"Шахматчиларнинг боксчилардан нимаси кам?". Президент чемпионларни қандай тақдирламоқчи?

Президент Шавкат Мирзиёев 10 август куни Тошкент архитектура қурилиш институтига ташриф буюрди. Бу ерда президент институт талабалари ҳамда журналистлар билан бўлган суҳбат давомида кеча Ҳиндистонда ўтказилган шахмат олимпиадасида ғолиб бўлган ўзбекистонлик шахматчилар ҳақида гапирди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

«Шахматга оид 3 йилда учта қарор қабул қилдик. Нима учун? Биз 20 йил давомида бу соҳада кечикканимиз учун қарорларни қабул қилдим. 2026 йилги шахмат Олимпиадасига энди барча бошқача тайёргарлик кўради. «Биз чемпионлар юртига боряпмиз», дейишади», — дейди президент.

Шавкат Мирзиёев шахматчиларнинг ота-оналари билдирган фикрларини кўриб жуда хурсанд бўлганини айтди.

«Уларга катта мукофотлар берсак бошқалар учун ҳам бу мотивация бўлади. Ҳамма ота-оналар фарзандларини шахмат тўгаракларига беришни бошласа керак», — дейди президент.

Давлат раҳбари 5 август куни имзолаган қарорига биноан шахматчиларга 600 миллиондан берилишини қўшимча қилди.

«Шунингдек, уларга давлат мукофотларини ҳам берамиз. Бундан ташқари, уларга автомобиль беришни ҳам режалаштирдик. Ахир уларнинг боксчилардан нимаси кам?», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!