Шахрам Ғиёсов ва Шоҳжаҳон Эргашев вазнидаги мутлақ чемпионлик жанги олдидан боксчилар қандай фикрда?
"Top Rank" промоутерлик компанияси томонидан ташкил этиладиган супер енгил вазнда (63.5 кг) мутлақ чемпионлик учун жанг 22 май куни Америка Қўшма Штатларининг Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтиши эълон қилинди.
Ушбу жангда 2012 йилги Лондон Олимпиадаси иштирокчилари ўзаро тўқнаш келади. Ҳозирда WBА ва IBF чемпиони британиялик Жош Тэйлор WBО ва WBС чемпиони америкалик Хосе Рамиресга қарши барча чемпионлик камарлари учун баҳс олиб боради. Жанг кечаси ESPN, ESPN+, ESPN Deportes каналлари орқали трансляция қилинади.
"Ушбу жанг икки юқори даражадаги боксчиларга мутлақ чемпионлик учун таклиф қилиниши керак бўлган энг зўр баҳсдир. Бу мухлислар ва ҳар икки жангчи ҳам хоҳлаган ҳақиқий 50/50 тўқнашув бўлади", - деди "Top Rank" компанияси раҳбари Боб Арум.
Калифорния штатидан бўлган Рамирес (26-0, 17 КО) мажбурий даъвогар Виктор Постолга қарши жангда синовдан ўтди. У юқори формада эмаслигига қарамай, украиналик Постолни мағлуб этишни уддалай олди. Ушбу жангни ҳакам Деви Моретти, гарчи 114-114 ҳисобида дуранг дея эътироф этган бўлса-да, Тим Читем 115-113 ва Стив Уаисфилд 116-112 ҳисобида ғалабани Рамирес фойдасига ҳал этди.
"Мен келиб чиқиши мексикалик бўлган боксчилар ичида биринчи мутлақ чемпион бўлган ҳолда ўз тарихимни яратиш иштиёқидаман. Ушбу жангимни ҳар куни дунёни озиқ-овқат билан таъминловчи "Central Valley" фермаси ишчиларига бағишламоқчиман. Бу - катта жанг, аммо ҳозирда уларга вакцинадан каттароқ нарса йўқ", - деди Рамирес.
Шотландиялик Тэйлор (17-0, 13 КО) эса, 2018 йилнинг июнь ойида 12 раундлик жангда Виктор Постолни Рамиресга қараганда, ишончлироқ тарзда мағлуб этган. Ўтган йили 26 сентябрда бўлган ўзининг охирги IBF камари мажбурий ҳимоя жангида даъвогар Апинун Конгсонгни (16-1, 13 КО) рингга қулатиш учун 1 раунд етарли бўлди.
"Мен ушбу жанг бўйича келишувга эришилгани ва жанг санаси белгиланганидан хурсандман. Мен ўз фаолиятим давомида энг катта жангда қатнашишни орзиқиб кутмоқдаман. Мутлақ чемпионлик учун жанг қилиш барча боксчиларнинг орзусидир", - деди Жош Тэйлор.
Эслатиб ўтамиз, ушбу вазн тоифасида икки нафар боксчимиз профессионал фаолиятларини олиб бормоқда. WBA International камари соҳиби Шаҳрам Ғиёсов WBА рейтингида 7-ўринда бўлса, Шоҳжаҳон Эргашев кучли саккизликдан ўрин олган, WBО рейтингида 13 ва IBF рейтингининг 4-поғонасида қайд этилган.
Фикрлар