Шоҳасан Мирзаматовнинг рақиби қандай жангчи ёхуд Тиаго Оливейранинг кучли жиҳати нимада?

  • 30 ноябрь, 2021, 12:13
  • 0
  • MMA

Хабарингиз бор, 5 декабрь куни Андижон шаҳрида "Muradov Professional League" турнирининг навбатдагиси ташкил этилади. Ушбу кечанинг марказий жангида Шоҳасан Мирзаматов бразилиялик Тиаго Оливейрага қарши октагонга кўтарилади.

Биз мазкур жанг борасида бироз тахлилий жиҳатидан ёндашиб кўрдик.

Тиаго Оливейра қандай жангчи?

Бразилия нафақат футболчилар балки, жаҳонга етук ММА вакилларини ҳам етиштириб берадиган юрт ҳисобланади. Мисол учун, жаҳоннинг энг кучли ва нуфузли промоушенининг ҳозирги кунда  икки вазн тоифасида Бразилия вакиллари чемпион ҳисобланади. Яъни, енгил вазн (70.3 кг) тоифасида Чарльз Олийвера ҳамда ярим оғир вазн (93 кг)да Гловер Тейшера. Аёллар ўртасида эса Аманда Нуньес ўз вазн тоифасида ва “Pound For Pound” доирасида ҳукмронлик қилмоқда. Яқин тарихга эътибор қаратсак, Андерсон Силва, Жозе Алдо, Антонио Силва, Фабрицио Вердум, Рожерио Ногуэйра, Витор Белфорт, UFC оламига Бразилия жиу-житсусини олиб кирган Ройс Грейси жаҳон ММА оламида ўзига хос тарих ёзган дея оламиз.

Хуллас, Бразилияда ушбу йўналиш жуда яхши ривожланган ва улар ҳар доим хавфли рақиб сифатида намоён бўлади. У қандай натижа қайд этган бўлмасин, барибир бу борада уларда яхши мактаб шаклланган.

Биз сўз юритаётган Тиаго Оливейра 16 та ғалаба ва 7 мағлубият қайд этган. Асосийси, у жаҳоннинг яхши савиядаги промоушенларида жанг ўтказган. Ҳатто Беллаторда ҳам бир маротаба октагонга кўтарилган. Бир сўз билан айтганда унда тажриба анчагина юқори.

тикко

Ғалабаларига эътибор қаратсак, 16 та ғалабанинг 7 тасида сабмишен, 6 тасида очколар ва 3 тасида техник нокаут  билан зафар қучган. Бу сабмишенлар унинг жиу-житсуси яхши ривожланганлигини англатади. Демак, у “партер”да бразилияликларга хос тарзда анчагина хавфли саналади. Шунингдек, 12 та жангини тўлиқ уч раунд ўтказган. Бундан кўриниб турибдики, кардиоси ҳам ёмон эмас. Лекин бу нисбий тушунча. Чунки, бу натижалар бутун фаолияти мобайнида қайд этилган. Ҳозирда жисмоний ҳолати қандай кўринишда бу номаълум.

Тиаго сўнги уч жангида мағлубиятга учраганлиги баъзи салбий фикрларни туғдириши мумкиндир. Бироқ, айнан шундай ҳолатдаги рақиблар жуда ҳам тажовузкор бўлади. Сабаби, мағлубиятларга чек қўйиши учун бор имкониятини ишга солади.

Шоҳасан Мирзаматовнинг устунлиги нимада?

Шоҳасан Мирзаматовнинг кўрсаткичи 8-1 кўриниш олган. Гарчи, расмий рейтингларда ҳозирча 7-1 натижа қайд этилган бўлса-да, мазкур ғалабаларнинг 5 тасида муддатидан аввал муваффақиятга эришган. Баъзилариники бир дақиқа ҳам давом этмаган.  Юртдошимизнинг кучли жиҳати “стойка”, десак янглишмаган бўламиз. Бироқ, сўнги жангида кўрсатдики, унинг кураш ва греплинги ҳам яхши ривожланган. Жуда кучли қўл ва оёқ зарбасига эга.

Бир қарашда иккиси ўртасида услублар қарама-қаршилигини ҳам кузатишимиз мумкин. Аммо, ҳамюртимизнинг ютуқ тарафи, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, кураш, греплинги ҳам яхши шаклланганлиги ва ўз ватанида, туғилиб ўсган вилояти Андижон шаҳрида кўплаб мухлислари кўз ўнгида жанг қилиши эканлигида, дейишимиз мумкин. Бу ҳам ўзига хос мотивация бўлади.

шоха_1

Бўй борасида устунлик бироз рақиб тарафида. Юртдошимиз 178 см, рақиб эса 7 см баландроқ. Ёши деярли тенг. Тўғри, рақиб захира сифатида ушбу жангга ташриф буюрмоқда. Аслида, юртдошимиз аргентиналик Роберто Пастучга қарши жанг қилиши лозим эди. Аммо, Аргентина вакили жароҳат сабабли ушбу жангда иштирок эта олмади. Шундай бўлса-да, хотиржамликка берилиш керак эмас.

Бир сўз билан айтганда, бизни қизиқарли тўқнашув кутиб турибди. Ўйлаймизки, Шоҳасан чиройли ғалаба қозониб, барча ўзбекистонлик ММА ихлосмандларини хурсанд қилади. Бу борада унга омад тилаймиз!

тиго

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!