билан танишишга улгурдингизми?

- Индонезияда фақат Суперлига клублар легионер олишга ҳақли. Албатта, менинг янги жамоам ҳам Суперлигада иштирок этади ва яхши клуб. Бироқ ҳали янги жамоам билан учрашганим йўқ. Шартномага имзони Тошкентда қўйдим. Ҳозир уйда дам оляпман. Балки шу ойда Индонезияга кетарман.

- Янги чорлов борасида дарҳол қарор қабул қилдингизми ёки узоқ ўйланишингизга тўғри келдими? Балки Индонезияда тўп сураётган ҳамюртимиз Жавлон Гусейнов билан гаплашгандирсиз?!

- Бу таклиф устида агентим билан маслаҳатлашдим. Натижада бу мен учун яхши таклиф эканини билдим. Шартномада ҳаммаси ёзилган ва мени тўлиқ қониқтирди. Ҳа, у ерда ҳамюртимиз Жавлон Гусейнов “Борнео” жамоасида тўп суриб келяпти. Борсам, у билан албатта учрашаман.

НОДИР2

- Фаолиятингизни четда легионер сифатида давом эттириш орқали кўпроқ нималарни ўрганяпсиз ва ўзингизда қандайдир ўзгаришлар сезиляптими?

- Ўзимни эркин ҳис қиламан. Барибир легионер сифатида тўп суришнинг ўрни бошқа бўлади. Жамоада ҳам доимо ишонч билдиришади. Шароитлари ҳам зўр.

- Қачон чемпионатимизга қайтмоқчисиз?

- Ўзимизни чемпионатга қайтиш ниятим йўқ эмас. Бироқ ҳозирча легионер сифатида тўп суриш менга ёқяпти.

- Барибир Суперлигани кузатаётган бўлсангиз керак?

- Албатта, Суперлигамиздаги ҳар бир учрашувни кўраман. Бу йил жуда кучли бўляпти. Ҳар бир клуб яхши савияда. Билишимча, молиявий имкониятлари ҳам яхшиланяпти. Лекин “Навбаҳор”нинг чемпион бўлиши учун мухлислик қиламан. Чунки Наманган менинг шаҳрим.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!