Шавкат Мирзиёев FIFA президенти Жанни Инфантино билан учрашди (фото)
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Халқаро футбол федерацияси раҳбари Жанни Инфантино билан 5 май куни ўтказган учрашувда мамлакатимизда футболни оммалаштириш ва йирик тадбирларни биргаликда ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Нуфузли глобал спорт ташкилоти раҳбари мамлакатимизда футболни ривожлантириш, унга ёшлар ва қизларни кенг жалб қилиш, истеъдодларни тарбиялаш, оммабоп ва замонавий инфратузилмани яратиш, малакали мураббийлар ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади ва тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Жанни Инфантино Ўзбекистон етакчисини ёшлар терма жамоамиз яқинда Осиё Кубогида ғалаба қозонгани билан самимий табриклади. Бу соҳада амалга оширилаётган амалий ишлар самарадорлигининг навбатдаги тасдиғи эканини таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва ФИФА ўртасидаги яқин ва сермаҳсул ҳамкорлик юксак даражада экани, унинг доирасида бугунги кунда мамлакатимизда замонавий футбол кластерини ташкил этиш чоралари кўрилаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистонда жаҳон миқёсидаги спорт тадбирлари ва биринчиликларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш, миллий терма жамоани тайёрлаш, инфратузилмани ривожлантириш ва Ассоциациямиз салоҳиятини оширишга техник кўмакни кенгайтириш ҳамда иқтидорли футболчиларни селекция қилиш тизимини ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси президент матбуот хизмати.
Фикрлар