Шомуродов гол урган дарвозабон ПСЖдан кетадиган бўлди
“Барселона” тарбияланувчиси ҳисобланган истеъдодли дарвозабон Арнау Тенас каталонияликларнинг биринчи жамоасидан жой тегмаганидан кейин 2023 йилнинг ёзида эркин агент мақомида ПСЖга ўтганди.
Бироқ 23 ёшли посбонга Париж суперклубида ҳам жой йўқ. Италия терма жамоаси дарвозабони Жанлуижи Доннарумма ПСЖдаги ўрнини ҳеч кимга бермаяпти.
Яқинда ПСЖ Россиянинг сўнгги йиллардаги энг кучли голкипери Матвей Сафоновни трансфер қилганидан кейин Арнау Тенаснинг асосий таркибдан жой олиш ҳақидаги умидлари пучга чиқди.
Тенас бу вазиятдан қутилиш учун ёзда бошқа клубга ўтишга қарор қилди. Испаниялик голкипер ёшларга катта эътибор қаратадиган “Лейпциг”га ўтмоқчи. Бу жамоанинг асосий дарвозабони Петер Гулачи ёзда бошқа клубга ўтиб кетиш эҳтимоли катта. Тенас венгриялик футболчи ўрнини эгалламоқчи.
Арнау Тенас Париж Олимпиадасида Испания терма жамоасининг асосий дарвозабони вазифасини бажарди. Ўзбекистон терма жамоасига қарши ўтказилган беллашувда Элдор Шомуродов Тенаснинг дарвозасини пенальтидан ишғол қилди. Бу ўзбек футболчиларининг Олимпия ўйинларидаги илк гол сифатида тарихга кирди.
Фикрлар