Шерзод Ташматов Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти этиб сайланди
Ads

Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳрида Осиё қитъасида  боксни ривожлантиришга масъул ташкилот - Осиё бокс конфедерацияси Ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда. 

Ушбу муҳим тадбир кун тартибидан Осиё бокс конфедерацияси раҳбар лавозимларига номзодларни сайлаш, Ижроия қўмитасига янги аъзоларни тайинлаш, ташкилотнинг 2015-2016 йиллардаги фаолияти, 2017 йилги спорт мавсумида қитъа миқёсидаги мусобақаларни ташкил қилиш, молиявий масалаларни кўриб чиқиш каби қатор мавзулар ўрин олди. 

Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизматидан SPORTS.uz ахборот порталига хабар қилишларича, Ўзбекистон бокс федерацияси вице-президенти Шерзод Ташматов Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти этиб сайланди ва Ижроия қўмитаси аъзолигига ҳам қабул қилинди. 

Осиё бокс конфедерацияси Ижроқўми йиғилишида иштирок этган раҳбар ходимлар 19-20 декабрь кунлари Швейцариянинг Лозанна шаҳрида бўладиган Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси - AIBA Ижроия қўмитаси йиғилишида ҳам иштирок этади. 

AIBA тадбири доирасида бокс бўйича Олимпия чемпиони  Ҳасанбой Дўсматовга  ҳам 2016 йил якунларига кўра, "Энг яхши боксчи" соврини билан тақдирланиши кутилмоқда. Яқинда, Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси  Twitter ижтимоий тармоғи орқали йилнинг энг яхши боксчисини аниқлаш мақсадида сўровнома эълон қилган эди. Унда Ҳасанбой Дўсматов  Олимпия ўйинлари ғолиблари  - кубалик Робейси Рамирес ва қозоғистонлик  Дониёр Елеуссиновни катта фарқ билан ортда қолдирган эди. 

SPORTS.uz ахборот портали бутун спорт жамоатчилиги номидан Шерзод Ташматовга халқаро миқёсдаги фаолиятида ҳам муваффақият тилайди.

Ушбу материалдан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда SPORTS.uz ахборот порталининг номи аниқ кўрсатилиши ҳамда ҳавола (линк) берилиши шарт!
 SPORTS.uz