Шерзод Ташматов: “Ўзбекистон таэквондо WT Ассоциациясида фаолият масофавий давом эттирилмоқда”
Маълумки, бугунги кунда коронавирус пандемияси туфайли мамлакатимизда карантин жорий этилган, “Уйда қолинг!” деган чорлов кун тартибида долзраб бўлиб турибди. Мана шундай шароитда аксарият корхона ва ташкилотлар ички имкониятдан келиб чиқиб масофавий ишлаш тартибига ўтишган. Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси ҳам бундан мустасно эмас. Токио Олимпиадаси олдидан тайёргарлик ва машғулотлар, нуфузли мусобақага ҳозирлик муҳим. Бу борада ишлар қай тарзда олиб борилаётгани ва бошқа бир қатор кўпчиликни қизиқтирган саволлар билан Ассоциация раиси Шерзод Ташматовга мурожаат қилдик.
— Шерзод Рихсибоевич, авваламбор суҳбатга вақт ажратганингиз учун раҳмат. Юртимизда мураккаб бир вазият кузатилмоқда. Пандемия сабаб мамлакат бўйлаб карантин жорий қилинган. Аммо шунга қарамасдан, олдимизда турган масъулиятли вазифалар кўп. Бундай вазиятда таэквондо WT Ассоциацияси қандай фаолият олиб бормоқда?
– Албатта бугунги кунда Коронавирус пандемияси бутун дунёни, каттаю кичик, ривожлангану, ривожланиш йўлидан бораётган давлатларни бирдек ташвишга солиб турган кунларда яшаяпмиз.
Афсуски, ушбу офат жонажон Ўзбекистонимизни ҳам четлаб ўтмади. Шундай бир шароитда Муҳтарам Президентимиз ҳар куни, ҳар соатда вазиятдан хабардор бўлиб, халқимиз, мамлакатимиз учун коронавируснинг зарарини камайтириш, шундай мураккаб бир вазиятда аҳолимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича жиддий қарорларни қабул қилмоқдалар.
Бугунги кунда касбига садоқатли шифокорларимиз, турли давлат идоралари вакиллари бир бўлиб, коронавирусни даф этиш, касалларнинг соғайиб кетиши учун бир жону бир тан бўлиб ҳаракат қилишмоқда.
Тадбиркорларимиз, саҳоватпеша юртдошларимиз эса ижтимоий жиҳатдан қийналиб қолган, эҳтиёжмандларга моддий ва маънавий кўмак беришга бел боғлаганлари, уларнинг сафи кун сайин ортиб бораётгани эса халқимизнинг бағрикенглигини, бир майизни қирқ бўлиб ейишдек улуғ фазилатлари соҳиби эканини яна бир карра исботламоқда.
Коронавирусни енгиш, Президентимизнинг таъбирлари билан айтганда, унинг оиламизга, маҳалламизга кириб келишига йўл қўймаслик ҳар биримизга боғлиқ.
Шундан келиб чиқиб карантин қоидаларига қатъий риоя этсак, зарурат бўлмаганда уйдан чиқмасак биз ўзимизни ва яқинларимизни асраган бўламиз. Тегишли давлат идоралари ходимларининг талабларига, шифокорларнинг тавсияларига сўзсиз амал қилайлик.
Бугунги кунда ташкилот ўз фаолиятини уйдан туриб давом эттираяпти. Бу мураккаб вазият бутун дунёда кузатилмоқда ва у спортчиларни ҳам четлаб ўтган эмас. Шу сабаб Токио Олимпиадаси ҳам 2021 йилга қолдирилди. Аммо тўрт йилликнинг нуфузли мусобақаси қолдирилган бўлсада таэквондочиларимизнинг тайёргарликлари бир муддатга бўлсада кечиккани йўқ. Бу борада Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитасининг ёрдамини алоҳида эътироф этишим керак. Спортчиларимизнинг руҳияти тетик ва биз улар учун мукаммаллашган махсус дастурлар ишлаб чиққанмиз.
– Айнан қандай дастур ҳақида гап кетяпти?
– Бу дастур “масофавий бошқариш” бўлиб мураббийлар спортчиларни кунлик машғулотларини видео орқали назорат қилиб бориш билан бирга керакли бўлган вазифаларни,юкламаларни беришмоқда. Бу жараён шунингдек психолог, шифокорнинг кун тартибидан ҳам жой олган. Қолаверса, мураббийларимиз ёш таэквондочилар учун ҳам интернет имкониятларидан фойдаланган ҳолда машғулотларни давом эттиришаяпти. Чет эллик мутахассилар билан мунтазам равишда фикр алмашиб турибмиз. Бир сўз билан айтганда, фаолиятимиз давом этмоқда.
Ассоциация фаолиятини масофадан туриб давом эттираяпмиз
– МОКда ташкил этилган “Тезкор штаб” фаолиятига ҳам тўхталиб ўтмоқчи эдим чунки айнан манашу штабни сиз бошқарасиз,шу ҳақида маълумот берсангиз?
