Шомуродов бу ишни илк бор уддалади!
Элдор Шомуродов кучли бешлик чемпионатларида гол урган ягона футболчимиз ҳисобланади. Бугун легионеримиз Италия клубларидаги голларига эътибор қаратамиз.
Ўзбекистон Суперлигаси ва Россия премьер-лигасидаги фаолиятидан кейин катта умидлар билан кучли бешлик чемпионатларидан бири – А Серияга йўл олган ҳамюртимиз учун Италиядаги дебют мавсум анча муваффақиятли бўлган.
Қисқа фурсатда “Женоа” каби аутсайдер жамоанинг асосий таркибига ортиқча муаммосиз кириб олган Элдор бегона чемпионатга тез мослашди. Шомуродов Италиядаги биринчи голини Генуя клубига борганидан икки ой ўтиб, “Парма”га қарши баҳсда урди. Чемпионатнинг иккинчи қисми ҳужумчимиз учун том маънода самарали бўлди.
Элдор январь ойида “Сассуоло”, февралда “Верона” дарвозасини ишғол қилди. Кейин қарийб икки ой “қуруқ серия” тўрига илиниб қолди. Мавсум якуни эса, фантастик бўлди. Тўпурарлик маҳоратини намойиш қилган ўзбек ҳужумчиси “Специя”, “Лацио”, “Кальяри”га биттадан “Аталанта”га иккита гол урди.
Айнан чемпионатнинг сўнгги турларидаги сермаҳсуллик ва голлари сонини саккизтага етказиб олгани Шомуродовнинг Рим клубига кўчиб ўтишига асос бўлди.
Мавсум охирида “Ювентус”дан ҳам таклиф олган ҳужумчимиз “Рома”ни қабул қилиб олган Жозе Моуриньо қўл остида ўйнашни маъқул кўрди.
Афсуски, “Рома”даги фаолият бир текис кечмаяпти. Моуриньо асосий таркибдаги жойни Тэмми Абрахамга кафолатлаб берган. Элдор асосан сўнгги дақиқаларда ўйнаяпти, баъзан умуман захирада қолиб келмоқда.
Шомуродов А Серияда атиги учта гол урди. Ўзбек ҳужумчисидан жабр чеккан жамоалар қаторига “Венеция” ва “Сампдория” қўшилди. Элдор Италиядаги фаолиятида илк бор бир жамоа дарвозасини ҳар икки даврада нишонга олишни уддалади. Билганингиздек, бу “Венеция” клуби бўлди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва етакчиси бу мавсум ўзи иштирок этган барча турнирларда рақиблар дарвозасига йўл топа олгани қувонарли ҳолат. Элдор биринчи марта ўтказилаётган Конференциялар лигасининг саралаш босқичида Туркиянинг “Трабсонспор” клуби посбонини ҳам ожиз қолдирган.
Шунингдек, ҳужумчимиз Италия кубоги доирасида В Серия вакили “Лечче” дарвозасини ишғол қилиб, бу турнирдаги голлар ҳисобини ҳам очиб қўйди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Жозе Моуриньо Элдорга кўпроқ ўйин амалиёти берса, ўзбек легионерининг самарадорлиги бундан юқори бўлиши табиий.
Аниқ маълумотларга таянадиган бўлсак, Шомуродов якунланиб бораётган мавсумда барча турнирларда 37 маротаба майдонга тушди. Бир қарашда кўп ўйнагандек кўринади. Лекин майдонда ўтганган умумий вақти 1110 дақиқани ташкил қилмоқда. Ўртача ҳисобда ўзи қатнашган ўйинларда 12 дақиқадан кўпроқ майдонда бўлган бўлиб чиқяпти. Шунга қарамай, Элдор жами бешта гол ва олтита ассист қайд этди.
Шомуродовнинг Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги натижалари ҳам ошиб бормоқда. Элдор бу мавсум мамлакатимиз бош жамоаси учун еттита ўйинда ўз ҳисобига еттига гол ёздириб қўйди. Хусусан, Швеция ва Қирғизистон дарвозасига биттадан, Жанубий Суданга иккита ва Уганта терма жамоасига учта гол урди. Термадаги ўйинлари сонини 53 тага ва голлари ададини 27 тага етказиб олди. Ҳар ҳолда ёмон кўрсаткич эмас.
Мавсум охиригача Элдор яна иккита учрашувда майдонга тушиши мумкин. Жозе Моуриньо шогирдлари А Сериянинг охирги баҳсида Туринда “Торино” меҳмони бўлади.
Йилнинг энг муҳим ўйини эса 25 май куни Албаниянинг Тирана шаҳрида Нидерландиянинг “Фейеноорд” клубига қарши бўлади. Конференциялар лигасининг финалида “Рома” ғалаба қозонса, Элдор Шомуродов Европадаги биринчи совринини қўлга киритади.
"Олимпико"даги сўнгги голни урган Шомуродовнинг ўйини қандай баҳоланди?
Шомуродов “Венеция”ни қуйи лигага жўнатворди!
Легионеримиз ўзига Европанинг кучли лигаларига йўл очмоқда!
Шомуродов ва Перес ўрнига “Рома” иккита зўр ҳужумчи оляпти!
Моуриньо келишилган ўйинларга кўнмади
“Рома”нинг пўстагини қоқамиз!
Шомуродов, энди сенга янада қийин бўлади!
Фикрлар