Шерзод Абдураҳмонов:
Ads

Республика ва кўплаб халқаро мусобақалар ғолиби, Қирол Кубоги соҳиби, Осиё чемпионати бронза медали эгаси, жаҳон чемпионати ва олимпиада ўйинлари иштирокчиси Шерзод Абдураҳмонов боксчилик вақтидаги унутилмас хотиралари билан ўртоқлашди.

- Шерзод ака, фаолиятингизни энг гуллаган вақтида якунлагансиз. Бунга нима сабаб бўлган?

- Баъзи вақтларда боксчиларда спортдан кўнгил совиш ҳолатлари кузатилади. Бу табиий. Чунки йиллар мобайнида тинимсиз қилинган оғир машғулотлар эртами-кечми жисмоний ҳолатингизга ўз таъсирини ўтказади. Шундай вақтда мен ҳам боксдан узоқлашишга ҳаракат қилганман. Лекин жаҳон чемпионати, олимпиада ўйинларида совриндор бўлишга ички ресурсим ҳам, кўзим ҳам етарди. Вақт ўтгач, боксдан кетганимга афсусландим. Бироқ, кеч бўлганди.

- Профессионал бокс ҳаваскорга нисбатан оғирроқ бўлишига қарамасдан, боксчилар 35-40 ёшгача жанглар ўтказишади. Нега ҳаваскорда эртароқ якунлашади?

- Ҳаваскор боксда йил давомида жуда кўплаб мусобақалар, ўқув-йиғин машғулотларининг кети узилмайди. Шу боис, бошқа иш билан шуғулланишнинг деярли иложи йўқ. Оила қуриб, фарзандли бўлгач, ўзига яраша ташвишлар пайдо бўлиб, иккисидан бирини танлашга тўғри келади. Профессионалда эса йилига 2-3 марта жанг ўтказасиз ва спортдан ташқари, шахсий ҳаётингизни йўлга қўйишга вақт бўлади. Ташқаридан қараганда бу етарли асос бўлиб кўринмаслиги мумкин, лекин спортчи ҳаётида катта бошқотирма десам адашмайман.

- 2004 йили Афина олимпиадасида бўлажак олимпия чемпиони Гайдарбек Гайдарбековга қарши кечган тарихий жангингиз ҳақида айтиб берсангиз?

- Гайдарбеков билан олимпиада ўйинларининг саралаш баҳсларида учрашганман. У билан аввал бирорта мусобақада рингда ўзаро дуч келмаганмиз. Унинг имкониятларини дай даражада эканлигини билмасдим. Ишончим комилки, бундан аввал ҳеч бўлмаса бир марта жанг қилганимда эди, олимпиадада уни сўзсиз мағлубиятга учратган бўлардим. Бундан ташқари, биринчи раунд сўнггида кучли зарба ўтказиб юбориб, бурним синди ва нафас олишим қийинлашиб, қолган уч раундда синган бурун билан жанг қилганман. Гайдарбекни тактикасига қарши калит топганимда, беллашувнинг катта қисми ўтиб бўлганди. Шунинг учун ютқаганман.

- Профессионал боксда юлдуз даражасига етган жаҳон чемпиони Жан Паскал, Эдуард Гутнехт, Матвей Коробов, Исмаил Силлах каби боксчилар билан ҳаваскор рингда жанг қилгансиз. Уларнинг фаолиятини кузатиб борасизми?

- Жан Паскал билан Бакуда бўлган йирик халқаро мусобақанинг финалида баҳс олиб борганман ва ғалаба қозониб, Анвар Чоудри Кубогини қўлга киритганман. Паскал профессионал боксда ҳозир ёрқин юлдузлардан бири, афсонавий Рой Жонс қўл остида жангларга тайёрланади. Сиз санаб ўтган бошқа боксчилар ҳам профида ҳануз зўр натижаларга эришишмоқда. Улар ҳақидаги янгиликларни мунтазам кузатиб бораман, аммо жангларини кўрмайман.

- Рингга чиқишдан олдин боксчи қандай ҳиссиётларни ўтказади. Айниқса, рақиб кучли ва номдор боксчи бўлса?

- Жангдан олдин ҳаяжонни ҳис қилмаган боксчини мен боксчи деб билмайман. Ҳар бир спортчи рингга чиқишдан олдин бу ҳолатга дуч келади ва қачонки рингда рақиб билан бирга-бир қолганда, реферининг “бокс” командасини эшитгач ҳамма нарсани унутади. Айрим спортчилар эса битта зарба ўтказгач рингни ҳис қилади. Ҳаяжон албатта керак, фақат, уни зарур вақтда назорат қила билиш лозим. Ортиқча ҳиссиётларга берилиш зарарингизга ишлаб қўйиши ҳам мумкин.  

- Жанг вақтида зарбаларингиз рабиқга қийинчилик туғдираётгани ёки сиздан чўчиб ҳаракат қилаётганини қаердан биласиз?

- Шундай боксчилар бўладики, чарчагани, жароҳат олгани ёки кучли зарба ўтказиб юбориб қийин вазиятга тушиб қолганини юз қиёфасида сездирмасликка уринади. Бу ҳам бир маҳорат. Мен эса рақибларимнинг кўзидан уларнинг ҳолатини ўқиб олардим. Ҳатто, рақиб кўзига қараб унинг қандай зарба беришга шайланаётганини билсангиз бўлади. Бу қийин иш, унинг учун сиз кўп йиллар машқ қилиб, тажриба орттирасиз. Рақиб кўзига қарайман деб, қарши зарбани ўтказиб юбориш ҳеч гап эмас.

- Шерзод ака, суҳбатингиз учун ташаккур. Ўзбек боксида сиз каби истеъдод эгалари кўпаяверсин!

- Раҳмат.

Фазлиддин Ҳусниддинов суҳбатлашди.