– Тезкор штаб бу бизнинг спортдаги янги қадамимиз. Унинг асосий мақсад, вазифалари аниқ белгилаб олинган. Штаб аъзолари тажрибали мураббийлар ва етакчи спортчиларнинг яшаш шароитлари, кундалик тартиби, иш режаси, қилиниши керак бўлган вазифаларини кенг қамровли ўрганиб чиқмоқда ва барча камчиликларни бартараф этишга харакат қиляпти. Юртимизда фаолият олиб бораётган спорт федерациялари ва ассоцицияларининг раҳбарлари билан,спортга мутасадди бўлган фидоий маъсуллар билан биргаликда ҳар куни биз мукаммаллашган тизим асосида иш олиб боряпмиз. Насиб қилса бу тизим яқин орада ўзининг ижобий натижасини беришига умид қиламиз.
– Карантин даврида яна қандай ишлар билан машғул бўляпсиз?
– Одатда, мураббийлар, спортчилар ва федерациялар раҳбарлари турли тадбирлар, ташкилий масалалар, мусобақалар ёки ўқув-йиғин машғулотлари сабаб оила даврасида кам бўлишади. Оила ҳар биримиз учун – Ватан ичидаги кичик ватандир, жамиятнинг ажралмас бўлаги, табиатнинг шоҳ асаридир. Тўғриси бугунги кунда бироз ишимиз кўпайиб вақт топа олмаётган оила-аъзоларимиз даврасида улар билан уй юмушларини қиляпмиз.
Китоб кўнгил чироғи – оила даврасида китоб ўқишнинг ҳам ўзига яраша гашти бор.
– Уйдаги бир кунлик тартибингиз билан улашсангиз.
– Оилам билан ҳар куни эрталаб туриб биринчи навбатда тонгги бадантарбия машқларини бажарамиз. Кейин компьютер қаршисига ўтириб, сўнгги янгиликлар билан танишаман. Ассоциациямиз ходимлари, мутахассисларимиз ва спортчилар билан боғланиб, қилинган ишлар ҳисоботи ва режадаги ишларни муҳокама этиб оламиз. Шундан сўнг фарзандларим билан китоб ўқиш, шахмат-шашка ўйнаш, биргалашиб телевизор кўриш ва албатта машғулотларга вақтим бўлаяпти. Буни барчага тавсия қиламан ва юртдошларимизга, “уйда қолинг, оилангиз даврасида бўлинг, шунда коронавирусни биргаликда енгамиз!” демоқчиман.
Кўчат экиб, боғ яратиш — халқимизнинг азалий қадриятларидан бири, биз ҳовлимизни кўркамлаштиряпмиз.
– Биласиз журналист халқи қизиқувчан бўлади маълумотларга қараганда сизнинг оилангиз спортчилар оиласи ва фарзандларингиз халқаро мусобақаларда совриндорлар сафидан жой олган?
– Спорт саломатлик гарови. Бизнинг оила бунга амал қилади. Тўнғич фарзандим Али хапкидо билан 9 йилдан бери шуғулланиб келади ва у Жаҳон чемпионатининг кумуш медали соҳиби шунингдек Осиё чемпиони, қизим таэквондо ва бадиий гимнастика билан кичик ўғлим эса таэквондо билан шуғулланади.Улар қайси бир соҳани эгаси бўлмасин ўз саломатликлари учун шуғулланиши керак.Шу ўринда табобат илмининг султони бобомиз Абу Али Ибн Синонинг ҳикматларидан келтирмоқчиман: Ўз вақтида, меъёри билан бадантарбия қилган одамга дард яқин йўламайди.
Фарзандлар билан бажарилган жисмоний машқлар кун давомида рухий тетик бўлишимизга ёрдам беради.
– Биламиз спортда катта тажрибага эгасиз сизнинг фаолиятингиз давомида муайтай, бокс бўйича терма жамоаларимиз вакиллари дунёда тенгсизлар қаторида эътироф этилди, улар ўзбек спортида янги саҳифа очиб беришди. Биз бошқа спорт турларида ҳам манашундай натижага эриша оламизми?
– Албатта эриша оламиз, бунинг учун аввало инсонҳар бир бошлаган ишига меҳр қўйиши керак. Ортиқча баланпарвоз гапларни айтмоқчи эмасман, юртимизда спортчилар учун барча шароитлар яратилган бўлсаю биз нима учун ундан фойдаланмаслигимиз керак,аввало мамлакатимизнинг чекка-чекка ҳудудларидан қалби олов, кўзи ёниб турган шу она тупроқ учун юрт учун камарбаста бўлишга бел боғлаган ёшларимиз кўп фақатгина биз уларни йўналтира олишимиз,маънавиятни шакллантиришимиз ва уларда Ватанга бўлган меҳр ҳиссини уйғота олишимиз ҳамда миллат таянчи она ватан ишончи бўлишимиз керак.
– Интервью учун раҳмат, ҳамюртларимизга тилакларингиз?
– Барчамиз уйда қолайлик бу жуда оддий ва мушкул иш эмас. Фарзандларимиз билан дарс қилайлик, анчадан бери ният қилиб, лекин вақт тополмай юрган китобларимизни ўқийлик, аудиодарслар ёрдамида тил ўрганайлик. Оиламизни, маҳалламизни, она Ўзбекистонимизни коронавирусдан ҳимоя қилайлик!
Қалб амирга қулоқ тутинг, биз бормиз, биз бирмиз ва биз бу имтиҳондан ҳам биргаликда муваффақиятли ўтамиз!
Манба: Ўзбекистон таэквондо WT Ассоциацияси матбуот хизмати
Фикрлар