Шерзод Эсанов "Андижон"нинг муҳим ғалабасидан кейин: "Жамоам билан фахрланаман, бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасмиз"

“Андижон” клуби Тошкентда “Сурхон”га қарши учрашувда навбатдаги муҳим ғалабани қўлга киритди. Ушбу ўйиндаги биринчи голни иқтидорли ярим ҳимоячи Шерзод Эсанов киритганидан хабарингиз бор. У пенальтидан ҳисобни очди ва бу унинг “Андижон” таркибидаги дебют голига айланди. Ўйиндан сўнг Эсановга бир қатор саволлар билан юзландик.

- Шерзод, ўйин сизда қандай таассурот қолдирди? Сиз кутгандек кечдими?

- Суперлигада осон рақибнинг ўзи йўқ. Ҳар бир ўйинга етарли даражада тайёрланиш керак, деб ўйлайман.

- Учрашувда пенальтидан гол урдингиз. Ўйиндан олдин мураббий сизга пенальти тепишингизни айтганмиди? Ҳар холда сизни пенальти тепишингизни илк бор кўрдим...

- Учрашувдан олдин мураббийларимиз ким пенальти тепишга ишончи бўлса шу тепсин дейишганди. Ўша вазиятда жамоамиз сардори Владимир Бубанья мени олдимга келиб, “Шер ўзингга ишоняпсанми”, деди ва мен ҳа албатта, дея тўпни олдим, гол урдим.

- Шунингдек, "Андижон" таркибидаги илк голингизни урдингиз. Ҳиссиётлар қандай?

- Албатта, хурсандман. Голлар футболчини ўзига бўлган ишончини орттиради.

- 0:3 дан кейин ўйин якунига қадар ҳисоб 2:3 га ўзгарди. Учрашув охирида сизда хадик сезилдими? Нима учун бундай бўлди?

- Охирги 15 дақиқа ўйинни рақибга бериб қўйдик. Жуда ҳам бўш ўйнадик. Бунга сабаб 3 та гол билан олдинга ўтиб кетганимиз деб ўйлайман. Нима бўлганда ҳам ғалаба қозондик. Энди бундай хатоларга йўл қўймаймиз. Жамоам билан фахрланаман, ҳамма майдонга бор кучини ташлади.

- "Андижон" дастлабки учта турда 2 ғалаба ва 1 дуранг қайд этди. Бу қониқарлими? Фикрингиз қандай, старт бўйича?

- Менимча, ёмон эмас. Биз онлайн турнир жадвалида 2-ўриндамиз ва бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасмиз.

- Кейинги турда “Насаф”ни қабул қиламиз. Кучли рақибга қарши ўйиндан нима кутяпсиз ва қандай қилиб ютса бўлади, деб ўйлайсиз?

- Албатта, мураббийлармиз томонидан бериладиган вазифани бажаришга ҳаракат қиламиз. Ўз уйимизда мухлисларимизни хурсанд қилиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз ва ишқибозларимизни яна қувонтирамиз, Худо хоҳласа.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Xabibillo
17/03/2024 18:32
Молодец Шерзод так держать бушашманглар йигитлар ОЛГА АНДИЖОН.Рахмат галаба учун.Яна галабалар кутиб коламиз.факат галаба.