Асосий мазмунга ўтиш

Футбол

Шахзод Азмиддинов "Ал-Аҳли"га қарши ўйин олдидан: "Биз ҳам совға эмасмиз"

"Андижон"ни 24 декабрь куни Қатарда муҳим ўйин кутяпти.

Маълумки, “Андижон” клубини Осиё Чемпионлар лигаси 2 мусобақасининг гуруҳ босқичидаги сўнгги тур доирасида Қатарда “Ал-Аҳли”га қарши жуда муҳим ўйин кутмоқда.

Айни пайтда “Бургутлар” Дохада бўлажак учрашув учун тайёргарлик кўришмоқда.

Жамоанинг тажрибали футболчиларидан бири Шахзод Азмиддинов эса “Ал-Аҳли”га қарши баҳс олдидан клуб матбуот хизматига интервью берди.

- “Андижон”ни Қатарда “Ал-Аҳли”га қарши жуда муҳим ўйин кутяпти. Бўлажак баҳсга тайёргарлик қандай олиб борилмоқда?

- Тайёргарлигимиз зўр бўляпти. Олдимизда қанақа ўйин турганлигини ҳамма билиб турибди. Худо хоҳласа, қўлдан келганича ютишга ва гуруҳдан чиқишга ҳаракат қиламиз.

- Фаолиятингиз давомида Қатар клубларига қарши ўйнагансиз. Қандай хотиралар қолган ва энг қийини қайси учрашув бўлган?

- “Ал-Садд” билан ўйнаганмиз. “Ал-Васл”га қарши ҳам ўйнаганмиз, аммо унда мен захирада бўлганман. “Ал-Васл”га ютқазганмиз. “Ал-Садд”ни эса ЖАР стадионида мағлуб этганмиз. Ушбу учрашув қизиқарлироқ бўлган. Мен майдонга тушганман. “Ал-Васл”га қарши беллашувда эса бошқа таркиб бўлган.

- Умуман, Қатар жамоаларига қарши ўйнаш сиз учун қандай аҳамиятга эга?

- Барибир улар кучли. Маҳоратли легионерлари бор. Шуни ҳисобга олган тақдирда учрашув қийин бўлади. Бироқ ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Биз ҳам совға эмасмиз.

- “Ал-Аҳли”га қарши Андижондаги ўйинда ҳисоб очилмаганди. Ўша баҳсдан сизда қандай таассурот қолган?

- Уларда кучли легионерлари бор. Шуларни “ёпсак” уч очко олса бўлади.

- “Андижон” учун бу охирги имконият. 5 та дурангдан кейин энди фақат ғалаба қониқтиради...

- Ҳамма футболчилар профессионал. Қанақа босқичда турганимизни улар билиб туришибди. Ютсак албатта чиқамиз. Бошқа натижа бизни қониқтирмайди, фақат ғалаба қозонишимиз лозим. 

Улашиш
SPORTS.uz'нинг Telegram'даги каналига аъзо бўлинг!

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