Шоҳрух Гадоев: “Насаф”нинг “Ал-Ҳидд”га нисбатан имконияти кўпроқ

Ўзингизга маълум, “Насаф” жамоаси бу йилги ОЧЛ баҳсларини плей-офф босқичидан бошлайди. ОФК томонидан бу ҳақда аниқ қарорга келинмаган бўлсада, мутахасисларнинг фикрича “Насаф” жамоаси плей-офф дастлабки босқичида Бахрайн премьер-лигасининг ўтган йилги чемпиони – “Ал-Ҳидд” жамоаси билан туқнаш келиши мумкин. Бунга 13 декабр куни ОФК томонидан қуръа ташлангандан сўнг аниқлик киритилади.

Шундай бўлсада бу жамоа қандай кучга эга эканлигини билиш учун, Қашқадарёдаги ахборот ҳамкоримиз, Voha.uz сайти ижодкорлари Баҳрайн чемпионати иштирокчиси бўлган – “Мухаррақ” (Баҳрайн) ва  “Насаф” жамоасининг собиқ футболчиси Шоҳрух Гадоев фикрлари билан қизиқиб кўришди.

Маълумот учун: “Ал-Ҳидд” клуби айни вақтда Баҳрайн чемпионатининг 9-туридан сўнг 10 очко билан 10та жамоа ичида 7-поғонани эгаллаб турибди.  

-“Ал-Ҳидд” жамоаси Баҳрайннинг амалдаги чемпиони ҳисобланади, улар ўтган мавсумда ўз тарихида илк марта чемпионликни қўлга киритган. Бу жамоа ҳақида нима дейишим мумкин, жамоанинг қанот ярим ҳимоясида кучли футболчилар бор. “Ал-Ҳидд” сафида нигериялик Эфидайо Омасуи, Уче Агба каби легионер футболчилар билан бир қаторда БААлик Муҳаммад Ал-Румайҳи ҳам бор эди. Румайҳи ўтган мавсум тўпурари бўлган. Афсуски, қолган футболчиларнинг исмлари ёдимда қолмаган. “Ал-Ҳидд”  мураббийининг халқаро мусобақаларда тажрибаси бор, қайси мавсумдалигини билмайман, аммо бу мураббий ОФК кубогида ғалаба қозонган.

Лекин ўзингиз биласиз, бу жамоага нисбатан халқаро мусобақаларда иштирок этиш бўйича “Насаф”да тажриба кўпроқ. Ўтган йилги ОЧЛда “Насаф”нинг кучини кўрдик. Жамоа жуда кучли рақиблар билан тенгма-тенг ўйин намойиш этди. Ҳаттоки баъзи рақиблардан кучли эканлигини ҳам исботлади. Шундан келиб чиқиб, мабода “Насаф” бу жамоа билан туқнаш келса, катта устунлик “Насаф” тарафида бўлишига ишонаман. Қолаверса, “Насаф” ушбу учрашувни ўз майдонида ўтказиши – собиқ жамоамнинг имконини янада оширади”,

– дейди Шоҳрух Гадоев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!