Шомуродов, Денисов ва Афонин ўз клубларида ҳар бир ғалаба учун қанча пул олишини биласизми?
Россиялик журналистлар Премьер-Лига клублари ҳар бир ғалаба учун футболчиларга қанча мукофот беришаётганини аниқлаб олишди. Бу ҳақда трибуна.уз сайти “Business-gazeta”га таяниб хабар бермоқда.
Манбанинг маълум қилишича, «Зенит» клуби бу борада етакчилик қилмоқда. Питерликлар ҳар бир ғалаба учун асосий таркиб футболчисига 9 минг евро, захира футболчисига 4,5 минг евро бермоқда.
«Ростов» клуби бу кўрсаткич бўйича иккинчи бўлиб турибди – 7 минг евро. Кейинги ўринларда «Оренбург» (тахминан 6 минг евро) ва «Спартак» (тахминан 5 минг евро) бормоқда.
Ўртамиёна клублар («Арсенал», «Урал», «Уфа») ҳар бир ғалаба учун 4 минг евродан, «Ахмат» клуби эса «атиги» 2 минг евро беряпти.
«Краснодар», ЦСКА, «Динамо» ва «Рубин» клубларидаги бонус тўловлари тизими бошқачароқ. Бу жамоаларда мукофот пуллари ҳар бир ғалаба учун эмас, балки мавсум якунига кўра тўланяпти.
Эслатиб ўтамиз, «Ростов» клуби шарафини Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов ҳимоя қилмоқда. “Рубин”да Виталий Денисов ва “Оренбург”да Вадим Афонин тўп тепмоқда.
“Ростов” бу мавсум Россия чемпионатида 8 ўйиннинг 5 тасида ғалаба қозонди. “Рубин”да кўрсаткич 3 тани ташкил этади. “Оренбург” эса 1 марта зафар қучди.
Фикрлар